Жамият | 23:31 / 31.01.2018
8073
1 дақиқада ўқилади

Мушук Леопольд ҳақидаги мультсериал режиссёри Анатолий Резников вафот этди

Собиқ иттифоқ даврида ижод қилган, мультфильмлар режиссёри Анатолий Резников 77 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда журналист Сусанна Альперина маълум қилди.

“Менга Резниковнинг оиласи билан дўст тутинган танишларим Германиядан қўнғироқ қилишди ва Резниковнинг бугун эрталаб ҳаётдан кўз юмганини маълум қилишди”, деб айтган Альперина.

Дастлабки маълумотларга кўра, мультипликатор 31 январда Германиянинг Золинген шаҳрида вафот этган. Унинг ўлими сабаблари маълум қилинмаган. 

Резников 1960-йиллар ўрталарида мультфильмлар яратишга қизиқиб, мультипликация асосларини ўзлаштира бошлаган.

У ўзининг биринчи мультфильмларини “Экран” ижодий уюшмаси негизида яратган. Унга “Бир ковбой, икки ковбой” мультфильми ва мушук Леопольд ҳақидаги мультсериал таниқлик келтирган. 

Резников Собиқ иттифоқнинг болалар адабиёти ва санъати асарлари учун давлат мукофоти билан тақдирланган.