Қозоғистон элчихонасида "Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имкониятлари" дастурининг тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари сўнгги вақтда сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакат ташқи сиёсатидаги устувор йўналиш этиб белгиланган. Минтақадаги давлатларнинг ўзаро муносабатларидаги ижобий ўзгаришлар келгусида бутун Марказий Осиё минтақаси имиджида акс этади. 14 февраль куни Тошкент шаҳридаги Қозоғистон элчихонасида янги элчихона биносининг рамзий очилиш маросими, шунингдек Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг "Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имкониятлари" бўйича ўз юртдошларига қилган мурожаати юзасидан тақдимот, шунингдек "2018 йил - Ўзбекистон йили" деб эълон қилинишига бағишланган анжуман ўтказилди.
Унда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембоев президент Нурсултон Назарбоевнинг ушбу мурожаатининг мазмун-моҳияти бўйича тақдимот қилди. Унга кўра, "Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имкониятлари" 10 пунктдан ташкил топган. Булар:
Индустриаллашув янги технологияларни татбиқ этиш флагмани бўлиши керак
Бунда индустриаллашув бир вақтнинг ўзида янги 4.0 технологик тарзининг барча имкониятларини қўллаган ҳолда инновацион бўлиши назарда тутилади. Корхоналарни модернизация қилиш ва рақамлаштиришга йўналтирилган янги иш қуролларини ишлаб чиқиш ва апробациядан ўтказишга доир лойиҳалар амалга оширилиши лозим. "Алатау" инновацион технологиялар парки фаолиятини ташкил қилиш қайта кўриб чиқилади. АТ-технологиялар ва инжиниринг хизматлари ривожлантирилади. Таълим, коммуникация тизими ва стандартлаштириш соҳасини янги индустриализация эҳтиёжларига мослаштириш зарур.
Захира салоҳиятини янада ривожлантириш
Комплекс ахборот-технологик платформаларни фаол татбиқ қилиш керак. Корхоналарда энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлигини таъминлаш ҳамда энергия ишлаб чиқарувчи ускуналарнинг экологиклиги ва самарадорлигига бўлган талабларни ошириш муҳим. 2030 йилга бориб Қозоғистондаги муқобил энергия улушини 30 фоизга чиқариш режалаштирилган. Бизнесни рағбатлантириш, "яшил технологиялар"га сармоя киритиш керак. Қонунчилик, жумладан Экология кодексини қайта кўриб чиқиш лозим.
"Ақлли технологиялар" - агросаноат комплексини ривожлантиришда илгарилашга имконият
Аграр сиёсат ишлаб чиқариш меҳнатини тубдан ошириш ва қайта ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик маҳсулоти экспортини оширишга йўналтирилган бўлиши керак. Хом ашёни қайта ишлаб чиқаришни таъминлаш ва дунё бозорларига юқори сифатли маҳсулот билан чиқиш зарур. Шунингдек аграр соҳадаги билимларни такомиллаштириш кўзда тутилади. Янги технологияларни трансферт қилиш ва уларни маҳаллий шарт-шароитларга мослаштириш билан шуғулланиш талаб этилади. Аграр университетлар фаолияти ва ролини қайта кўриб чиқиш керак. Қишлоқ хўжалик кооперативларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим. "Қозоғистонда ишлаб чиқарилган" табиий озиқ-овқат маҳсулотлари брендини яратиш ва илгари суриш йўлида ҳаракат қилиш лозим. Самарасиз субсидияларни агросаноат комплекс субъектлари учун банк кредитларини арзонлаштиришга қайта йўналтириш керак. Агросаноат комплекси соҳасида ишлаб чиқариш меҳнатини 5 йилда ва қайта ишлов берилган маҳсулотлар экспортини камида 2,5 мартага ошириш буюрилган.
Транспорт-логистик инфратузилма самарадорлигини ошириш
2020 йилга бориб транзитдан тушадиган йиллик даромадни 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Юкларнинг ҳаракатланишини онлайн режимда кузатиш ва тўсиқларсиз транзитни таъминлайдиган блокчейн рақамли технологиясини кенг кўламда татбиқ қилиш ҳамда божхона операцияларини соддалаштириш. Интеллектуал транспорт тизимини татбиқ қилиш кўзда тутилмоқда. Маҳаллий автойўллар тармоғини таъмирлаш ва реконструкция қилишни молиялаштиришнинг олдини олиш муҳим. Йиллик бюджет маблағларнинг умумий ҳажми ўрта муддатли истиқболда 150 миллиард тенгегача боради.
