2024 йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистон аэропортлари асосий кўрсаткичлар — йўловчи ташиш, хизмат кўрсатилаётган рейслар сони ва юк ташиш ҳажми бўйича учдан бир қисмдан кўпроққа ошди.

Uzbekistan Airports хабарига кўра, 9 ойда мамлакат халқаро аэропортлари томонидан 82 637 та рейсга хизмат кўрсатилди, шундан 24 914 таси ички йўналишларда, 57 723 таси эса халқаро йўналишларда амалга оширилди. Ўтган йилга нисбатан ўсиш 36 фоизни ташкил этди. Ҳаво рейслари умумий сонининг 53 942 таси резидент авиакомпаниялар томонидан, 28 695 таси эса норезидент авиакомпаниялар томонидан амалга оширилди.

Январдан сентябргача бўлган даврда Ўзбекистон аэропортлари 9 893 947 нафар йўловчига хизмат кўрсатди. Жумладан, ички рейсларда 1 871 659 нафар, халқаро рейсларда 8 022 288 нафар йўловчи. 2023 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 33 фоизни ташкил этди.

Учинчи чоракда 62 067 тонна юк ва почта ҳам жўнатилди, бу ўтган йилги кўрсаткичлардан 21 фоизга кўп.