Нафсига қул инспекторлар ёхуд фоҳишахонага айланган таълим муассасаси
Таълим муассасаси зиё тарқатувчи маскан. Бу ерда фарзандларимиз қалбига, онги-шуурига фақат яхши хислатлар сингдирилади. Таълим берилади, катта ҳаётга учирма қилинади. Афсуски, мана шундай пок жойни фоҳишахонага айлантираётган, бунинг учун шароит яратиб бераётган, энг ачинарлиси, шу разилликни кўра туриб унга кўз юмаётганлар ҳам учраб турибди, деб ёзади “Постда” газетаси.
2016 йилнинг октябрь ойи. Чамаси кечки тўққизлар. Чортоқ туманидаги Короскон иқтисодиёт коллежи олдига “Дамас” автомашинаси келиб тўхтади. Ундан беш киши тушиб, тўғри коллеж дарвозаси олдига борди. Бу вақтда қоровулхонадан бир киши чиқиб, уларни қарши олди.
- Ака, буёғи энди келишганимиздек..., - ташриф буюрганлар орасидан бир йигит шундай деганча қоровулга юзланди.
- Бўпти, тез ичкарига киринглар. Тағин битта-яримта кўриб қолмасин, - деди қоровул уларга дарвозани очиб.
“Меҳмонлар” шошилганча ўзларини ичкарига уришди. Қоровул уларни тўғри ўз иш жойи – қоровулхонага бошлаб борди. Бирпасда олиб келинган егулик ва ичимликлар ўртага қўйилди. Уч йигит ва икки нафар аёлдан иборат жамоа шакаргуфторликни бошлаб юборди. Орадан 15-20 дақиқалар ўтгач, улардан бир йигит ва аёл даврадан чиқиб, иккинчи қаватга, коллеж кутубхонаси жойлашган хонага кўтарилди. Қолганлар базмни давом эттирди. Улар хуфёна учрашувимизни ҳеч ким билмади, деб ўйлашганди. Лекин бузуқиларнинг хатти-ҳаракатидан, уларнинг нима иш билан машғуллигидан коллежга унча узоқ бўлмаган ички ишлар органи таянч пункти профилактика инспектори Шуҳратжон Исматуллаев аллақачон хабар топганди. Профилактика инспектори туман ИИБдан чақирилган тунги гуруҳ таркибида коллежга кириб борди. Уч йигит ва икки ёш аёлни шармандали ҳолатда қўлга туширишди.
Профилактика инспектори уларни ички ишлар органи таянч пунктига олиб бориб, ҳолат юзасидан барчасидан тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилди.
- Шунақаям тубанликка борасанларми? Болалар, фарзандларинг таълим оладиган, ўқийдиган жойда шунақа ифлос ишларни қиласанларми? – профилактика инспектори уларга дашном бера бошлади. – Ҳаммангни қамаш керак. Нима номаъқулчилик қилган бўлсаларинг, барини қолдирмасдан ёзинглар.
- Ака, илтимос, бизни кечиринг. Шўхлик қилиб қўйдик-да, шарманда бўлмайлик, - йигитлардан бири Санжар Қорабоев (исм-шарифлар ўзгартирилди) профилактика инспекторига ялинди.
- Буни аввалроқ, кутубхонада бузуқилик қилмасдан олдинроқ ўйлаш керак эди.
Профилактика инспектори уларнинг барчасидан тушунтириш хати ёздириб олди. Кейин спиртли ичимлик истеъмол қилганини тасдиқлаш учун уларни туман тез тиббий ёрдам бўлимига олиб борди. Барчасидан таҳлил олиниб, уларнинг спиртли ичимлик ичгани тасдиқланди.
- Эртага соат тўққизда ички ишлар органи таянч пунктида бўлларинг. Яна мен ҳаммангни излаб, уйингга бориб юрмайин. Манзилинг, телефон рақамларинг бор менда, - профилактика инспектори Шуҳратжон Исматуллаев шундан деганча уларнинг кетишларига рухсат берди. Лекин нима учундир ҳолат юзасидан туман ИИБ навбатчилик қисмига хабар бериш, раҳбариятни огоҳлантириш, баённома расмийлаштириш унинг хаёлидан “кўтарилди”.
Эртасига айтилган вақтда Санжар Қорабоев, Дилмурод Акбаров ва Бекзод Иноятов ички ишлар органи таянч пункти олдида пайдо бўлди. Бироз вақт ўтгач, профилактика катта инспектори Икром Жўраев ва профилактика инспектори Шуҳратжон Исматуллаев уларни бирма-бир чақирди. Профилактика инспекторлари хонасига биринчи бўлиб Санжар Қорабоев кирди. Ярим соатлардан кейин у хонадан чиқди-да, шерикларига бир қараб олиб, лом-лим демасдан уйига равона бўлди. Ундан кейин навбат Дилмуродга келди.