Қурилиш ва коммунал сектор соҳасига замонавий технологияларни татбиқ этиш
2030 йилга қадар бир кишининг турар жой таъминотини 21,6 квадрат метрдан 30 квадрат метргача етказиш кўзда тутилмоқда. Қурилишнинг янги усуллари, замонавий материаллар, биноларни лойиҳалаштириш ва шаҳар қурилишини режалаштиришда янгича ёндашувларни қўллаш керак. Инфратузилма уйлари ва объектларни интеллектуал бошқариш тизимлари билан жиҳозлаш зарур. Қонунчилик, жумладан табиий монополия соҳасини тартибга солиш бўйича тегишли ўзгартиришлар киритиш муҳим. Қишлоқ аҳоли пунктларини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масаласини ҳал қилиш учун ҳукумат ушбу ишга ҳар йили барча манбалардан 100 миллиард тенгедан кам бўлмаган маблағ ажратиши керак бўлади.
Молиявий секторни "қайта юклаш"
Банк портфелини "ёмон" кредитлардан тозалаш ишларини якунлаш керак. Марказий банк молиявий институтлар устидан ўз вақтида қаттиқ назоратга олиши керак. Давлат бундан кейин ҳам оддий фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишга кафолат беради. Жисмоний шахсларнинг банкрот бўлишига оид қонун қабул қилинишини тезлаштириш керак. Инвестицион муҳитни янада яхшилаш ва фонд бозорини ривожлантириш жуда муҳим. Бу "Остона" молиявий марказининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Энг яхши халқаро тажрибани қўллаш - у ингилз ҳуқуқи ва замонавий молиявий технологияларни қўлловчи минтақавий хабга айланиши керак.
Инсон капитали - модернизация асоси
Таълим соҳасида янги сифат босқичига чиқиш керак. Барча ёшдаги фуқароларни қамраб олувчи шахсий илғор тизимни яратишни тезлаштириш керак. 2019 йил 1 сентябрга қадар мактабгача таълим тизимига болаларни ривожлантириш учун ижтимоий ва мустқил таълим кўникмаларини шакллантирувчи ягона стандартни татбиқ қилиш лозим. 2025 йилгача лотин алифбосига ўтиш бўйича таълимнинг барча босқичлари учун аниқ графикни белгилаб бериш зарур. 2019 йилдан айрим табиий-илмий фанлар 10-11 синфларда инглиз тилида ўқитилади.
Олий таълимда ахборот технологиялари, сунъий интеллект ҳамда "катта маълумотлар" (Big data) билан ишлашга ўрганган битирувчилар сонини ошириш керак. Бунда ОТМлардаги таълимни металлургия, нефть-газ ва кимё, агросаноат комплекси, био ва АТ-технологиялар йўналишида ривожлантириб бориш зарур. Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш бўйича илмий грантлар асосида квоталар ажратиш тизимли сиёсатини юритиш керак.
Соғлиқни сақлаш ва соғлом миллат. Замонавий соғлиқни сақлаш тизими касалликларни қимматбаҳо стационар шароитларида даволаш эмас, уларнинг профилактикасига қаратилган бўлиши керак. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган ҳолда соҳа бошқарувини таъминлаш зарур. Ёшлар репродуктив саломатлигини сақлаш мустаҳкамлаш керак. Диспансеризациядан асосий сурункали касалликларни масофадан ташхислаш ва амбулатор даволашга ўтказиш лозим. Онкологик касалликларга қарши курашиш бўйича комплекс режа қабул қилиш, илмий онкомарказ яратиш даркор. Соғлиқни сақлаш тизими секин-аста мажбурий ижтимоий тиббий суғурталаш тизимига ўтиб борилади. Бепул тиббий ёрдам кафолатланган ҳажмининг янги моделини ишлаб чиқиш керак. Ахборот тизимларини интеграция қилиш, мобил рақамли иловалардан фойдаланиш, соғлиқни сақлаш бўйича электрон паспортларни жорий қилиш зарур. Генетик таҳлил технологиялари, сунъий интеллектни соҳага киритиш лозим. "Халқ саломатлиги ва соғлиқни сақлаш тизими" Кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш керак.
