Мактабгача таълим вазири А.Шин ва яна бир қатор масъуллар 23 январь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган 206-мактабгача таълим муассасасида бўлишди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Меҳмонлар ушбу мактабгача таълим муассасасининг тайёрлов гуруҳидаги ўқув-тарбия жараёни билан яқиндан танишишди. Вазир бошчилигидаги масъуллар ўз эътиборларини боғчанинг тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Диляра Эгамбердиева ўтказаётган навбатдаги машғулотларга қаратишди. Болалар шу қадар машғулотларга қизиқиб кетишганди-ки, ҳатто меҳмонларнинг гуруҳга кириб келганлигини ҳам сезмай қолишди. Кузатув давомида тарбиячи Диляра Эгамбердиева ўзининг ўн саккиз йиллик педагогик тажрибасидан келиб чиқиб болаларга замонавий педагогик технологиялар асосида таълим бериши маълум бўлди.
Афсуски, ошхонадаги ҳолат кутилган натижани бермади. Соат 12:20 бўлишига қарамай, боғча тарбияланувчилари учун тушлик ташкил этилмаганлиги аён бўлди. Таомнома бўйича қайлали нўхатли бўтқа пишиш арафасида бўлсада, унинг ичида хозиргина солинган хом гўшт борлиги ҳаммани ҳайратга солди. Аниқланишича, ошпаз Э.Мамедова таомнома бўйича тушликдаги 2-овқатга берилиши лозим бўлган 35,22 кг гўшт ўрнига 31кг гўшт ишлатган экан. Меҳмонларнинг кутилмаган ташрифи уни эсанкиратгани боис, пишиб турган нўхатли бўтқага яна 4 кг хом гўштни солган ва шу боис тушлик бериш боғчада кечиктирилган экан.


Албатта, бу манзара юқоридаги хушкайфиятдан асар ҳам қолдирмади. Бир сўз билан айтганда, Юнусобод туманидаги 206-мактабгача таълим муассасасининг ошхона фаолияти талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги билан бирга боғчада кун тартиби бузилганлиги ҳам аниқланди. Шунингдек, мазкур боғчанинг қуввати 540 нафар болага мўлжалланган бўлишига қарамай, 2018 йилнинг 1 январь холатига кўра, тарбияланувчилар сони 740 нафарни ташкил қилаётганлигини қандай баҳолаш мумкин? Устига-устак болалар боғчаси биносининг биринчи блоги туман хокимияти томонидан Фуқаролар йиғинига берилган. Йўл қўйилган ана шу камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида такрорланмаслигининг олдини олиш мақсадида 206-мактабгача таълим муассасаси мудираси В.Мухаммедова, ошпаз Э.Мамаедова, омбор мудири Д.Дадаходжаевалар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Шунингдек, боғча ҳамшираси Ш.Таштаевага интизомий жазо чораси қўлланилди.















