07:32 / 12.02.2018
26532

Астрономлар қуёш фаоллигининг кескин пасайишини прогноз қилишмоқда

Фото: NASA/GSFC/Solar Dynamics Observatory

Сан-Диегодаги Калифорния университети астрономлари 2050 йилга келиб қуёш совуқроқ ва нурсизроққа айланишини прогноз қилишмоқда. Бу ҳақда Astrophysical Journal Letters’даги мақолага иқтибос келтирган ҳолда Phys.org маълум қилди. 

Олимларнинг фикрича, бу ўзгаришлар қуёш фаоллигининг “гранд-минимуми” натижаси бўлади. Бу даврий ҳодиса бўлиб, унда қуёшнинг магнит майдони сусаяди, камроқ доғлар вужудга келади ва камроқ ультрабинафша нурлар тарқалади. Мутахассислар ўз тадқиқотларида қуёшга ўхшаш юлдузларнинг нур сочиши ортидан 20 йил давомида кузатув олиб бориб, олинган маълумотлар асосида қуёш 21-аср ўрталарига келиб нурсизланиши ҳақидаги хулосага келишган.

Қуёш фаоллиги 11 йиллик давр билан кўпайиб-камайиб боради. Астрономларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилда қуёш ҳарорати тахминан 1645 йилдан 1715 йилгача даврда қайд қилинган минимумгача пасайиши мумкин. Ўшанда астроном Эдвард Уолтер Маудернинг ҳисоб-китобига кўра, қуёшда одатдаги 40-50 минг доғ ўрнига бор-йўғи 50 та доғ ҳосил бўлган. Тарихда бу давр кичик муз даври билан боғланади.

Бироқ ҳамма олимлар ҳам бу фикрга қўшилмаяптилар. Уларнинг фикрича, қуёш фаоллиги кучли пасайганда ҳам глобал совиш юз бера олмайди.

Top