Орзудаги бизнес: Ой ва Марс колонизациясидан қандай пул ишлаш мумкин?
Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқлардаги суҳбатдошларимдан бири Ой ва Марс колонизацияси йўлида қилинаётган харажатлар ҳеч қачон ўзини оқламаслигини қизиққонлик билан исботлашга ҳаракат қилди. Дарҳақиқат, ракета парвози ва Халқаро космик станция (ХКС) фаолиятига қанча пул сарфланиши ҳақида кўп эшитамиз, шунинг учун космонавтика заруратдан кўра кўпроқ ҳашаматдек туюлади. Бугунги кунда сунъий йўлдошлардан даромад келиши аниқ далил бўлса, Қизил сайёрага келганда фақатгина транспорт харажатлари шубҳа уйғотади: бундай бизнес харажат қилишга арзирмикан? Космосни ўзлаштириш тарихи шубҳасиз арзишини кўрсатмоқда. Forbes мутахассиси Алия Прокофьева шу ҳақида сўз юритади.
NASA 1976 йилдан бери агентлик фаолиятининг акс маҳсулотларига бағишланган "Spinoff" йилномасини нашрдан чиқармоқда. Шу кунга қадар 2000 га яқин кашфиёт, шу жумладан NASA томонидан хусусий компаниялар билан биргаликда ишлаб чиқилган кашфиётлар кундалик ҳаётда қўлланиб келинмоқда. Уларга Европа ва Совет кашфиётлари қўшилса, жуда кўп технологиялар ва шунга яраша пул малбағлари келиб чиқади - масалан, хотира эффектига эга матрас ва ёстиқлар сотувларда етакчилик қилмоқда, смартфонингизда эса NASA технологияси асосида ишланган матрицали камера бор.
Сайёралар колонизацияси янада кўп спин-офф маҳсулотларини келтириб чиқаради. Қайси йўналишлар энг фаол ривожланади?
Ҳар янги кун робототехника илғор ўлкасидан янгиликлар олиб келмоқда. Қуёш тизими сайёраларини ўзлаштириш истиқболлари ҳам эътибордан четда қолмайди.
Космик парвозлар соҳасидаги ишланмалар билан шуғулланувчи Жонсон номидаги космик марказ (NASA) мутахассислари Валькирия роботини ишлаб чиқаришди. Бу предметларни кўчириш ва уларни улашга қодир роботдир. Робот ишлаб чиқарувчилари унинг бўлғуси Марс базасига майдон тайёрлаши ва қурилишда иштирок этишини тахмин қилишмоқда.
Германиянинг Жастин роботи тўрт ғилдиракли одамсимон торс кўринишини олган. У учар предметларни ила билиш, суратга олиш ва уларни йўллаш каби "муҳим" хусусиятлардан ташқари, майда таъмирлаш ишларини амалга ошира олади. Синовлар давомида Жастин бир неча дақиқанинг ўзида ишдан чиққан қуёш батареясини муваффақиятли тўғирлади.
Бир қарашда сунъий интеллект дунё бўйлаб муҳим юришини бошлагандек туюлиши мумкин. Бироқ моҳият шундаки, бу роботларнинг барчаси ягона, анча қимматбаҳо нусхалардир, сунъий интеллект эса кўпинча муайян дастурчилар гуруҳининг фикрлаш доирасига боғлиқ бўлади. Натижада эса ҳам робот ишлаб чиқариш, ҳам алоҳида элементлар ишлаб чиқаришнинг уддасидан чиқувчи хусусий тадбиркорлар учун кенг фаолият майдони очилади.
Инсонга ўхшаш автоном робот сармоячиларда керакли таассурот қолдира олади, бироқ кўплаб оддий роботлар ҳам керак бўлади: разведкачилар, юк ташувчилар, ташувчилар. Бу роботларнинг барчасига, шубҳасиз, ҳозир Ерда ҳам талаб катта, масалан, оғир шароитлар ёки хавфли объектларда ишлаш учун.
