19:10 / 22.01.2018
11860

«Мўъжиза болакай»: Алексис Санчес фаолиятига назар

Қишки трансфер даричаси Алексис Санчеснинг «Манчестер Юнайтед»га ўтиши ҳақидаги хабарлардан ташкил топган қанақадир мусиқа садолари остида ўтяпти, деб бемалол айтиш мумкин. Венгер айтишича ушбу трансфернинг ҳал бўлиши учун қолган 48 соатнинг ярми ҳам ўтди, биз эса кутишда давом этяпмиз. Бу жараён бизни зериктириб қўймаслиги учун келинг, чилилик футбол юлдузининг фаолиятига яқиндан назар ташлаймиз. Бизга бу борада UEFA.com ёрдам беради. Сайтда Алексис Санчес билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар тақдим этилди.  

Шараф сари йўл

Niño Maravilla – «мўъжиза болакай» лақабли футболчи «Удинезе» 2006 йилдаёқ кўз остига олиб қўйганди, қаҳрамонимиз у пайтларда «Чили»нинг «Кобрелоа» клубида тўп сурарди. 17 ёшли Санчес билан шартнома имзолаган Италия клуби уни Жанубий Америкада қолдирди ва аввалига «Коло-Коло»га, кейин эса, Аргентинанинг «Ривер Плейт» клубига ижарага берди. 

2008 йилнинг ёзида Алексис Европага келади ва дастлабки икки йилни жуда яхши ўтказди. Кейин эса, унинг Антонио Ди Натале билан ҳужумдаги жуфтлиги бутун Европанинг оғзига тушди. 2010/11 мавсумда «Удинезе» айнан шу тандемнинг сермаҳсул ўйинлари эвазига А Серияда 4-ўринни олади ва Чемпионлар Лигаси саралаш босқичига йўлланма олади.

Ўша мавсумда Санчес 12 гол муалифи бўлди. Унинг «Палермо» дарвозасига сафар ўйинида амалга оширган покери эса, Италия чемпионати тарихига меҳмон жамоа ҳужумчисининг илк покери сифатида тарихга қайд этилди.  

2011 йилнинг июлида у 26 миллион евро эвазига «Барселона» футболчисига айланди. Испаниядаги ўзининг дебют мавсумида суперкубок, Испания кубоги ва чемпионлиги, шунингдек, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлигини ютишга муваффақ бўлди. «Алексис менинг қалбимни забт этди ва унинг Барселонага келишидан бахтиёр бўлдим. У жуда камтар, шу билан бирга «Барселона»ни сезиларли кучайтирди» – деганди ўшанда Пеп Гвардиола.  

2012/13 мавсумида Санчес «Барселона» билан яна Испания чемпиони бўлди ва жамоага ўз тарихида биринчи марта 100 очколик довонни забт этишда ёрдам берди. «Бу ерда ўзиники бўлиб қолиш осон эмас. Аммо Алексис буни уддалади» – деб баҳо берди клубда Гвардиоладан кейин бош мураббий бўлган Тито Виланова. 

Санчеснинг Барселонадаги энг сермаҳсул мавсуми 2013/14 га тўғри келади. Херардо Мартино қўл остида чилилик ҳужумчи Ла-Лигада 19, барча мусобақаларда 21та гол уришга муваффақ бўлган. Аммо ўша мавсум жамоа учун у қадар омадли чиқмади. Испания кубоги финалида клуб «Реал»дан ютқазди, Испания чемпионатидаги сўнгги турда эса, айнан Санчеснинг голи «Барселона»га чемпионликни совға қилиши мумкин эди. Аммо «Атлетико» ўша ўйинда ҳисобни тенглаштиришга эришиб, чемпионликни илиб кетганди. Мадридликлар бош мураббийи Диего Симеоне билан Санчес «Ривер Плейт»да бирга ишлаганини таъкидлаш лозим. 

Интернетдаги сўровномага кўра, Санчеснинг 2013 йилда «Реал» дарвозасига киритган голи Эл Классиколардаги энг чиройли гол сифатида қайд этилган. Ўшанда чилилик ҳужумчи парашют усулида мадридликлар дарвозасини нишонга олганди. Унинг ўша голи Месси, Роналдиньо, Марадона ва Ромарионинг голларини ортда қолдирган. 

2014 йилда Санчес «Арсенал»га ўтди ва вингер эмас, энди кўпроқ ҳужумчи сифатида ўйнай бошлади. Дастлабки 100 ўйинда 47 гол муаллифи бўлган Санчес худди шундай даврдаги Анрининг кўрсаткичидан атиги 1 голга ортда қолди холос. «Агар Санчес формада бўлса, «Арсенал»нинг ҳар қандай ўйинда ғалаба учун имконияти ошиб кетади» – деб баҳо берганди Тьерри Анри. 

2015 йилнинг сентябрида Алексис «Лестер «дарвозасига 3 гол урди ва Испания, Италия ва Англияда хет-трик соҳиби бўлган дастлабки футболчи бўлиб тарихга кирди. 

У ҳақида нималарни билмаймиз?

Санчес кончилар шаҳри бўлмиш Токопильяда туғилиб ўсган. Олти ёшидан машиналарни ювиб пул топа бошлаган. «У улғайган жойлар сабаб муваффақиятларга ташна бўлиб қолди. У бугунги кунларга қандай етиб келганини билади ва ҳеч қачон ўз томирларини унутмайди» – дейди Алексиснинг акаси Умберто

Илк, ҳақиқий бутсаларини Санчес 15 ёшида олган. Уни Токопилья шаҳри мэри Алексисга совға қилганди. Кейинчалик Алексиснинг пулларига бу шаҳарда бешта болалар ўйингоҳи қурилди. Чилилик футболчи доимий равишда у ердаги болаларга тўплар ва спорт формалари олиб боради. 

