Ўзбекистон биринчи президентининг биринчи ва сўнгги давлат котиби Раҳим Ражабовнинг таниқли журналист Ирисмат Абдухолиқов томонидан ёзиб олинган хотиралари ЎзА'да эълон қилинди. Қуйида ушбу мақола тўлиқ ҳолда тақдим этилади. 

Фото: ЎзА

Ўшанда бизда давлат бошқаруви тарихида кутилмаган қалтис вазият рўй берди. Президент ҳатто Ўзбекистон телевидениеси орқали чиқиш қилиб, "пулинглар бўлса мол-жон сотиб олинглар, ушлаб турманглар, сарфланглар", деб тўғридан-тўғри халққа мурожаат қилди. 

Россия эски пулининг ўрнига бир неча ҳимоя воситасига эга бўлган янги пулини чиқарди. Олди-сотдига жорий этилди, лекин Ўзбекистонда ҳали ҳеч кимда бундай пул йўқ эди. Одамлар қўлида бўлган эски 50 рублликлар бир кечада куйиб кетди. Ўшанда бозор иқтисодиётига ўтишни, мустақил иш фаолияти юритишни энди бошлаган қанчадан-қанча одамлар қўлида кўк рангли даста-даста пуллар фақат тандир-ўчоқда ёндиришгагина ярайдиган оддий бир қоғозга, “писта пўчоқ”қа айланди-қолди. 

Ўз пулимизнинг йўқлиги иш самарадорлигига ҳам таъсир кўрсата бошлади. Бундай вазиятда нима қилиш керак, деган савол Ислом Каримовга тинчлик бермай қўйди. Биласизми, шундай мураккаб бир пайтда буюк саркарда Амир Темур ёрдамга келди, десам, ҳеч муболаға бўлмайди. Аниқроқ айтганда, Соҳибқироннинг маблағи тугаб қолгани, ҳатто аскарларга берадиган нафақа пули ҳам йўқлиги ҳақида дунёнинг қайсидир мамлакатидан чопар орқали Самарқандга йўллаган мактуби ва унга суюкли ёри, маслаҳатчиси Бибихонимдан келган жавоб Ислом Каримовнинг ёдига тушди. Буюк Амир Темурнинг ақлда тенгсиз, суюкли рафиқаси Бибихонимнинг “Амирим, ҳа, агар пулингиз йўқ бўлса, ақлингиз ҳам йўқми, унга нима бўлган?!” деган сўзлари Ислом аканинг бу масалага ечим топишига катта туртки берди. 

Шу гапларни ёзяпман-у, Ислом Каримовнинг мустақилликнинг дастлабки йилида хорижга қилган ташрифлари ёдимга тушади. Пул ислоҳотидан бир-икки йил бурун Ўзбекистон Президенти аввал Ҳиндистонга, сўнг Туркияга расмий ташриф билан борди. Хорижий сафарга кетиш арафасида делегация аъзоларига “ведомост”га қўл қўйдириб, Ҳиндистонга бўладиган уч кунлик сафарга 16 доллар, Туркияга эса 21 доллар миқдорида хизмат сафари ҳақи берилган эди. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам пул танқис эди. Одатда, пул йўқ бўлса, олди-берди ҳам тўхтайди. 

“Пул йўқ, хўш, нима қилиш керак?”, деб боши қотиб турган Ислом Каримовнинг хаёлига ярқ этиб бир фикр келади. Ҳа, пули бўлмаса ҳам илгари сўнгги мисқолигача Марказга жўнатилган, пулдан ҳам аълороқ, бутун жаҳон ҳисоблашадиган олтини бор-ку Ўзбекистоннинг! Лекин Ўрта асрларда бўлгани каби олтинни чўнтакка солиб олиб юриб бўлмаса, унга дўкондан бирор нарса харид қилиш имконсиз, хорижий аэропортларда ёнилғи учун ҳисоб-китоб қилиб бўлмайди! Яна хаёлларга чўмди Президент “Нима қилиш керак?”