3D-босма
Ер ташқарисидаги колонияларда 3D-босма биринчи зарурат предметларидан бири бўлиб қолмоқда. Принтерларнинг кенг спектори керак бўлади: саноатдан тортиб маишийгача. Бири пластик ликопчаларни босмадан чиқарса, бошқаси - мураккаб механизмли деталлар, учинчилари эса - колониячиларнинг турар-жойларини. Ҳозирда ХКСда Made In Space (MIS) компаниясининг вазнсизликда ишловчи 3D-принтерлари муваффақиятли синовдан ўтмоқда. MIS шунингдек очиқ космос шароитларида ишлай олувчи принтерларни ҳам ишлаб чиққан.
Биз космосдаги йирик ўлчамли конструкцияларни босмадан чиқариш технологияси устида ишлаяпмиз. Бу бир томондан, кўп нарсаларни космоснинг ўзида ишлаб чиқариш имконини беради, зеро уларни Ердан ташиш қимматга тушарди. Бошқа томондан эса, биз Ернинг ўзида ҳам катта конструкцияларни босмадан чиқаришга бўлган сўровларга дуч келдик - бу асосан самолёт ва автомобиллар деталлари. Ой ва Марс тупроғидан уй қуришга келганда эса, ҳам Америка, ҳам Европа томонидан бу борада бир неча лойиҳа тақдим этилди.
Бироқ ер тупроғининг нимаси ёмон? 3D-принтерлар ёрдамида қурилиш технологияларини Ерда ҳам қўллаш мумкин, айниқса, етиш қийин бўлган жойларда бу айни муддаодир.
Иссиқхоналар
Замонавий иссиқхона — бу механизмлар ва датчиклар билан тўлдирилган мураккаб технологик комплекс. У суткада 24 соат ишлайди ва йил бўйи ҳосил беради, бундай ҳосилдорлик даражаси ўтмишдаги фермерларининг тушига ҳам кирмаган. Иссиқхона LED-лампалар билан жиҳозланган, ўсимликлар гидропоникда етиштирилади. Шу боис мавжуд технологияларни Ердан ташқаридаги колонияларга татбиқ қилиш қийинчилик туғдирмайди.
NASA бўлғуси Ой ва Марс базалари учун махсус Lunar/Mars Greenhouse иссиқхоналарини ишлаб чиқди. Тахминларга кўра, улар тупроқдан олинган маҳаллий сувдан фойдаланади. Эҳтимол, улар ер юзасига ўрнатилар, ўшанда улар LED-чироқлар билан таъминланар.
Mars One лойиҳаси яқин космос-бизнеси намунаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Унинг асосчиси Бас Лансдорп Марсга колониячиларни йўллашнинг уддасидан чиқишига ҳамма ҳам ишонмайди, одамларнинг у ерда яшаши мумкинлигига-ку ундан-да кам одам ишонади. Одамлар Лансдорп ёлғончими ёки йўқлиги борасида баҳслашишгунга қадар у Марс тупроғи муқобилида сабзавотларни муваффақиятли етиштирмоқда. Шундай экан, Марсда базалар пайдо бўлганида голланд ва унинг ҳамкасбларидан қишлоқ хўжалик ўсимликларини етиштириш технологиясини сотиб оладиганлар топилади. Бу бутун дунёга машҳур голланд иссиқхоналарига қўшимча реклама бўлади.
Тиббиёт
Дорихонада "Мирамистин" харид қилаётганингизда у орбитал станциялар учун кенг таъсирга эга антисептик сифатида пайдо бўлганини билсангиз керак. Диабетикни ҳар сафар шприц ёрдамида инсулин йўллаш заруратидан халос қилувчи, баъзи моделларда эса - ҳар сафар қондаги қанд миқдорини ўлчаш заруратидан халос қилувчи инсулин помпаси космонавтларга масофадан ташхис қўйиш учун акс таъсирга эга маҳсулот.
