Немис ёзувчиси Стефан Свейг ўзининг машҳур “Шахмат новелласи”да “Шахматда ҳам ишқ-муҳаббатда бўлгани каби битта шерик бўлиши талаб этилади” деган эди. Таржимон Ботир Раҳмонов шу асарнинг сўз бошисида Германия сафари давомида маҳаллий ёшларнинг ғалати ақлий ўйинига гувоҳ бўлганини ёзади. Давраларда суҳбатлашаётиб, гоҳ-гоҳида ёнидагилардан бири “шоҳни h8 га юрдим”, деса, шериги “фарзинни с4 га олдим”, деб жавоб қайтарар экан. Бу сирли рақамларнинг сабабини сўраганида, буларнинг ҳаммасига Свейг сабабчи эканини айтишган. Кейинчалик маълум бўлишича, муаллифнинг “Шахмат новелласи” асари дунё юзини кўргач, Европада айниқса, ёшлар орасида шахмат тахтасисиз тасаввурда шахмат ўйнаш кенг русум бўлган экан.

Шахмат қандай пайдо бўлган?

Шахмат милоддан аввалги V асрда Ҳиндистонда пайдо бўлган. VI асрга келиб, айнан шу юртда шахматнинг бироз шаклланган варианти – чатуранга ўйлаб топилган. Бу машҳур ўйин узоқ вақт амалда қўлланилиб, қўшни давлатларга ҳам тарқай бошлаган. Чатурангадаги айрим доналар ва уларнинг йўналишлари ҳозирги шахмат доналари билан деярли бир хил. Аммо қадимги ўйин шахматдан фарқ қилади. Уларнинг орасидаги асосий фарқ – қоидаларда.

Биринчидан, бу ўйинни шахмат сингари икки киши эмас, тўрт киши ўйнаган. Иккинчидан, ўйин учун одатдагидек икки хил (оқ ва қора) ранглардан фойдаланилмаган. Аксинча, чатурангада ўйинчилар қора, сариқ, қизил, яшил рангларда дона суришган.

Вақт ўтиши билан чатуранга шарқ халқлари орасида ҳам машҳур бўла бошлади. Фақат унинг номи сайқалланиб, шатранжга айланган. Шу-шу бугунги кунга қадар ривожланиб келаётган ушбу ақлий спорт тури шахмат номи билан маълум ва машҳур. Ушбу спорт турининг яратилиши борасида бир қанча фараз ва ривоятлар мавжуд. Уни турли мамлакатлар турлича талқин қилади. Ўз аждодларининг номлари билан боғлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай ривоятлардан бири қуйидагича.

Шохни “мот” қилган йигит

Ривоятларга қараганда, бир шоҳ замонасининг энг зукко уламоларини тўплаб, ажойиб ўйин ўйлаб топишларини амр қилади. У шундай ўйин бўлсинки, фақат шоҳлар ўйнасин! Шундай мураккаб бўлсинки, зеҳнни чархласин! Шундай жозибадор бўлсинки, фикр-ёдинг у билан банд бўлсин. Уламолар орасида “катта кураш” бошланади. Уларнинг мақсади битта. У ҳам бўлса, подшоҳнинг ваъда қилган мукофотига эришиш эди.