Наполеон жамоатчилик фикрини моҳирона бошқаришнинг уддасидан чиққан ва бу охир-оқибат уни тахт сари етаклаган. Императорнинг кўп усулларини бугунги кунда ҳам қўллаш мумкин. Forbes Наполеон мисолида мукаммал раҳбар қиёфасини яратишга доир тавсиялари билан бўлишди.  

Наполеон Бонапартни PR ва тарғибот даҳоси ҳисоблашади. Император қўпол кучдан кўра ақл-идрок устидан ҳукмронлик қилиш яхшироқ натижа беришини жуда яхши билган. Наполеон барчани ўзига жалб қилишнинг уддасидан чиққан. У жамоатчилик фикрини моҳирона бошқарган — миллионлаб французлар уни кўкларга кўтаришган. Унинг ўзи эса шундай деган: "Жамоатчилик фикри — бу тулпор, у баъзан жиловлашга тўғри келадиган даражада қайсар бўлиши мумкин".

Наполеон икки аср аввал яшаб ўтган бўлса-да, унинг имиджни яратиш усулларидан ҳануз фойдаланишади. Хўш, император пиарининг муваффақияти нимада бўлган ва ундан ўзимиз учун қандай фойдали жиҳатларни олишимиз мумкин?

Ҳар қандай омма учун "қадрдон"

Наполеон ҳар қандай омманинг "қадрдони" бўлган. У ўз нутқлари ишончли жаранглаши учун аскарлар олдида фақат ҳарбий кийимда намоён бўлган. Тахтга ўтириш тантанасида унинг эгнида дафна гулчамбари ва қироллик кийимлари бўлган, бу унинг мутлақ ҳукмронлигини билдирарди. Шу тариқа Наполеон олдига қўйган мақсадларига қараб ўз имиджини назорат қилишга муваффақ бўлган. У жангда ғолиб бўлиб, оддий аскарларнинг эҳтиромига сазовор бўлиши керак бўлган — ҳарбий кийимини кийган. Зодагонлар орасида эса, аксинча, сўзсиз миллат етакчиси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши талаб қилинарди.

Шундай экан, агар сиз ахборот тизимидагиларнинг тадбирига бормоқчи бўлсангиз, ўта жиддий костюм-шим кийишга ҳожат йўқ, уни ишбилармонлар билан учрашувлар учун олиб қўйинг. Суратлар масаласида ҳам шундай - агар сиз муайян йўналишда иш олиб борувчи ОАВда чиқаётган бўлсангиз, аудитория, бошқа муаллифлар, соҳа етакчиларини ўрганинг, уларнинг қандай кийинганига эътибор беринг.

Фақат яхши нарсалар ҳақида сўзланг

Наполеон газета ва журналларнинг нақадар фойдали эканини тез тушуниб етган. Буюртмага ёзилган мақолалар мамлакатнинг муҳим муаммоларини четлаб ўтарди, у қадар аҳамиятга эга бўлмаган муваффақиятлар эса оммага намойиш қилинган. Яхши танланган мавзулар ва сюжетлар сабаб Бонапарт муаммоли вазиятларда жамоатчилик фикрини усталик билан бошқара олган.