- Бу ҳам кечаги “хўроз”лардан бирими? – деди профилактика катта инспектори Икром Жўраев ҳамкасби Шуҳратжон Исматуллаевга қараб. – Хўш, сени нима қиламиз энди? Кечаги бузуқиликларингни уйдагиларингга айтдингми ё ўзимиз етказайликми?
- Йўқ, айтмадим. Ака, илтимос, ҳеч ким билмай қўя қолсин, - деди Дилмурод ёлвориб.
- Бу ишларинг учун аниқ қамаласанлар, бир гуруҳ бўлиб коллежнинг кутубхонасини фоҳишахонага айлантиргансанлар.
- Жон ака, ёрдам беринг. Тавба қилдим, ёшлик қилиб шу ишга аралашиб қолдим...
- Шунақа де. Унда..., - профилактика инспектори паст овозда секин гапирди. – Шу ишларимни ҳеч ким билмасин десанг, 500 минг сўм берасан.
- Ака, менда бунча пул...
- Бузуқилик қилишга пулни топибсан-ку. Ҳой, эркак бўл. Айб қилдингми, эркак бўлиб жавоб бер. Ана, шеригинг Санжар 100 доллар бериб чиқиб кетди.
Дилмурод чўнтагини ковлаб, бир пачка пулни чиқарганча столга қўйди:
- Ака, топганим шу...
- Бу кам. Ўша куни сенларни ушлашга борган тунги гуруҳда беш киши бўлган. Барчасини рози қилиш керак, - деди Ш.Исматуллаев. – Бор, сенга бир кун муҳлат, қолганини ҳам олиб кел. Бўлмаса, ҳужжатлар терговга, судга оширилади. Уйланганмисан?
- Ҳа...
- Унда оиланг, уйдагиларинг олдида шарманданг чиқади. Охири қамалиб ҳам кетасан. Сенга шу керакми?
Дилмуроддан кейин Бекзод Иноятов ҳам ички ишлар органи таянч пунктига кириб чиқди. Унга ҳам бир кун муҳлат берилди.
Орадан бир кун ўтди. Дилмурод билан Бекзоднинг уяли телефонига профилактика инспектори Ш.Исматуллаев қўнғироқ қилиб, қолган пулни олиб келиб беришни, бўлмаса ишлари судга оширилишини айтиб таҳдид қила бошлади. Улар эса пулни топганлари заҳоти олиб боришларини айтишди. Лекин иккаласи ҳам пул топа олмади. Шундан кейин профилактика инспектори кетма-кет қўнғироқ қила бошлади. Охири тоқати тоқ бўлган Дилмурод ва Бекзод қўнғироққа жавоб бермай қўйишди. Орадан икки кун ўтиб, ўша куни кутубхонада бузуқилик қилган аёллардан бири Гулшода Дилмуродга қўнғироқ қилди. Дилмурод ҳадиксираганча телефонни қулоғига тутди.
- Ҳой Дилмурод, нега профилактика инспекторининг қўнғироғига жавоб бермаяпсан? У мени тинч қўймаяпти. Сўраган пулини бериб қутулмайсанларми? – деди Гулшода заҳархандалик билан.
- Атаганимни бердим, бошқа пулим йўқ унга берадиган.
- Яхшиликча унга сўраган пулини беринглар, шу иш ёпди-ёпди бўлиб кетсин. Умида иккимизни чақириб, тинч қўймаяпти.
- Майли. Пул излаб кўрайлик...
Яна бир кун ўтди. Бу вақтда профилактика инспектори Дилмурод ва Бекзодга тинимсиз қўнғироқ қилди. Улар бу гал ҳам қўнғироқларга жавоб беришмади. Кутилмаганда Дилмуроднинг уяли телефонига Гулшодадан СМС хабари келди: “Агар ҳозирнинг ўзида ички ишлар органи таянч пунктига келмасанг, уйингга бориб ётиб оламан. Хотининг, ота-онангнинг олдида шармандангни чиқараман. Шуни хоҳлайсанми?”
Бундай таҳдид Бекзод Иноятовга ҳам бўлди. Уларнинг олдида иккита йўл қолганди: ё қаердандир пул топиб, уни профилактика инспекторига етказиш ёки шарманда бўлиб, қилмиши учун жазосини олиш. Лекин улар бошқа учинчи йўлни танлашди...
Иккови ички ишлар органи таянч пунктига кириб боришди.