Масофадан ташхис қўйиш ва даволаш, робот-жарроҳлар, вазнсизликда дори ишлаб чиқариш — ер ташқарисидаги колониялар учун муҳим бўлган бу йўналишлар ҳозирда фаол ривожланмоқда. Яқин келажакда олимлар ҳужайралардан ҳаёт учун чидамли органларни етиштиришни ўрганиши режалаштирилмоқда ва ҳозирнинг ўзидан 3D-принтерда сифат жиҳатидан инсон ҳужайраларига яқин бўлган янги авлод имплантлари босмадан чиқарилмоқда.
Ахборот технологиялари ва алоқа
Бу техника мўъжизалари учун ҳам гигант корпорациялар, ҳам микрокорхоналар ва ҳатто индивидуал ишбилармонлар ишлаб чиқувчи дастурий таъминот керак. Ахборот хавфсизлигига бўлган талаб ошади, ахборот ҳимоясига ихтисослашган компаниялар талабгор бўлади. Юқори қувватли алоқа тизимлари ва Марсдан Ерга сигнал узатиш технологиялари ишлаб чиқилади.
Реклама
1997 йилда Исроилнинг сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Tnuva компанияси космосда ролик олган биринчи компания бўлганди - у "Мир" орбитал станциясида тасвирга туширилган эди. 2001 йилда Pizza Hut ХКСга пицца етказган илк компания бўлган. Яқинда эса Илон Маскнинг Tesla Roadster автомобили Марс томон йўналди. Шубҳасиз, бу ҳозирча камомад кўраётган Tesla компанияси сотувларини кўпайтиради. Coca-Cola ёки Nestle каби машҳур компанияларнинг космик дастурлардаги иштироки эса, ўз навбатида, космосга бўлган эътиборни кучайтиради.
Кўнгилочар тадбирлар
Мияга келадиган биринчи нарса — туризм. Ҳозирча SpaceX'нинг сайёҳларни Ой томон тўхтовсиз парвозга йўллаш режалари ҳақида маълум қилинган, лекин Ой ва Марс колониялари пайдо бўлганида уларда меҳмонхоналар қуриш масаласини кўриб чиқиш керак бўлади.
Қолгани ишбилармонларнинг фантазияларига боғлиқ. Эҳтимол, даставвал истеъмолчиларга бошқа сайёрада масофадан робот-аватар "ниқоби"да саёҳат қилиш ёки Ойга ўрнатилган телескопга назар ташлаш имкони берилар. Вақт ўтгач, кўнгилочар дастурлар Ой ва Марсга туристик саёҳат қилиш имконига эга бўлмаганлар учунгина қолади. Сайёҳлар учун эса "марсча" парклар, ресторанлар ва сувенирлар савдосини ўз ичига олувчи ривожланган инфратузилма пайдо бўлади.
Киносаноат Ой ва Марсда съёмка қилиш имконига эга бўлади. Маълум бир вақт ўтгандан кейин уларга бўлган қизиқиш сўнади, лекин бу имкониятдан биринчи бўлиб фойдаланиб қоладиганлар анча харажатларини қоплаб олишади ва кинематограф тарихига киришади.
Бу Ой ва Марс колонизацияси ортидан бойиш мумкин бўлган бор-йўғи бир неча соҳа холос. Улардан ташқари, энергетика ва транспорт соҳалари, шунингдек янги материаллар ишлаб чиқариш ва компьютер ўйинлари сонаотида янги истиқболлар очилади. Шу билан бирга, "Марс" рамзлари, ракеталар моделлари ва космик қурилмалар сурати туширилган эсдалик тангалари, маркалар, сувенирлар ҳақида ҳам унутмаслик керак.
Мавзуга оид
20:08 / 10.11.2024
Хитойга тегишли марсоход Марсда қадимий океан изларини топди
17:44 / 08.11.2024
Хитой 2030 йилгача одамларни Ойга учиришини маълум қилди
10:56 / 07.11.2024
Помидордан қулупнайгача. Марсда яшай оладиган 8 та ўсимлик маълум қилинди
23:34 / 18.10.2024