Фан-техника | 09:50 / 23.01.2018
7312
3 дақиқада ўқилади

NASA ва Boeing қанотлари букулувчи самолётни яратиш устида ишлашмоқда

NASA агентлигининг фикрича, букулувчи қанотлар келажакдаги муҳим авиация технологияси ҳисобланади. Бу технологияни амалга ошириш учун “шакл хотираси”га эга енгил материал талаб этилади. Spanwise Adaptive Wing (SAW) лойиҳаси муҳандислари айнан шундай қотишма яратишди, у оғир гидравлик тизимларсиз самолёт қаноти шаклини парвозда ўзгартириш имконини беради.

Муаммо шундаки, қанотни ўзгартирувчи гидравлик механизмлар оғир, катта ва энергия кўп истеъмол қилади, унинг устунликлари камчиликларидан кўп эмас. Шу сабабли NASA’нинг бир нечта тадқиқот марказлари ҳамда Boeing Research & Technology ва Area-I компаниялари гидравлика ва моторларни 80 фоизга енгилроқ, “шакл хотираси”га эга қотишмалардан тайёрланган ва тезлиги товушгача, товуш атрофида ва товушдан юқори бўлган самолётларда қўллашга яроқли бўлган приводлар билан алмаштириш имкониятини ўрганишга тушдилар. 

Яқинда NASA масофадан бошқарилувчи тадқиқот прототипи PTERA’нинг парвоз синовларини ўтказди. Бу прототип учлари парвоз вақтида пастга ва юқорига 0 градусдан 70 градусгача ҳаракатлана оладиган қанотлар билан жиҳозланган. Углерод композитдан тайёрланган, мураккаб телеметрия ва датчиклар билан жиҳозланган парвоз қурилмаси қаноатлари 0 градус, 70 градус пастга ва 70 градус юқорига қилиб доиравий траектория бўйича учирилган.

Қаноатларни ҳаракатлантирган приводлар қувурлари ташқи таъсирларга (кўпинча, ҳароратга) жавоб берувчи ва дастлабки ҳолатига қайта олувчи “шакл хотираси”га эга қотишмадан тайёрланган. Бу эса, мисол учун, қотишманинг бўлагини олиб уни қайириб, сўнгра қиздирса, у яна аввалги ҳолатига қайтишини англатади.

NASA’нинг фикрича, қанотларни букиш имконияти вақти келиб узунроқ ва энсизроқ қанотлар, стабилизаторлар ва дум қанотларига эга, енгил ва содда самолётларни яратишга имкон беради. Бу нафақат ёнилғи сарфини камайтиради, балки баъзи ҳаво шароитларидан “азият чекиш” ўрнига уларнинг устунликларидан фойдаланиш имконини беради. 

Рекорд даражадаги “шакл хотираси”га эга полимер хитойлик мутахассислар томондан яратилган. Қоғоздан ясалган қайиқча 60 даража ҳароратга эга сувга туширилганда икки сония ичида турна-оригамига айланган.

 

Мавзуга оид