- Ака, топганимиз шу бўлди. Ҳозирча шуни олиб туринг, - деди Дилмурод 100 минг сўм пулни столга қўяркан.
- Ҳей, сенлар яхшиликка кўнмайдиганга ўхшайсанлар. Бир марта адашибди, кечириб қўя қолайлик, деб яхшилик қилмоқчи бўлдик, ўзларингдан кетиб қоляпсанлар, - деди жаҳл билан профилактика катта инспектори Икром Жўраев.
- Икром ака, пул топиш қийин бўляпти.
- Қулоққа лағмон осаман деб ўйлама, ўзингни мана бунда кўрасан, - профилактика инспектори шундай деганча бармоқларини панжара қилиб кўрсатди. – Қолгани қачон бўлади?
- Шу бугун кечқурун ҳал бўлади. Бир киши қарзга пул бераман деганди.
- Яна йўқ бўлиб кетсаларинг, мендан яхшилик кутмаларинг. Бор, йўқолларинг.
Шу куни кечки пайт Дилмурод яна ички ишлар органи таянч пункти биноси олдида пайдо бўлди. У ваъда қилган пулни олиб келганди. Хонада фақат профилактика катта инспектори Икром Жўраев бор экан. Дилмурод хонага тўғри кириб бориб, столга пулни қўйди.
- Бўлар экан-ку, - деди профилактика катта инспектори пулни оларкан кулимсираб.
- Икром ака, энди гапингизда туриб ишни ёпинг. Биз ёзиб берган тушунтириш хатларини, қолган ҳужжатларни қайтариб беринг.
- Ие, буйруқ беряпсанми? – деди Икром Жўраев кулиб. Кейин шошиб турганини айтиб кетишга чоғланди. – Бўлди, хавотир олма. Ҳужжатларни судга юбормайман. Эртага ишга доир ҳамма ҳужжатларни йўқ қиламан. Кўнглинг жойига тушдими?
Иккаласи хонадан чиққач, Икром Жўраев машинасига ўтириб, автомобилларга газ қуйиш шохобчасига йўл олди. Машина шохобчага кириб тўхтаган ҳам эдики, ортидан тўрт киши етиб келиб уни ашёвий далил – бироз олдин Дилмурод Акбаровдан олган 200 минг сўм пул билан қўлга олди. И.Жўраев айбини тан олмай, пулни шунчаки Дилмурод Акбаровдан қарз сифатида олганини, 22 октябрь куни коллежда бўлиб ўтган воқеалардан хабари йўқлигини таъкидлади. Аммо барча ашёвий далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларидан кейин у лом-мим дея олмади.
И.Жўраевнинг пора билан қўлга тушганини профилактика инспектори Шуҳратжон Исматуллаев эшитди-ю, ҳаловати бузилди. Қандай чора кўришни билмай боши қотди. Ахир, олти кун аввал содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан нега жиноят иши очилмаган, туман ИИБ навбатчилик қисмида рўйхатга олинмаган дейишса, раҳбарларига қандай жавоб беради? Ўйлай-ўйлай, ниҳоят, бунинг чорасини топгандек бўлди.
Шу куни эрталаб маҳалла посбонига қўнғироқ қилиб, тезда маҳалла идорасига етиб келишни тайинлади. Шоша-пиша етиб келган посбонга:
- Набижон, 22 октябрь куни маҳалламизда яшайдиган Дилмурод Акбаров ва Бекзод Иноятов жанжал қилиб, ҳуқуқбузарлик содир этишибди. Ҳозир хабар топдим. Шунга улар аҳолининг тинчлигини бузгани юзасидан чора кўриш мақсадида туман ИИБ бошлиғи номига ариза ёзиб беринг, - деди.
- Олти кун аввалги ҳуқуқбузарлик бўйича энди ариза ёзамизми? Шунақа қилса бўладими?
- Сиз ёзаверинг, буёғини ўзим ҳал қиламан.
Бир амаллаб ариза ёздириб олган Ш.Исматуллаев тезда туман ИИБга чопди. Аризани канцелярия ва навбатчилик қисмидаги китобларга 23 октябрь санаси билан рўйхатга олишга эришиб, олти кун олдинги хатосини тўғирлаган бўлди. Лекин тергов жараёнида профилактика катта инспектори И.Жўраев ва профилактика инспектори Ш.Исматуллаевнинг барча айбларини ўз исботини топди. Улар жиноятни яширгани етмагандек, фуқаролардан тамагирлик йўли билан олгани, уларни қонунбузарлик содир этишга ундагани учун қонун олдида жавоб беришди.
Мавзуга оид
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024
Наманганда поезд билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
17:35 / 11.11.2024