Санчесга ёшлигида «Олмахон» деб лақаб қўйишган экан. Сабаби, у тўп илиниб қолганда дарахтга сирғалиб чиқиб олиб тушишга жуда уста бўлган. 

Чили терма жамоасидаги шериклари Чарльз Арангис ва Эдуардо Варгас билан бирга ўз вақтида «Кобрелоа»да бирга ўйнашган. «Ривер Плейтда» эса, Радамел Фалкаога шерик бўлганди. Ўша жамоа бош мураббийи Диего Симеоне Санчес ҳақида илқ фикрлар айтган – «Менда у билан боғлиқ жуда илиқ хотиралар қолган. У ўша пайтлардаёқ энг юқори савиядаги ўйинлар учун ўзини тайёрлаб борарди»

2015 йилда Санчес Аргентина терма жамоаси дарвозасига ҳал қилувчи пенальтини уради ва терма жамоа тарихида илк бор Америка Кубоги ғолибига айланади. 2016  йилги навбатдаги чемпионлик турнирида эса, Санчес уч гол билан мусобақа тўпурарига айланган. «Менинг бу чемпионликда ҳиссам жуда кам, ҳаммасини унинг ўзи қилди. Мен унга раҳмат айтишим керак» – деганди Чили терма жамоаси бош мураббийи Марсело Бьелса.  

Унинг иккита ити бор – тилло рангри ретриверлар. Атом ва Умбер. У бу исмларни акаси Умберто яратган бир кинодаги роботларнинг шарафига танлаган. Санчес ҳатто бутсаларига ҳам бу итларнинг лақабини ёзиб олган. Ҳатто инстаграмда уларга бағишланган саҳифа ҳам мавжуд бўлиб, 150 мингдан ортиқ обуначиси бор. 

Остонадаги натижалар:

Фото: Sky Sports

Чили терма жамоаси сафидаги ўйинлар сони бўйича рекордчига айланиши мумкин. Ҳозирда у дарвозабон Клаудио Браво билан биргаликда 119 ўйинда майдонга тушиб, энг яхши кўрсаткич қайд этишган. Терма жамоа сафида энг кўп гол урган футболчи ҳам Санчес – 39 та. 

Еврокубоклардан бирини ҳали ютмаган. «Барселона» сафида УЕФА суперкубогида зафар қучган, аммо Чемпионлар Лигаси ёки Европа Лигаси ғолиби бўлиш ҳали насиб этмаган. 

У ҳақида:

«Унинг энтузиазми ажойиб. У ҳар доим бирор нима ўйлаб топиши ва ҳимоячиларни шармандали ҳолатга тушириб қўйиши мумкин (Арсен Венгер)

«Ҳатто тикланиш машғулотларида ҳам у меҳнат қилиш ва яна меҳнат қилишни тўхтатмайди. Жароҳатдан энди тикланаётган пайтларда ҳам майдонда энг яхши бўлишга интилади (Микел Артета, «Арсенал» собиқ сардори)

«Темир характер соҳиби, ҳақиқий курашчи ва туғма ғолиб. Ажойиб ижрочи, ҳозир ҳам ўз савиясидан пасаймаган» (Пеп Гвардиола)

«Мен ўз фаолиятим давомида жуда кўп ажойиб футболчилар билан бирга тўп сурганман, лекин Алексис Санчес уларнинг энг зўри бўлиб қолаверади. Мендан ҳам зўрми? Албатта! (Антонио Ди Натале)

«Мен уни илк бор кўрганимдаёқ сезганман – унинг салоҳияти жуда катта эди. Одатда ёш футболчиларда доим нимадир етишмайди, ё техника, ёки дриблинг, ёки майдонни кўра олиш қобилияти. Алексисда ҳаммаси жойида эди (Нельсон Акоста, «Кобрелоа» мураббийи)

У айтади:

Фото: Getty Images

 «Болалигимда пулдан жуда қийналардик. Онамга «Хавотир олма, бир кун мен футболчи бўламан ва барча муаммоларимиз ечилади», дердим. У фақат кулиб қўя қоларди. 

«Оёқяланг ўйнаш менинг бугунги ўйин услубим шаклланишида муҳим роль ўйнаган. Қаттиқ тошларни босиб олмаслик учун кичик қадамлар билан югуришга ўрганиб қолганман»

«Мендан кўп сўрашади: ўйин олдидан рақиб жамоа ҳимоячиларини ўрганаманми? Йўқ. Яхши нарсалар ўз ўзидан, табиий равишда рўй бериши керак»

«Кинода ўйнаш орзуим. Масалан, ақлли, зўр кийинган ва пистолет таъқиб олган изқувар ролини. Ёки НАСАда ишлайдиган ва ҳамма нарсани биладиган бирор йигитнинг ўрнида чиқсам...»

«Ҳар доим дунёдаги энг яхшилардан бири бўлишни орзу қилардим. Болали гимдан бу ҳақида айтганман. Фаолиятимни тўхтатганимда бу ҳақида орзу қилишдан воз кечаман, унгача шу йўсинда меҳнат қилишда давом этаман».

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзу
Ғолиблар тарихи
Ҳаётда ўз интилишлари ва иродаси кучи билан муваффақиятга эришган шахслар бисёр. Уларнинг ҳар бирининг қизиқ тарихи ва ҳикояси бор
Барчаси
Top