Жаҳон | 19:33 / 28.10.2024
3125
2 дақиқада ўқилади

Ойга қўнган астронавтнинг соати 2,2 млн долларга сотилди

Ой миссияси вақтида NASA экипажи аъзоларига Omega Speedmaster соатлари берилган, аммо айрим астронавтлар ўзлари билан шахсий аксессуарларини ҳам олган. Эдгар Митчелл эса космосга ўзи билан Rolex соатини олиб чиққан.

Фото: RR Auction/NASA via collect SPACE.com

RR Auction аукционида NASA астронавти, 1971 йилда Ойга қўйган «Аполлон-14» миссияси иштирокчиси Эдгар Митчеллнинг қўл соати сотилди, деб хабар беради Space.com.

Астронавтнинг Rolex GMT-Master соати космонавтларнинг кимошди савдолари орқали шу вақтга қадар сотилган соатлари ичида рекорд ўрнатди — у 2,2 миллион долларга янги эгасини топди.

Ой миссияси вақтида NASA экипажи аъзоларига Omega Speedmaster соатлари берилган, аммо айрим астронавтлар ўзлари билан шахсий аксессуарларини ҳам олган. Митчелл Ойда Rolex соатини таққанми ёки йўқ — бу номаълум. Соатнинг орқа қопқоғига шундай ёзув туширилган: «Буни «Апполон-14»да командир Э.Митчелл таққан, 1971. Қизим — Каринга».

Соатлар унинг ҳақиқийлигини исботловчи, Митчеллнинг ўзи томонидан имзоланган сертификат билан сотилган. Ташкилотчилар соатни 400 минг долларга сотишни прогноз қилган, аммо 26 сентябрдан 24 октябрга қадар ўтказилган кимошди савдоларида 30 ортиқ ариза келиб тушган ва нарх кўтарилиб кетган.

Аукцион вакили Бобби Ливингстоннинг сўзларига кўра, ушбу Rolex нафақат космик артефакт ихлосмандларининг, балки тарихий воқеаларда иштирок этган ноёб соатларни тўплаш билан шуғулланувчи коллекционерларнинг ҳам эътиборини тортган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда бир пайтлар Адолф Ҳитлерга тегишли бўлган қўл соати АҚШнинг Мериленд штатидаги Alexander Historical Auctions аукцион уйида 1,1 млн долларга сотилган эди.

Мавзуга оид