Спорт | 17:41 / 02.02.2018
30506
2 дақиқада ўқилади

Фото: Ҳиндистонда тенгсиз бўлган боксчилар Тошкентга қайтди

5та олтин ва 2та кумуш медаль олиб, Indian Open турнирида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентга қайтиб келди.

Тошкент аэропортида уларни мухлислар ва спортчиларнинг яқинлари кутиб олишди.

Терма жамоа асосий таркибининг бир қатор боксчилари Ҳиндистонга юборилмаганди. Шунга қарамай, Ўзбекистон делегацияси турнирда муваффақиятли иштирок этди. 10 нафар боксчи билан мусобақага киришган Ўзбекистон терма жамоасининг 7 нафар вакили финалга чиқди.

Ушбу турнирда мухлислар янги номларни ўзлари учун кашф қилишди. Финалда 52 ва 56 килограмм вазн тоифаларида рингга кўтарилган Худойназар Файзов ҳамда Абдулҳай Шораҳматов ҳиндистонлик ва мўғулистонлик рақибларини енгиб, чемпион бўлишди. Терма жамоанинг янги етакчисига айланаётган Исроил Мадримов (75 кг) эса кубалик чарм қўлқоп устаси Эстрада Иглесиасга ҳеч қандай имконият қолдирмади, шунингдек, Бобоусмон Ботуров (69 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) ўз жангларида ғалаба қозонди.

Иқбол Холдоров (-64 кг) ва Санжар Турсунов (91 кг) кумуш билан кифояланди.

Мироншоҳ Ибрагимов (49 кг) нимчорак финалда, Шербек Раҳматуллаев (60 кг) ва Лазиз Муллажонов (+91 кг) эса чорак финалда турнирни тарк этганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид