19:20 / 11.02.2018
15402

Пёнгчанг-2018: Биатлонда сенсация, Қозоғистонда дастлабки медаль

Фото: © РИА Новости

Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳрида давом этаётган қишки Олимпиада ўйинларида навбатдаги кун баҳслари ниҳоясига етди. Учинчи кун ҳисобидан 7та медаллар комплекти ўйналди.

Куннинг энг асосий мусобақаларидан бири биатлонда эркаклар ўртасидаги спринт баҳсларида кутилмаган натижа қайд этилди. Ғолиблик учун асосий даъвогарлар сифатида эътироф этилган франциялик Мартен Фуркад ва норвегиялик Йоҳаннес Бьё ҳаттоки совриндорлар сафидан ҳам ўрин ола билмади. Фуркад ўқотишда 3та хато билан 8, Бьё 4та хато билан бор-йўғи 31-ўринни қўлга киритди. Ғолибликни эса кутилмаганда германиялик Арнд Пайффер қўлга киритди. Кучли учлик ҳам бутунлай кутилмаган кўринишда бўлди: чехиялик Михал Крчмар иккинчи, италиялик Доминик Виндиш 3-ўринни қўлга киритди.

Иккита 15 км.дан иборат 30 км масофага скиатлон баҳсларида эса бир йўла уч нафар норвегиялик спортчи медалларни бўлиб олди. Симён Ҳегстад Крюгер Норвегия терма жамоаси ҳисобига дастлабки олтин медални олиб келди.

Куннинг яна бир эътиборга молик воқеаси бу Қозоғистон терма жамоасининг олимпиададаги дастлабки медалини қўлга киритиш бўлди. Фристайлнинг могул йўналишида иштирок этган Юлия Галишева бронза медалига эга чиқди.

Шунингдек, конькида югуриш баҳсларида 5000 метр масофада Свен Крамер учинч марта олимпиада чемпионлигини қўлга киритиб бу борада ўзига хос рекорд ўрнатди. Кумуш ва бронза медаллари тақдири эса фантастик кўриниш олди. Фотофиниш натижасида канадалик спортчи норвегиялик рақибдан сониянинг 1000/1 улушига ортда қолдириб кумуш медалга эга чиқди.

Куннинг қолган натижалари қуйидагича кўриниш олди.

Олимпиада-2018
11 февраль барча финаллар

Сноуборд
Слоупстайл

1. Редмонд Жерард (АҚШ)
2. Максанс Парро (Канада)
3. Марк Макморрис (Канада)

Чанғи пойгалари
Эркаклар
Скиатлон

1. Симён Ҳегстад Крюгер (Норвегия)
2. Мартин Йонсруд Сундбю (Норвегия)
3. Ханс Кристер Ҳолунн (Норвегия)

Конькида югуриш
Эркаклар
5000 метр

1. Свен Крамер (Нидерландия)
2. Тед-Ян Блумен (Канада)
3. Сверре Лунде Педерсен (Норвегия)

Чана спорти
Эркаклар, яккалик баҳслари

1. Давид Гляйршер (Австрия)
2. Крис Маздзер (АҚШ)
3. Йоҳаннес Людвиг (Германия)

Биатлон
Эркаклар
Спринт

1. Арнд Пайффер (Германия)
2. Михал Крчмар (Чехия)
3. Доминик Виндиш (Италия)

Фристайл
Аёллар
Могул

1. Перрин Лаффон (Франция)
2. Жюстин Дюфур-Лапуант (Канада) 
3. Юлия Галишева (Казахстан)

Шу пайтгача медал қўлга киритган давлатлар сони 14тани ташкил қилмоқда. Қуйида медаллар бўйича рейтинг билан танишиб олишингиз мумкин:

1. Германия – 3та олтин-0 кумуш-1 бронза (жами: 4)
2. Нидерландия – 2-2-1 (5)
3. Норвегия – 1-4-3 (8)
4. АҚШ – 1-1-0 (2)
5-8. Швеция – 1-0-0 (1)
5-8. Жанубий Корея – 1-0-0 (1)
5-8. Австрия – 1 (1-0-0)
5-8. Франция – 1-0-0 (1)
9. Канада – 0-3-1 (4)
10. Чехия – 0-1-1 (2)
11-14. Италия – 0-0-1 (1)
11-14. Россия – 0-0-1 (1)
11-14. Финляндия – 0-0-1 (1)
11-14. Қозоғистон – 0-0-1 (1)

Мавзу
Қишки Олимпиада

Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳрида Қишки Олимпиада ўйинлари бўлиб ўтмоқда. 9 февраль куни бошланган спорт байрами 25 февралга қадар давом этади.

Барчаси
Top