Хоразмда яна рейдерлик. Шоликорлар ҳосилини тортиб олиш оммавий тус олганми?
Kun.uz'га хоразмлик тадбиркор Руслан Қаландаровнинг шолисини тортиб олишга уриниш жараёни акс этган видео келиб тушди. У бир неча кун олдин бизга интервю берганди. Хоразм ва Қорақалпоғистондан келадиган бундай хабарларни таҳлил қилсак, у ерларда шоликорларнинг шолисини тортиб олиш одатий ҳолга айланган. Бу ҳудудларда “мафия қоидалари” ишлайдими?
Тадбиркорнинг бизга айтишича, 14 октябр куни унга тегишли бўлган дала бошига Урганч тумани агроинспекция бошлиғи Музаффат Тажиев, Хоразм вилояти ИИБ криминалистика бўлими бошлиғи Санжар Нуржанов, ҳудуд профилактика инспектори Маҳмуд Юсупов – бир неча машина бўлиб “текширувчилар” келишган, шоли ўрими жараёнини тўхтатишган ва тадбиркор кластер билан шартнома тузмаса, шолини ўриб олишга имкон берилмаслигини айтишган.
Қаландаровнинг сўзларига кўра, “кластер раҳбари” ҳам ўша ерда ҳозир-у нозир бўлган: у билан тадбиркор ўртасида жойида шартнома туздириш учун. Тадбиркор ундан кимлигини сўраганда, “фермер хўжалигиман” деб жавоб берган.
“Ҳудудимиздаги комбайнчилардан “Kiva-Group'нинг шолисини ўрмайман” деган мазмунда тилхат олишибди”, дейди у.
Тадбиркор Руслан Қаландаров – ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашиб келаётган, чет элда тажриба орттириб, она юрига қайтиб келган тадбиркор-деҳқон, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган инвестор.
Русланга қараб, ўта хавотирли хулосалар чиқараман: агар у каби – ўқимишли, тажрибали, ҳақ-ҳуқуқини танийдиган тадбиркорки ўз маҳсулотини маҳаллий рейдерлардан ҳимоя қилиши шу даражада қийин бўлаётган бўлса, ҳудудда фаолият юритаётган бошқа деҳқон ва тадбиркорларнинг аҳволи нечук?! Барча тафсилотлар шуни айтиб турибдики, бошқаларнинг ҳосиллари бемалол тортиб олинаётган бўлиши мумкин.
Ва табиий савол пайдо бўлади: бундай вазиятда, бундай муҳитда қишлоқ хўжалиги соҳасини бозор релсларига қандай ва қачон ўтказамиз? Бундай муҳитда кучли тадбиркорлик хўжаликларини қачон юзага келтира оламиз?
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
15:09
Қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва бўлими бошлиғи лавозими тугатилади
11:47
BBC ўзбекистонлик тадбиркор — Дилором Йўлдошевани «дунё бўйлаб илҳомлантирувчи ва нуфузли 100 аёл» рўйхатига киритди
21:47 / 02.12.2024
АҚШ Хоразмдаги педофил амалдорларга санкция киритди
10:41 / 30.11.2024