Фан-техника | 00:44 / 04.02.2018
10197
2 дақиқада ўқилади

Renault Trucks 2019 йилдан бошлаб электр юк машиналари сота бошлайди

Renault Trucks компанияси 2019 йилдан ўзининг электр юк машиналарини сотишни бошлашини эълон қилди. Компания шу мақсадда Франциядаги заводида махсус йиғиш линиясини қурмоқда, деб хабар бермоқда Electrek.

Renault Trucks электр двигателларда юрувчи юк машиналари ишлаб чиқаришга қарор қилган биринчи компания эмас. Daimler Европада бундай машиналарни ишлаб чиқармоқда. Tesla’нинг электр юк машиналари борасидаги режаси ҳам ҳаммага аён. Renault Trucks электромобиллар ишлаб чиқаришда катта тажрибага эга. Компания 2010 йилдаёқ 4,5 тонна юк кўтарувчи Electric Maxity электр юк машинасини ишлаб чиқарган. 

“Бизнинг Electric Maxity билан эришган тажрибамиз бизга электромобиллар сотишда, уларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлашда юқори тезликка эришишга имкон беради. Бугунги кундаги электрмобилларимиз 2010 йилда бўлмаган рақобатбардош ечимлардир”, деб айтган компаниянинг энергия самарадорлик стратегиясига жавоб берувчи ходими Франсуа Савойе.

Renault Trucks’ни Renault компанияси билан адаштирмаслик керак. Иккала компаниянинг ҳам номи ва логотипи бир хил бўлганига қарамасдан, Renault Trucks электр юк машиналар бозори борасида ўз режасига эга бўлган Volvo гуруҳига тегишли.