Технология | 23:52 / 05.02.2018
7833
3 дақиқада ўқилади

5G технологияси далаларга робот-комбайнларни бошлаб чиқади

Фото: screenshot

Юқори тезликли 5G интернет технологияси қишлоқ хўжалигини роботлаштириш учун янги имкониятларни тақдим этиши мумкин. Реал вақт режимида уланиш ҳисобига «ақлли комбайнлар» бир бири билан алоқа қилиб, далаларни бир неча карра тезроқ қайта ишлашлари мумкин, деб ёзади ZDNet.

5G технологияси кўпинча тайинли қопланишга эга бўлмаган ҳудудлар учун ишончли ва юқори тезликка эга интернет ўтказиш имкониятини беради. Бундан кўпроқ фермерлар ютади ва улар пилотсиз бошқариладиган юқори унумдорли комбайнларни ишлатишлари мумкин бўлади. Янги технология қишлоқ хўжалигига маълумотларни булут орқали алмашиниб, майдонда ишлаётган бошқа машиналар билан алоқани жуда тез ўрнатиш имконини беради.

«Шундай қилиб, сизда битта ҳосилни йиғаётган иккита комбайн бўлиши мумкин, — дейди John Deere қишлоқ хўжалиги машиналари ишлаб чиқарувчи компаниянинг инновацион технологиялар маркази директори Жулиан Санчес. — Биз ҳозир маълумотлар узатиш учун 30 дан 60 сониягача сарфлаймиз, бу эса кенг миқёсда жараённи жуда секинлаштиради».

John Deere вакилининг сўзларига кўра, 5G жорий этилса булут орқали комбайнлар ўртасида маълумот алмашиш 1 сониягача қисқаради. Реал вақт режимида алоқа дала ҳақида катта ахборотга эга бўлган робот-комбайнлар оптималлаштириш учун маълумотни бошқа комбайнга жўнатиши мумкин ва ҳар икки машина янада самарадор ишлай бошлайди. Бир йил муқаддам John Deere компанияси сунъий интеллект билан шуғулланувчи Blue River стартапини сотиб олди, энди эса машина ўқуви, компьютер назари ва робот техникасини қишлоқ хўжалиги ускуналарига жорий этиш устида иш олиб бормоқда.

«2050 йилга бориб сайёрамизда тўққиз миллиард киши яшай бошлайди, — дейди John Deere’нинг илғор технологиялар бўйича менежери Терри Пикетт. — Бунча инсонни тўйдириш учун жорий озиқ-овқат ишлаб чиқарилишини 70 фоизгача оширишга тўғри келади. Бу эса ҳақиқий пойга дегани».

БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, 2050 йилга бориб фақатгина озиқ-овқат ишлаб чиқарилишини 70 фоизга ошириб Ер аҳолисини тўйдириш мумкин. Қишлоқ хўжалиги экинларининг самарадорлигини максимал даражада ошириш учун Eseye компанияси Burkard Engineering билан биргаликда зарарли микроорганизмларни аниқлаб топиш учун ақлли датчиклар ўрнатишни мўлжаллаган. Ҳозирча мазкур технология синовдан ўтмоқда, бироқ яқин орада у жаҳон бозорларида пайдо бўлади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш