Спорт | 18:20 / 04.02.2018
25101
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қишки олимпиадаларда: тарихга назар ва Пёнгчангдан кутилаётган умидлар

9 февраль куни Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳрида олимпия машъаласи ёқилиб, XXIII қишки олимпиада ўйинларига старт берилади. 107 давлатдан ташриф буюрган 3 мингга яқин спортчилар спортнинг 7 тури ва 15 кўринишида медаллар шодаси учун курашга киришишади.

Хўш, Марказий Осиё давлатлари ушбу мусобақаларда қандай иштирок этади? Умуман, собиқ СССР тарқалгач, мустақил бўлган ушбу давлатлар қишки олимпиада ўйинларида қандай қатнашиб келишмоқда. KUN.UZ мухлисларга ушбулар ҳақида таҳлилий мақолани тақдим этади.

1992. Албервилл. Франция

Ўзбекистон, умуман, Марказий Осиё давлатлари қишки олимпиада ўйинларини 1992 йили Франциянинг Албервилл шаҳрида бўлиб ўтган XVI ўйинларда МДҲ умумий жамоаси таркибида бошлашган. Умумий жамоа таркибида медалларга эга чиққанлар орасида марказий осиёлик спортчилар йўқ. Гарчи, минтақамиздан фақат Қозоғистон ва Ўзбекистон спортчилари умумий жамоа таркибига киритилган бўлса-да.

Мустақил давлат сифатида Ўзбекистон илк бор 1994 йили Норвегиянинг Лиллеҳаммер шаҳрида бўлиб ўтган қишки олимпиада иштирок этган.

1994. Лиллеҳаммер. Норвегия

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон — 29,  Ўзбекистон — 7, Қирғизистон атиги бир нафар спортчи билан иштирок этган. Туркманистон ва Тожикистон ушбу олимпиадада иштирок этмаган. Қозоғистон 1 та олтин, 2 та кумуш (медалларнинг барчасини чанғи пойгасида Владимир Смирнов қўлга киритган), Ўзбекистон эса 1 дона олтин медалга эга чиққан. Ҳа, фристайлда ўша Лина Черязованинг афсонавий сальтоси ҳамманинг эсида бўлса керак.

Фото: Лина Черязева / sportportaluz.ru

1998. Нагано. Япония

Марказий Осиё яна ўша таниш давлатлар Қозоғистон (60 спортчи),  Ўзбекистон (4) ва  Қирғизистон (1) билан иштирок этди. Спортчилари сафини сезиларли тарзда оширган Қозоғистонгина атиги 2 та бронза медаль билан кифояланди. Владимир Смирнов 15 км масофага чанғи пойгасида, Людмила Прокашева 5000 метрга тезкор тушишда учинчи ўринни эгаллашган. Ўзбекистондан фигурали учишда Татьяна Малинина 8-ўринни эгаллаб жамоа ичида энг юқори натижани кўрсатган.

Фото: Владимир Смирнов / astanafans.com

2002. Солт Лейк Сити. АҚШ

АҚШда ташкиллаштирилган XIX қишки олимпиадада Қозоғистон 50 спортчи,  Ўзбекистон 6 спортчи ва  Қирғизистон 2 спортчи билан иштирок этди. Тожикистон илк бора қишки олимпиадаларда ягона спортчиси билан дебют қилди. Чанғичи Андрей Дригин кейинчалик яна икки олимпиадада Тожикистон шарафини ҳимоя қилади. АҚШда ўтган мазкур олимпиада Марказий Осиё давлатларидан бирор спортчи шоҳсупага кўтарилмагани билан ёдда қолган.

Фото: Андрей Дригин / rferl.org

2006. Турин. Италия

Италияда ўтган XX қишки олимпиадада Қозоғистон 56 спортчи,  Ўзбекистон 4 спортчи, Тожикистон ва Қирғизистон 1 нафардан спортчи билан иштирок этишди. Туриндан ҳам Марказий Осиёдан борган спортчилар медалсиз қайтишди. Япониялик спортчи Шизука Аракава фигурали учишда мамлакатига ягона, бўлиб ҳам олтин медални олиб бергани билан ёдда қолган олимпиада.

Фото: Шизука Аракава / gettyimages.com

2010. Ванкувер. Канада

XXI қишки олимпиадада Марказий Осиёдан борган спортчиларнинг «чўғи» пасая бошлади. Қозоғистон 38 спортчи, Ўзбекистон 3 спортчи, Қирғизистон — 2 ва Тожикистон 1 нафар спортчи билан иштирок этди. Фақатгина Қозоғистон вакили Елена Хрусталёва биатлонда аёллар индивидуал пойгасида кумуш медални қўлга киритди.

Фото: Елена Хрусталёва / eurosport.com

2014. Сочи. Россия

Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган, айни пайтда машмашалар билан эсланаётган XXII қишки олимпиадада Қозоғистон 52 спортчи, Ўзбекистон 3 спортчи, Қирғизистон ва Тожикистон 1 нафардан спортчи билан иштирок этишди. Қозоғистон вакили Денис Тен фигурали учишда эркаклар яккалик баҳсида бронза медалга эга чиқди.

Фото: Денис Тен / baltimoresun.com

2018. Пёнгчанг. Жанубий Корея

Фото: Пёнгчангдаги олимпия стадиони / imgur.com

Пёнгчангда бўладиган XXIII олимпиадада Қозоғистон 43 спортчи, Ўзбекистон 2, Қирғизистон эса ягона спортчи билан иштирок этишни мўлжалламоқда. Алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, Марказий Осиё давлатларидан Туркманистон ҳеч қачон қишки олимпиада ўйинларида иштирок этмаган.

Пёнгчангда Ўзбекистондан Комилжон Тўхтаев тоғ чанғиси спортининг гигант слалом турида, Миша Ге эса эркаклар яккалик фигурали учиш спорт турида майдонга чиқишади. Айни пайтда Ўзбекистонда спортнинг қишки турларини ривожлантиришга ҳам катта эътибор берилмоқда. Тошкентда муз спорти саройи қурилмоқда. Шундай сарой Самарқандда ҳам барпо этилиши режалаштирилган. Ўзбекистонда ҳам хоккей жамоалари ташкил этилади. Ўтган йилдан бошлаб фигурали учиш спорт тури бўйича федерация фаолият кўрсата бошлади. Тоғ чанғиси, фристайл каби спорт турларини ривожлантириш учун мамлакатимизда салоҳият катта.

Ишонамизки, келгусида қишки олимпиадаларда Черязева жасоратини такрорловчи спортчилар ўзбек заминидан яна ва яна чиқаверади. Ҳозирча Комилжон ва Мишага катта мусобақада зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Фото: Миша Ге / Fcc2018taipei.com

 

Ш.Шокиржонов тайёрлади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид