Жамият | 23:20 / 06.02.2018
38435
3 дақиқада ўқилади

Умуминсоний фазилатлар шоира Зулфияхоним характери мисолида

Фото: Ijod.uz

Зулфия ўзбек шеъриятида ўзига хос ўринга эга шоира бўлиши билан бирга инсон сифатида ҳам шу халқнинг барча олижаноб хислатларига эга аёл бўлган. Севимли шоирамизнинг шогирди Ойдин Ҳожиева “Зулфия абадияти” номли китобида устози сўзлаб берган бир воқеани баён қилади. Зулфияхоним шундай ҳикоя қилган экан:

“Москвага учаётган Душанбе самолёти ярим кечаси Тошкентга қўнибди ва рейс тонготаргача қолдирилибди. Бир пайт телефон жиринглади. Ҳамма ухлаган. Гўшакни кўтарсам — Мирзо Турсунзода.

  • Зулфияхоним! Мен Мирзоман! Ассалому алайкум!
  • Ва алайкум ассалом. Қаердан сўзлаяпсиз? Тошкентданми?
  • Мусофирлар дарвозангизда турибмиз, “Кир” дейдиган одам борми?
  • Тошкентда дарвоза кўп, қайси биридасизлар?
  • Осмон дарвозасидамиз. Ҳозир борамиз сизникига!
  • Қандай бўларкин? Соат бир бўляптику! Ҳамма ухлаган.
  • Ухлаган бўлса, майли, уйқулари оромли бўлсин. Шоир халқи ҳамиша бедор. Биз ухламаганда, энди сиз ҳам ухламайсиз-да, азизим.
  • Йўлдошларингиз борми?
  • Ҳа, ҳаммаси ўзингиз билган мусофирлар — мен, Фотеҳ, Жалол Икромий...

Бирдан Жалол Икромийнинг овози эшитилди:

  • Кечирасиз, Зулфияхоним, Мирзо сизларникига борамиз, деб туриб олган. Ойбекникига борақолайлик, десам, “Тинчини бузмайлик”, дейди. Ғафур Ғуломникини айтсам “Ғафур зиёфат қилади, самолётдан қолиб кетамиз”, дейди...
  • Бўпти, марҳамат, келинглар, — дедим”.

Шундай қилиб ҳовлида Ҳамид Олимжон эккан ток тагидаги столда тузалган дастурхон атрофида дўстлар жам бўлишади. Шеърхонлик ҳам қиёмига етади. Меҳмонлар ғира-шира тонгда аэропортга жўнаб кетишади.

Чиндан ҳам, ўз халқининг меҳмоннавозлиги, умуминсоний фазилатлари Зулфияхоним ва у билан замондош бўлган кўплаб адибларимизнинг табиатида бор эди. Садриддин Айний, Сажжод Зоҳир, Степан Шипачёв, Қайсин Қулиев, Марварид Дилбозий, Мустай Карим ва бошқа замондош дўстлари Зулфияхонимнинг уйига, умуман олганда, юртимизга тез-тез меҳмон бўлиб келишган. Халқаро ижодий ҳамкорлик, замондош ижодкорлар асарларидан хабардорлик, албатта, ўз самарасини берган.

Мавзуга оид