Марсни ўзлаштиришга тўсқинлик қилаётган муаммолардан бири — нафақат яшаб қоладиган, балки сайёрадаги оғир шароитларни ўзгартира оладиган чидамли ўсимликларни топишдир. Қизиғи, Ерда бундай ўсимликлар кўп. Мутахассислар камида 8 та шундай ўсимлик турини аниқлади, деб ёзмоқда Interesting Engineering.
1. Ширин картошка
Марсда етиштириш учун энг яхши номзодлардан бири ширин картошка ҳисобланади. У ғоят мослашувчан ва озуқавий хусусиятлари билан ажралиб туради. Унинг чидамли тугунаклари озуқавий жиҳатдан қашшоқ тупроқ шароитида ҳам ўсиб, юқори ҳосил беради. Бундан ташқари, ўсимлик бошқа экинларга нисбатан камроқ сув талаб қилади. У қурғоқчиликка бардош бериш учун намликни ўзида тўплай олади.

2. Чўл йўсинлари
Яна бир кучли даъвогар чўл йўсинидир, чунки у ҳалокатли шароитларда ҳам яшаб қолиш қобилиятига эга. The Innovation журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, ўсимлик −196 градусгача совуққа ва юқори даражали гамма нурланишга чидайди.

3. Карам
Жингалак карам (Брассиcа oleracea var. sabellica) аслида сунъий яратилган Марс тупроғида оддий ерга қараганда яхшироқ ўсади. Бундай ҳолатларда у таъми жиҳатидан фарқ қилмайди ва ўзининг хусусиятларини сақлаб қолади: таркибида кўп миқдорда клетчатка ва минераллар мавжуд. Бироқ олимлар ўсимлик бегона тупроқдан меъёридан ортиқ темир ўзлаштириб олиши мумкинлигидан хавотирда.

4. Қулупнай
Афсуски, Марс тупроғида барча зарур озуқа моддалар йўқ ва у заҳарли перхлоратлар билан тўйинган, шу сабабли қулупнайни анъанавий усулда етиштириш имконсиз. Лекин олимлар умидни йўқотмади ҳамда анъанавий тупроқсиз ҳам, одатдагидан 95 фоиз кам сув сарфлаб, резавор мевани етиштириш йўлини ўйлаб топди.



















