Жаҳон | 12:53 / 14.02.2018
8691
1 дақиқада ўқилади

Боливиядаги карнавалнинг 4 куни давомида 40 киши ҳалок бўлди

Фото: REUTERS/David Mercado

Боливияда 10 февралда бошланган йирик миллий карнавалнинг 4 куни давомида 40 киши ҳалок бўлди, 124 киши жароҳат олди. Бундай маълумотларни 13 февралда мамлакат ички ишлар вазири Карлос Ромеро келтириб ўтди.

“Бизда 40 киши ҳалок бўлди. Афсуски, назоратга қарамай, карнавалда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони кўп”, деб айтган Ромеро.

Вазирнинг айтишича, ҳалок бўлганларнинг 16 нафари йўл-транспорт ҳодисаларида, 8 нафари 10 февралда Оруро шаҳрида газ баллони портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар. Шунингдек, ушбу воқеа оқибатида 51 киши жароҳат олган.

2001 йилда ЮНЕСКОнинг номоддий мероси рўйхатига киритилган Оруродаги карнавал Боливиядаги энг машҳур ва энг ёрқин карнавал ҳисобланади. Маълум қилинишича, 2017 йилда карнавалга 412 минг киши ташриф буюрган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид