Ўзбекистон | 13:50 / 28.07.2023
6141
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бошқарув ходимлари таркибида аёлларнинг улуши энг юқори бўлган ҳудуд маълум қилинди

2022 йилги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бошқарув ходимлари таркибида аёлларнинг улуши 28,2 фоизни ташкил этмоқда. 

Фото: AP

Жорий йилнинг 28 июль куни Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқарув академияси ҳамкорлигида “Аёлларнинг давлат хизматидаги ўрни: замонавий тенденциялар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати хабарига кўра, сўнгги йилларда мамлакатда қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли даражада ортиб, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партияларда 46 фоизга, олий таълимда 48 фоизга етди.

Давлат статистика қўмитасининг 2022 йилги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бошқарув ходимлари таркибида аёлларнинг улуши 28,2 фоизни ташкил этмоқда. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Андижон вилояти (38,8 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси  (34 фоиз), Фарғона вилояти (32,7 фоиз) қайд этилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзоларининг 24 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг 25 фоизи аёллардир.

Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 2018 йилда 2,9 фоизни ташкил этган бўлса, айни вақтда ушбу кўрсаткич қарийб икки бараварга ошиб, 5,7 фоизга етган.

Барча давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг камида  1 нафар ўринбосарини хотин-қизлар орасидан тайинлаш тизими жорий этилди.

Бугунги кунда республика ва маҳаллий даражадаги ижро ҳокимияти органларининг раҳбарлик лавозимларида жами 241 нафар хотин-қизлар фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 2 нафари раҳбар (вазир, қўмита раиси), 9 нафари раҳбар ўринбосари (вазир, раис ва директор ўринбосарлари), 14 нафари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, 4 нафари туман(шаҳар) ҳокими ҳамда 212 нафари туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосарлари лавозимида фаолият юритмоқда.

Давлат бошқарувида хотин-қизлар улушини янада ошириш мақсадида “Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури” ишлаб чиқилди ва ижрога қаратилди. Дастур доирасида турли соҳаларда бошқарувчилик салоҳиятига эга 25 055 нафар хотин-қизнинг кадрлар захираси шакллантирилди.

Конференцияда хотин-қизларнинг давлат хизматидаги ўрни ҳамда давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал қилишда, долзарб аҳамиятга эга бўлган қарорларни қабул қилиш ҳамда уларни амалга оширишда иштирокини янада кенгайтириш, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Мавзуга оид