Спорт | 15:30 / 21.01.2018
23209
8 дақиқада ўқилади

Неймарнинг ўрнини билинтирмаётган футболчи

Аргентиналик ва бразилиялик футболчиларнинг бир жамоада аҳил бўлиб ўйнай олмасликлари ҳақидаги афсоналарданда аҳмоқона фикрлар бўлмаса керак. Марадонанинг ўз вақтида Карека-ю Алемао билан ажойиб учлик ҳосил қилганини унутдик деб тасаввур қилатурайлик, «Барселона»даги Алвеш ва Месси боғлами бундай иддаоларни беш йил давомида чилпарчин қилганди. Икки мавсумда Алвеш-Месси жуфтлиги биргаликда яратиш бўйича Лигада пешқадамлик қилганди. 

Майдондаги бундай самарали боғламнинг сири ўзаро дўстлик остида эди. Йигитлар ўйинлардан олдин ҳам биргаликда чигалёзди қилишар, тўпни ерга туширмасдан 40 метр масофага бир-бирларига оширишарди. Алвеш Барселонани тарк этганда, энди жамоа ҳеч қачон бундай футболчи топа олмаслигини Месси айтганида нақадар ҳақ бўлганини кейинги мавсумлар кўрсатиб берди. Алвешсиз ўтган икки йилда «Барселона» ўнг қанотга уч футболчини синаб кўришга улгурди — Серхи Роберто, Видал ва Семеду — аммо уларнинг ҳеч қайсиси Алвешнинг ўрнини тўлақонли боса олмади. 

«Мен доим Алвеш билан ёнма-ён эдим — ечиниш хонасида ҳам, машғулотларда ҳам, майдонда ҳам. Биз узоқ йиллар бир қанотда тўп сурдик ва бир-биримизни жуда яхши тушунардик», — деб соғиниб эслайди Лео.  

Бу боғлам ҳатто Пеп Гвардиолани ўз схемасини ўзгартиришга мажбур қила олганди — 4-3-3 ни ёқтирган Пеп Алвешнинг ҳужумга чиқиб кетаверишини инобатга олиб, кўпроқ 3-3-4 га ўзгатирганди — бу схемада Алвеш деярли 3 ҳужумчи билан бир чизиқда тўп сурганди. 

«Камп Ноу»даги ўйинлардан бирини стадионда томоша қилган машҳур инглиз футбол таҳлилчиси Майкл Кокснинг сўзларига эътибор беринг: «Фақат стадионда туриб Алвешнинг бу ролга нақадар мос эканини кўриш мумкин. Унинг ақлбовар қилмас энергияси бутун қанотни ёпиш имконини беради ва у жуда юқори темпда Мессига голли узатмаларни амалга оширишга ҳам улгуради».

Айнан бразилиялик футболчи Мессига энг кўп голли узатма амалга оширгани билан тарихга кириб улгурган. Ҳали ҳеч ким унга етиб ололмаса керак. 

Месси — Алвешни фақат иқтидор эмас, футболни бир хил тушуниш ҳам бу даражада юқорига кўтариб турарди. Месси фаолиятининг дастлабки йилларида қанотдан жарима майдонига кириб боришни хуш кўрарди, ўша пайтларда Алвеш мувозанатни сақлаш учун марказни ёпар, кейинчалик, Месси кўпроқ марказга ўтиб ўйнай бошлаганда, Алвеш қанотда фаоллашди.

Алвеш 2009/10 йилги мавсумда 6та, 2010/11 йилги мавсумда ҳам 6та, 2011/12 мавсумида эса 7 марта Мессига голли узатма амалга оширганди. 

Бошқа қанот ўйинчиси билан бу қадар яқин боғлиқликни Месси ҳис қила олмаётганди. То жамоага Эрнесте Вальверде мураббий бўлиб келмагунча.

Қизиғи, Мессига бу сафар ҳам бошқа бразилиялик футболчи «ёрдам берди». Неймарнинг жамоани тарк этиши «Барселона» футболчиларининг янада зичроқ ва фойдалироқ ҳаракат қилишларига сабаб бўлганини кўпчилик сезиб улгурди. Индивидуал томондан эса, Неймарнинг кетиши Жорди Албанинг очилишига сабаб бўлди.

«Неймар — буюк футболчи, албатта унинг кетиши жамоага салбий таъсир қилгани шубҳасиз. Аммо шахсан менинг ўйиним учун бу фойдали бўлди. Энди мен кўпроқ ҳужумга қўшилишим мумкин ва менда бунинг учун каттароқ зоналар мавжуд. Натижаларга қарасак, жамоа ҳам у қадар катта йўқотишга учрамаганини кўриш мумкин», - деганди ҳимоячининг ўзи. 