Сифатли бандлик ва ижтимоий таъминотнинг адолатли тизими. Касбий стандартлардан келиб чиқиб, янги таълим дастурларини ишлаб чиқиш ёки амалдагисини янгилаш керак. Барча асосий касблар бўйича замонавий стандартларни ишлаб чиқиш зарур. Қозоғистонликларга имкон қадар янги ишни тезроқ топиш учун имкон яратиш лозим. Ягона электрон биржани татбиқ этиш тақозо этилмоқда. Уйдан чиқмай туриб касбга йўналтирилган тестлардан ўтиш, ўқув курслари, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида билиш ва қизиқ иш топиш имкони яратилиши керак. Меҳнат дафтарчаларини электрон форматга ўтказиш лозим.
Ижтимоий сиёсат. Пенсия тизими энди тўлиқ меҳнат стажига боғлиқ бўлади, яъни ким кўп ишлаган бўлса, кўпроқ пенсия олади. Аҳолининг кам таъминланган қатламига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг янги тартибига ўтилди. Ишга яроқсиз фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.
Самарали давлат бошқаруви
Бизнесга "ягона дарча" тамойили бўйича кўрсатиладиган давлат ёрдамини бериш жараёнлар рақамлаштирилишини таъминлаш керак. Табиий монополия субъектлари хизматлари сифатини оширишга доир ишларни давом эттириш керак. Уларга ва энергия ишлаб чиқарувчиларга инвестиция дастурларига асосланган тарифларни белгилаш муҳим. Ҳукумат бизнесни қўллаб-қувватлаш ва уни юритишга доир тизимли чораларнинг янги пакетини тайёрлаши керак. Шунингдек ҳукумат виза жараёнларини соддалаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ва туризм соҳасидаги тўсиқларни олиб ташлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини қабул қилиши керак. Янги технологиялар татбиқ қилиниб, давлат ва компаниялар ахборот тизимлари ва ускуналарининг ишончли ҳимоясини таъминлаши зарур.
Коррупцияга қарши кураш ва қонун устуворлиги
Коррупцияга қарши курашиш йўлида катта ишлар қилинмоқда. Охирги 3 йилда коррупция натижасида 2,5 мингдан зиёд киши ҳукм қилинган, улар орасида юқори мансабдор шахслар ва давлат компаниялари раҳбари ҳам бор. Шу вақт ичида улар томонидан давлатга етказилган 17 миллиард тенге миқдоридаги зиён қопланган. Давлат идоралари фаолиятини рақамлаштириш, жумладан уларнинг аҳоли ва бизнес билан ҳамкорлигини кучайтириш зарур. Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш соҳасида видеокузатув, шунингдек кўчаларда, жамоат жойларида таниб қолиш ҳамда йўл ҳаракати назорати интеллектуал тизимларини фаол татбиқ қилиш керак.
"Ақлли миллат" учун "Ақлли шаҳарлар"
2018 йилда Остона шаҳрининг 20 йиллик юбилейи нишонланади. Замонавий технологиялар ёрдамида тезкор ўсаётган мегаполис муаммоларини самарали ҳал қилиш зарур. Smart city концепцияси ва шаҳарга кўчиб бораётган инсонлар компетенциясини ривожлантириш асосида шаҳар муҳитини бошқаришни комплекс татбиқ қилиш керак. Дунёда шаҳарлар инвесторлар ўрнига рақобатга киришади, деган хулоса бор. Шунинг учун Остона тажрибаси асосида Smart city эталон стандартини шакллантириш ва энг яхши тажрибани Қозоғистон шаҳарлари орасида тарқатиш керак. "Ақлли шаҳарлар" ҳудудий ривожланиш, инновацияни татбиқ қилиш ва мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб ҳаёт сифатини ошириш локомотивларига айланади.
Мавзуга оид
20:59 / 18.11.2024
Қозоғистонда Европа ва Осиё ўртасидаги кўприк юк автомобиллари учун ёпилди
15:13 / 18.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон таълимда қўшма дастурларни амалга оширишни муҳокама қиляпти
15:25 / 14.11.2024
Қозоғистонда Каспий денгизи соҳилидан мингдан ортиқ ўлик тюленлар топилди
21:23 / 13.11.2024