«Тошкент-Андижон-Ўш-Қашғар» йўналиши бўйича илк автокарвон жўнашга тайёр
"Тошкент-Андижон-Ўш-Қашғар" янги транспорт коридори бўйича илк автокарвонни жўнатишга тайёргарлик ишлари кетмоқда. 16 февраль куни Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров ҳамда Ўзбек автомобиль ва сув транспорти агентлиги вакиллари қатнашган матбуот брифингида шу ҳақида маълум қилинди. Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар экспортчилари маҳсулотлари юкни қабул қилиб олувчиларгача «Silk Road International» МЧЖнинг автотранспорт воситалари билан етказиб берилади. Қашғарга етиб боргач, автокарвон импорт маҳсулотларни олиб ортга қайтади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг май ойида Хитойга давлат ташрифи давомида "Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой" янги автомобиль коридорини йўлга қўйиш ташаббуси билан чиққан.
"Мазкур лойиҳани амалга ошириш автоташувчиларга уч мамлакат ҳудуди бўйлаб мунтазам юк ташишни йўлга қўйиш имконини беради", - дея таъкидлади ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров. - Бу ўзаро товар айланмаси ҳажмига ижобий таъсир кўрсатади ва Ўзбекистон, ХХР ва Қирғизистоннинг транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради.
Дастлабки синов қатновларида умумий узунлиги 920 километр бўлган йўл 31 соатда босиб ўтилган, бундан 16 соати ҳаракатда ўтган.
Автокарвоннинг ўртача тезлиги тахминан 50-60 км/соатни ташкил қилади. "Дўстлик" ўзбек-қирғиз чегарасидан ўтиш вақти тахминан 1,5 соат вақт олган, "Иркештам" қирғиз-хитой чегарасидан ўтиш эса - 2 соат атрофида.
2018 йилнинг январь ойи охирида Ўзбекистон, Қирғизистон ва ХХР ўртасида "Тошкент-Андижон-Ўш-Иркештам-Қашғар" мунтазам юк ташувчи автокарвон йўналишининг очилиши билан боғлиқ барча ташкилий-техник масалалар мувофиқлаштирилган.
Тадбирда таъкидланишича, кўрилган чора-тадбирлар янги йўналиш бўйича 100 минг тонна атрофидаги экспорт-импорт юкларини ташиш имконини беради.