Бу ерда гап фақат Неймарнинг кетиши Албада ишонч уйғотганида эмас, аслида, бразилиялик футболчининг ўйин услуби Албанинг ҳужумдаги ўйинига салбий таъсир қилаётганди. Кўпроқ тўпни қабул қилиш, дриблинглар учун кўпроқ зоналарга эга бўлиш учун Неймар имкон қадар кенгроқ очилар, яъни қанотни эгаллар, бу эса, Албанинг ҳаракатларини чеклаб қўярди. 

Бундан ташқари, Неймар ҳимояга кўп ёрдам бермасди, қарши ҳужумга тайёрланиш учун аксарият ҳолда олдинроқда қолишни афзал биларди. Бу ҳам Албанинг ҳужумкорлик имкониятларига зарар, чунки ўз қанотида икки футболчи учун ҳимояланган Жордида ҳужумкорлик учун куч қолмасди, деярли.

Янги «Барселона»да Неймарнинг ишини бажарадиган алоҳида футболчи йўқ, шунчаки бошқа футболчиларнинг роли ўзгарди. Чап қанотга яқин жойлашадиган Иньеста ёки Гомеш давомли тарзда марказга ўтиб у ерни зичлаштиришади ва Албага қанотларда бўш зоналар ҳосил қилишади. Жамоа тўпсиз қолганда эса, бу футболчилар тезлик билан чап қанотни тўлдиришга ҳаракат қиладилар — бу ҳам Албанинг янада бемалолроқ ҳаракатланиши учун шароит туғдиради.

Месси амплуасининг ўзгариши Албанинг ҳужумдаги устунликларини янада оширди. Валверде қўл остида Месси янада кўпроқ марказдан ҳужум бошламоқда, бу эса, рақиб ҳимоясидаги катта кучнинг марказга йўналишига, ўз-ўзидан Алба тўп сурадиган чап қанотда бўшлиқлар пайдо бўлишига замин яратмоқда. Мессининг орқароқдан ҳужум қилиши мувозанатни ҳам бузмайди, Паулиньо бу вазиятларда ҳужумчига айланади. Паулиньонинг жарима майдонига кириб бориши рақибни янада чалғитади, Мессининг тўп билан ҳаракатда давом этишига шароит яратилади, Месси эса, тўпни қанотдан очилган Албага етказиб беради. 

«Мессидек футболчи жамоамизда бўлиши биз учун бахт. Биз доим нигоҳларимиз билан бир-биримизни қидирамиз, бугун эса, бундай иш икки марта содир бўлди. Умид қиламанки, бизнинг ўзаро боғламимиз янада ривожланиб боради», - деди «Сельта» билан ўйиндан сўнг Жорди Алба.

Ўша ўйинда Алба икки маротаба Мессига голли узатмани амалга оширди. Шунингдек, айнан Мессининг заргарона тўп оширишидан сўнг, ўзи ҳам гол урди.

Агар Жордининг умиди рўёбга чиқса, биз Алвеш-Месси жуфтлигининг янгича талқинини кузатишимиз мумкин бўлади. 2010/11 йилги мавсумида Алвеш Ла Лиганинг ўзида Мессига 7 ассистни амалга оширганди. Жорди Алба ҳозирданоқ бу натижани такрорлади, фақат барча мусобақаларни ҳам қўшган ҳолда. Аммо бу билан Алба ўз рекордини урди, аввалги 5 мавсумда у Мессига фақат 5 маротаба ассист амалга оширганди холос.

Бугунги тандемнинг буюклиги оддийликдадир. Месси марказда туриб, Албани тўп билан таъминлагач, испаниялик ҳимоячи тўпни яна Мессининг ўзига етказиб беради. Аслида, бу жуфтлик футболдаги оддий ва олтин статистик қоидани исботлаяптилар холос — қанотдан дарвозабон майдонига тўп оширишдан кўра, орқароққа, зарба бериш учун тўпни шеригига ошириб берилганда, гол бўлиш имкониятига сезиларли даражада кўп экан.

Месси тўпни Албага ошириш орқали, ўзи ҳам яқин таъқибдан халос бўлади. Ҳимоячи ўз диққатини тўпга қаратаётган пайтда, тезлик билан Месси таъқибдан қутилади ва Албанинг узатмасини қабул қилади.

Тасодифни қарангки, Албанинг юксалиши унинг фастфуд ва кока-коладан воз кечган пайтига тўғри келди. Уч йил олдин Месси ҳам худди шу диетага ўтирган ва ўша мавсумда «Барселона» требл ютганди. Албанинг «Барселона» ўйинига таъсири Мессичалик катта эмасдир тўғри, аммо у Мессига ажойиб шерик бўлиш орқали, уни янада кучли қилиши мумкин. 

Eurosport материали асосида Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид