Хоразм вилояти ҳудудида 1 млн. 800 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, фуқаролар ва юридик ташкилотлар ўртасида кунига минглаб мулкий муносабатлар амалга оширилади ва уларнинг муайян қисми ҳуқуқий тартибда амалда расмийлаштирилиши лозим бўлсада, ҳуқуқий саводхонликнинг етарли эмаслиги, томонларнинг ўзаро ишончи ёки эътиборсизлиги натижасида салбий оқибатлар юзага келади. Хоразм вилояти прокуратураси бу борада қатор тавсиялар берди.
2 тараф ҳам азият чекиб, мубоҳаса юзага келгач, низонинг калавасини ечиш нечоғлик қийинлигига эътибор беринг. Мулк ҳуқуқига эга бўлган тараф мулкидан маҳрум бўлиб, даъво қилса, мулк ҳуқуқини ноқонуний қўлга киритган тараф суриштирув-тергов органининг мункирига айланади.
Даъвогар мулкини қайтара олмаса, фирибгар эса суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилиб, оқибатда 2 тарафнинг яқинлари ҳам очин-тўқин аҳволда қолса...? Қолаверса, ушбу муносабатларга киришган ака-укалар, қариндошлар, яқин дўстлар ва танишлар ўртасидаги алоқалар қайта тикланмас даражада оилаларнинг бузилиб кетишига олиб келмоқда.
Биргина Хоразм вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 2017 йил давомида 500 га яқин фуқароларнинг фирибгарликка оид мурожаатлари келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 348 таси (70%) юзасидан фирибгарликка оид жиноят ишлари қўзғатилган.
“Фирибгарлик” - (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси санкциясида - ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) жиноят ишлари доирасида 37 та ҳолатда қарз олиб, қайтариб беришни, 36 тасида уй-жой ва бошқа биноларни, 30 тасида автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олишни, 33 тасида ўқишга ва ишга киртишда ёрдам беришни, 22 тасида қорамолни сўйиб сотиб пулини кейинроқ беришни, 16 тасида тилла тақинчоқларни сотиб беришни, 11 тасида пластик карточкадаги маблағини нақд қилиб беришни, 11 таси банкдан арзон нарҳда АҚШ доллари олиб беришни ҳамда қолган 152 таси бошқа масалаларда ёрдам беришни айтиб, қилган ваъдаларига ишониб, 500 дан ортиқ фуқаролар алдовлар қурбони бўлганлар.
Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят судига ўтган давр мобайнида қарз ундириш, ҳадя шартномаси, уй-жой олди-сотдиси ва бошқа масалалар билан боғлиқ 1000 дан ортиқ низоли ишлар кўрилган. Ушбу ҳолатларда ҳам томонлар ўзаро ишонч асосида муносабатга киришган бўлсалар-да, мажбуриятни бажариш вақтига келиб, биринчи томон ўз мажбуриятини бажармаганлиги иккинчи томоннинг судга мурожаат қилиб, сарсон-саргардон бўлишига олиб келмоқда.
Энг ачинарлиси, суд натижасида ундирув мажбурий ижрога қаратилгач, 221 та ҳолатда 3 млрд. 105 млн. сўмлик ижро ишлари қарздорнинг мулки йўқлиги, низоли пул маблағлари ва мулкини ундириш имкони йўқ деб топилиб, ижро ишлари даъвогарларга қайтарилган.












