Ўзбекистон | 15:13 / 22.01.2018
43653
3 дақиқада ўқилади

Орол денгизида акула бўлганми?

Фото: Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

Орол денгизига туристларни саёҳатга олиб чиқиш билан шуғулланувчи нукуслик тадбиркор Тазабай Ўтеулиев наҳанг балиқнинг тишини топганини маълум қилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон ахборот агентлиги хабар бермоқда.

– Биз бу икки дона акула тишини Ақтумсиқда, яъни Устюрт платосининг Орол денгизига тушадиган жойида топдик, – дейди Т.Ўтеулиев. – Мутахассислардан сўрасам, наҳангнинг тиши эканини ва бу тишлар миллион йилларга тегишли эканини айтишди.

Орол денгизида наҳанг балиқлар бўлганми, деган савол кўпчиликни қизиқтирса керак. Мўйноқ туманидаги Ўлкашунослик музейида Орол денгизи соҳилидан, Устюртдан топилган наҳанг балиқларнинг шундай тишлари кўргазмага қўйилган. Хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар қизиқиб сўрашади: Орол денгизида чиндан ҳам наҳанг балиқ бўлганми?

Орол денгизи тўлиб тошган пайтларда балиқчилик билан шуғулланган мўйноқчи нуроний Алмас Тобашев бундай дейди: «Мен 40 йил Оролда балиқ овладим, балиқнинг ҳар хилини кўрдим. Денгиз тортилган йиллари уларнинг қандай қилиб ўлганларини кўрдим, лекин наҳанг балиқни кўрмадим. Мўйноқдаги музейда қўйилган наҳанг балиқларнинг тишлари қадимда Каспий билан Орол бир бўлиб турган пайтлардаги тиш бўлиши мумкин».

Наҳанг тишлари Устюрт устида ҳам топилган. Нукуслик Аяп Исмайлов бу ҳақда шундай дейди: «Устюртда 25 йилча ишладим. Шақпақти (Устюртдаги газ кони)да қадимги Тетис океанидан қолган водий бор. Ўша ерда наҳангнинг кўп тишларини топгандик. Яна бир йили германиялик талабалар билан Орол денгизи соҳилига саёҳат қилдик. Улар Орол соҳилидан наҳанг балиқнинг тишларини, жағларини топишганди. Демак, Оролда наҳанг балиқлар бўлган. Бироқ қайси даврга тегишли эканини олимлар билиши мумкин».

Илмий манбалар қадимда Каспий денгизи билан Орол денгизи бир бўлганлигини, Устюрт, Қорақум, Қизилқум сингари чўллар Тетис океанининг туби бўлганлигини тасдиқлайди. Устюртда, Қизилқумда чиғаноқларнинг кўп учраши бунинг яққол далилидир.

Википедия маълумотига кўра, Тетис океани деярли миллиард йил мавжуд бўлган( эрамиздан аввалги 850 миллионинчи йилдан 5 миллионинчи йилгача). Устюрт, Қорақум, Қизилқум сингари чўллар бўлса бундан 20-30 миллион йил илгари пайдо бўлган. Устюрт Кайнозой эраси ўрталари қолдиғи бўлиб (21 миллион йил олдин пайдо бўлган), икки материкнинг тўқнашувидан юқорига чиқиб қолган. Демак, Устюртда топилган наҳанг балиқларнинг тишлари 20 миллион йиллик тарихга эга.

Мавзуга оид