Жамият | 10:49 / 04.02.2018
20294
5 дақиқада ўқилади

Журналистларни кўринмас тўсиқлар билан жиловлашдан ким манфаатдор?

Аҳоли орасида баъзан айрим оммавий ахборот воситалари фаолиятидан қониқмаслик ҳолатлари кузатилади. Тўғри ва холис ахборот ҳар доим ҳам ўз вақтида тарқатилмаслиги оқибатида, айниқса, у маҳаллий янгилик бўлса, истеъмолчилар ёлғон хабарларга таянишга мажбур бўлишмоқда. Ҳақли савол туғилади: бунда асосий ва ягона айбдор ОАВ ходимларими? Қуйидаги ҳолатлар масалага чуқурроқ ёндашишга ундади.

Нодавлат таълим муассасалари очиш учун лицензия олиш тартиблари бўйича Давлат тест марказига мурожаат қилдим ва соҳа мутахассисига савол берганимда, «Бизга расмий хат билан чиқишингиз керак. Шу тахлитда жавоб берамиз», дейишди. Таҳририят томонидан хат юборилди. Бир ҳафтадан кейин жавоб хати келди. Ваҳоланки, шунча ходимларни овора қилмасдан мурожаатга оғзаки жавоб бериш мумкин эди. Нега соҳа мутахассислари журналистларга маълумот тақдим этишни қоғоз ичига яширишади? Бу билан қонунчиликка очиқдан-очиқ қарши чиқишмоқдами ёки ўз мутахассисликлари бўйича берилган саволларга жавоб беришолмаяптими?  Биз, журналистларни, бу каби кўринмас тўсиқлар ортига қамаб қўйишдан ким манфаатдор?

Яна бир воқеа: газеталардан бири олий ўқув юртлари талабалари учун халқаро  грант олиш мезонлари бўйича мақола тайёрлаб келиш вазифасини юклади. Таҳририят расмий хат билан мурожаат қилган, лекин 15 кун ўтса ҳамки, жавоб хати келмаяпти. Масалага ойдинлик киритиш учун мени юборишди. Маълумот олиш учун Олий ва Ўрта-махсус таълим вазирлигининг халқаро алоқалар бўлими масъул ходимининг алоқа рақамини беришди. У ерга бориб, халқаро алоқалар бўлими етакчи мутахассиси Санжар Обидов билан интервью уюштирмоқчи эдим. Қўнғироқ қилганимда С.Обидовнинг  вақти йўқ эканлигини ва бошқа пайти келишимни айтишди. Уларнинг берган жавобига қониқмай, матбуот хизматига телефон қилдим, ҳеч ким жавоб бермади. Кейин яна халқаро алоқалар бўлимига боғландим. Бу сафар бошқа ходим жавоб берди. Унга вазиятни тушунтирдим ва жавоб хати келмаётганлигини сабабини сўраганимда, қуйидаги жавобни олдим: «Бўлимимизда фақат уч нафар ходим ишлайди. Ҳар куни турли жойлардан хат келади. Биз улгуролмаймиз. Таҳририятингиз юборган хатдан хабарим йўқ. Сизларга жавоб хати ёзишдан бошқа қиладиган ишларимиз кўп». Тўғри, уларни тушуниш керак. Расмий хатларга жавоб берувчи ходимнинг бўлмаслиги бир қатор муаммоларни юзага келтиради. Матбуот хизмати қаёққа қараяпти? Ҳамма жим.

2015 йил 5 майда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И. Каримов томонидан қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти очиқлиги тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддасида сўровларга рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб кўпи билан 15 кунда, мансабдор шахслар билан интервью ташкил этиш тўғрисидаги сўрови 7 кун муддатда, агар расмий сўровга жавоб бериш ушбу давлат органининг ваколатига кирмаса, бу ҳақида сўров эгасига 3 кунда жавоб қайтариш шартлиги белгилаб қўйилган. Шундай экан, нима сабабдан ҳалигача бу тизим ўз вазифасини тўлалигича бажармаяпти? Мансабдор шахслар қонунчилик нормаларидан хабардормикин? Мавжуд вазиятни ҳеч қанақа баҳона билан оқлаб бўлмайди. Айрим шахсларнинг масъулиятсизликлари туфайли ахборот беришга кечикмоқдамиз. Камчиликни бартараф этиш учун қандай чораларни кўрмоқ зарур? Фикримизча, ахборот олувчининг сўровномаси қисқа муддатда кўрилиб, унга оғзаки ва ёзма мазмунда жавоб бериш масаласи ҳал қилиниши керак. Чунки шундай ахборотлар борки, уларга соҳа мутахассиси оғзаки тарзда жавоб бера олади. Бюрократизм ва бошқа қўшимча ресурслардан фойдаланмай, телефон орқали ёки электрон мурожаатларни қабул қилиш икки томон учун энг мақбул йўлдир. Махсус ўрганишни талаб қилувчи сўровномаларгина расмий хат орқали жавоб берилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Давлат органларидан ахборот ололмаслик натижасида  айрим журналист ходимлар нотўғри маълумотларга таянишга мажбур бўлишмоқда.

Президент Ш. Мирзиёев давлат бошқаруви органларига қарата қоғозбозлик, мажлисбозлик ва шунга ўхшаш фойдасиз ташкилий ишлардан воз кечишни талаб қилаётган бир пайтда мансабдор шахслар нега ҳозиргача қоғоз билан  «ҳимоя»ланишни афзал кўришмоқда? Биз глобаллашув замонида яшаяпмиз. Бу даврда ахборот импорт-экспорти сезиларли равишда ошмоқда. Зеро, давлатлар ўртасида ахборот уруши кетаётган бир даврда  ўзимизга алоқадор аниқ ахборотни халқимизга тезкорлик билан биринчи бўлиб узатиш энг муҳим вазифаларимиздан бўлиши шарт.

Муҳаббат МАЪМИРОВА

Мавзуга оид