Жаҳон | 08:11 / 05.02.2018
23177
2 дақиқада ўқилади

Москвада икки кун ичида бир ойлик меъёрдан кўпроқ қор ёғди

Фото: РИА Новости / Максим Блинов

Москвада 3 февраль эрталабдан 4 февраль кечки пайтгача бир ойлик меъёрдан кўпроқ қор ёғди. Бу ҳақда Москва мэри ўринбосари Петр Бирюков маълум қилди.  

“Вазият анча мураккаб, кечаги кун эрталабдан (3 февраль) бугун соат 21гача 38 см қор ёғди, бу эса февралдаги меъёрдан кўпроқдир”, деб айтган Бирюков.

Бирюковнинг таъкидлашича, қор миқдори ошиб боради. Унинг айтишича, 5 февраль охиригача яна 15-20 сантиметр қор ёғиши мумкин.

3-4 февраль кунлари Москва ва унинг атрофидаги ҳудудларга кучли қор ва муз ёмғир ёғди. Об-ҳаво мутахассисларининг маълумотларига кўра, бундай кучли қор ёғишлар 100 йилда бир марта бўлади. Ҳукуматнинг маълум қилишича, ёмон об-ҳаво сабабли Москвада 2 мингдан кўпроқ дарахт ағдарилган, бир киши ҳалок бўлган ва бир неча киши жароҳат олган.

Москва мэри Сергей Собянин шу муносабат билан ўқувчиларнинг мактабларга боришини эркин қилиб белгилади.

“Кучли қор ёғиши эртага ҳам тугамайди. Йўлдаги вазият мураккаб бўлади. Яхшиси, шахсий машинада юрмай турган маъқул. Мактабларга боришни эркин деб эълон қиламиз”, деб ёзган Собянин твиттерда.

Москва коммунал хизматлари шаҳар кўчаларидан 960 минг кубметр қор олиб чиқишган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид