Жамият | 14:58 / 07.02.2018
12630
4 дақиқада ўқилади

Омбордан “учган” ёнилғи

“Қарши аэропорти” ДУК омборида сақланаётган ёнилғи-мойлаш материаллари сифатини ўрганиш жараёнида мутахассислар қизиқ бир ҳолатга дуч келишди. Б-92 маркали авиабензиндан намуналар олиниб, лабораторияда текширилганда, сифатида талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди. Мутахассислар ушбу ёқилғини ишлатишга тақиқ қўйиб, бир неча бор текшириш ишларини олиб боришларига тўғри келади. Ҳайратланарлиси, 27-сиғимли резервуардаги ёнилғининг миқдори ҳар гал турлича бўлиши мутахассисларни ҳайрон қолдирди. Бунинг тагига етиш мақсадида резервуар яхшилаб текширилди. Гап бошқа ёқда экан. Унга яширин равишда 100 мм диаметрли қувур ўрнатилганлиги аниқланди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Текшириш жараёнида калаванинг бир учи ёнилғи-мойлаш омбори мудири вазифасида ишлаган Б.Қ. ва етакчи муҳандис О.Р.га, иккинчи учи эса “Ўзаэронавигация” марказининг Қарши шаҳридаги радиотехника аппаратлари фаолияти бўйича радионавигация муҳандиси вазифасида ишлаган Ж.П.га бориб тақалди. Улар тузган жиноий режа оқибатида корхонага жуда катта миқдорда зиён етказилганлиги аниқланди.

Гап шундаки, Ж.П. фойдаланиб келган “УАЗ 3151” русумли автомашина корхонага тегишли бўлиб, у аэропорт омборидан “Ўзаэронавигация” марказининг жойлардаги двигателларига ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини етказиб бериш бўйича масъул ҳисобланарди. Одатдаги кунларнинг бирида омбор мудири Б.Қ. унга “ажойиб” бир “иш”ни таклиф қилиб қолди. Бу “иш” ортидан яхшигина пул ишлаб олиш мумкинлигини қистириб ўтди.

Ж.П. ўйлаб кўрса, таклиф чиндан ҳам фойдали. Аэропорт омборидан яширинча керосин ва авиабензин олиб чиқиб сотиш ортидан каттагина даромад топиш мумкин. Шу сабабли бу таклиф қонунга зид бўлса-да, нафс уни рози бўлишга ундади.

Юқорида аниқланган яширинча қувур ана шу мақсадда ўрнатилганди. Шундан сўнг Ж.П. ҳар гал омборга келганида ёнилғи солинган 200 литр сиғимли бочкалардан 2 тасини ҳужжат асосида, биттасини ҳужжатсиз олиб кета бошлади. Ҳужжатсиз бочкаларни режадаги манзилга тушириб қолдириб, ҳайдовчига уни керакли жойга ўзи олиб боришини айтар, кейин ўзи уйига олиб бориб, ёнилғини одамларга сотиб юборарди. Сотувдан тушган пулни эса шериклари билан бўлиб олишарди. Улар бу ишга шу қадар шўнғиб кетишадики, оқибатда корхонага жуда кўп миқдорда зарар етказишганини сезмай ҳам қолишади.

Шундай қилиб, 2006 йилдан 2012 йилга қадар бўлган вақт давомида улар ҳафтасига 600-800 литрдан ёнилғи маҳсулотини ўмариб, корхонага жами 346 млн 213 минг сўмлик зарар етказишди.

Албатта, ҳар қандай қинғир ишнинг охири вой. Сирлари фош бўлгунга қадар давлат корхонаси мулкини ўзлаштириш борасида ўзларини устомон ҳисоблаган бу кимсалар катта хатога йўл қўйишди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг ҳукми билан айбдорларга нисбатан тегишли жазо тайинланди. “Қарши аэропорти” ДУКка етказилган барча зарар тўлиқ қопланди.

Мавзуга оид