Спорт | 12:37 / 19.02.2018
31474
7 дақиқада ўқилади

Ўзбек футболида «сирпанчиқ қоидалар». Бизни яна нималар деб алдашган?

БОШЛАМАЙСАНМИ КОНЦEРТИНГНИ?
Халқимизнинг севимли санъаткори Ҳожибой Тожибоевнинг бир латифаси бор эди. Қизиқчи бир ерга концерт қўйгани бориб, одамларни роса кулдиради. Барча ичакузди ҳангомалардан мириқиб кулаётганда бир отахон қовоқ ўйиб тураверади ва охири гапиради: «Э бола бошламайсанми концертингни? Боядан бери гапирасан, мен бу ерга концерт кўргани келганман». Ўша отахон қизиқчининг кулдиришини эмас, қўшиқчининг ашула айтишини эшитгани боряпман деб ўйлаганда аслида…

УМИДЛИ ИБТИДО
Кўпчилик футбол мухлислари ҳам юқорида айтганимиз отахоннинг ҳолатига тушиб қолишган. Биз нималар кутгандигу, нималар бўлиб кетяпти… Футболимизга янги раҳбар тайинланганида ундан кўп нарсани умид қилдик. Айтганча, унинг исми ҳам умидларимизга монанд Умид. Эндиликда у вице-президент даражасига туширилган бўлса-да, аслида барча амалий ишларни ўзи қилаётганини кўрмоқдамиз. Ўзининг таъбири билан айтганда, 7 жойдан ойлик оладиган биринчи раҳбар эса футбол билан яқиндан шуғуллана олмаслиги тайин. Шундай қилиб, футбол оламига мутлақо бегона бўлган, мамлакат футболини ўз қўлига олишидан сал олдин «Пахтакор» вице-президенти этиб тайинланган Умид Аҳмаджонов миллионлаб халқимизнинг эрмаги бўлган футболнинг каттаси бўлди. Кейин Аҳмаджонов яна бир футбол олами учун нотаниш Омон Ғофуровни ПФЛ раҳбари этиб тайинлади. Хуллас, футболда инқилоб бошланди. Регламентдан тортиб, қоидаларгача ҳаммасининг оёғи осмондан бўлди. Янги раҳбарият Олий Лига жамоалари сонини 12тагача қисқартирди. Балки, қўшни давлатларнинг саноқли жамоалардан иборат зерикарли чемпионатига «ҳавас» қилишгандир? Лекин ўша қўшниларимиздаги жамоалар сони бизникидан анча кам эканини, уларда футбол биздаги каби оммалашмаган эканини инобатга олишганмикин биз умид билдирган раҳбарлар? Ҳалол меҳнати эвазига Олий Лига йўлланмасига эга бўлган «Цементчи»га юқори дивизионда ўйнашга рухсат берилмади. Чемпионатни қуйи ўринларда якунлаган «Нефтчи» ва «Сўғдиёна» тушунарсиз тарзда Олий Лигага, айтганча энди номи ўзгарган СУПEРлигага олиб чиқилди. Майли юқори дивизионни нима қилсалар қилишди. Бугун Биринчи Лига, оббо яна ёдимдан кўтарилибди, эндиликда Про-Лига эканлиги, хуллас иккинчи дивизионимиз ҳақида гапирмоқчимиз.

СИРПАНЧИҚ ҚОИДАЛАР
Агар футболимизда ҳам йилни ўзига хос номлаш одати бўлганида бу йилги футболимиз «Қайта номлаш ва абривациялаш йили» номини олган бўларди. Аввал иккита лигамизнинг, кейин эса футбол федерациянинг номи ўзгартирилди. Энди ЎФФ сўзи тарихда қолди ва ЎФА билан алмаштирилди. Худди бу билан биз Европа даражасига кўтариладигандек. Балки, салобатлироқ эшитилгани учун шундай ўзгартиришгандир. Салобат деганда бир латифа эсга тушади. Бир аэропорт яқинида яшайдиган отахон аравада кетаётганида самолётнинг шамолидан йиқилиб жароҳат олибди. Воқеа жойига етиб келганлар отахон протоколга бахтсиз ҳодиса деб ёзайликми деса отахон хафа бўлади: «Йўқ, болам, авиаҳалокат деб ёз. Салобатли эшитилади-да!», деган экан. Дарвоқе, «Олмалиқ» ҳам бу қайта номлаш ва аббревиатуралашлардан илҳом олди чоғи, номини биратўла русчасига АГМК деб қўяқолди. Хуллас, ана ўша янги номдаги ЎФА Биринчи Лига форматини ҳамон тасдиқлагани йўқ. Одатда мавсум бошланишидан олдин вилоятлар миқёсида ўтказиладиган Иккинчи Лиганинг ғолиблари ўртасида Биринчи Лигага чиқиш учун ўтиш мусобақалари ўтказиларди. Бироқ, ҳозир бу ҳақда ҳеч қандай гап йўқ. Аввалига ҳар бир вилоятдан битта жамоа Биринчи Лигада ўйнайди деган хабар тарқалди, лекин бу хабар ҳам 24 ёшдан катта бўлган футболчиларга қўйиладиган тақиқ каби «кимдир айтганидек» бўлиб чиқди. Агар ҳар бир вилоятдан битта жамоа Биринчи Лигада ўйнаса, вилоятлардаги бир нечта жамоалар Иккинчи Лигага бадарға қилиниши керак. Тез-тез ўзгарадиган қоидаларга эса «сирпанчиқ қоидалар» деб ном беришга қарор қилдик. Чунки, улар чинданам сирпанчиқ, ҳар дақиқада ўзгариб қолиши мумкин. Биринчи Лига ҳақида ўзгармайдиган қарор эса ҳали чиққани йўқ. мутахассислиги филолог бўлган Ғофуровнинг таъкидлашича, Про-Лиганинг даражаси эски Олий Лиганики каби бўларкан. Бу гапи билан у эски Олий Лиганинг даражаси пастлигига ишора қилдими, ёки ҳозирги Биринчи Лиганинг даражаси ўта юқорилигигами билиш қийин. Ҳар ҳолда ҳали қайси жамоалари ўйнаши, қайси тартибда ўйнаши ҳам аниқ бўлмаган Про-Лигани юқори даражада деб бўлмайди.

СИФАТЛИ ЛИГА
Мухлисларнинг янги бошланадиган Биринчи Лига баҳсларидан умидлари катта. Олий Лигада жамоалар сони қисқариб, учта жамоа Биринчи Лигага туширилгани сабаб эмас, шунчаки ҳозир юртимизда футбол ҳавоси кезиб юрибди. Ёшларимизнинг жуда узоқ кутилган ғалабаси барчани хурсанд қилиб юборди. Мана нима учун мухлислар Жаҳон Чемпионатига чиқишимизни бунчалик қаттиқ хоҳлашарди. Битта йирик ғалаба, битта туртки барча нарсанинг олдинга боришини таъминлайди. Бу йўлда футболнинг раҳбари ким бўлиши унчалик муҳим эмас. Асосийси ўша раҳбар тўғри ривожланишга халақит бермаса бўлгани. Янги мавсумда Самарқанд, Андижон, Сурхондарё, Қорақалпоғистон, Хоразмнинг бош жамоалари Олий Лига йўлланмаси учун кураш олиб боришади. Бу эса турган гапки, рақобатни кучайтиради. Бироқ янги форматнинг бунга алоқаси йўқ деган бўлардим. Чунки, Биринчи Лига учун ундай форматнинг ўзи йўқ. Бугун бизда яхши футболчилар кундан-кунга кўпайиб бормоқда ва футбол ўз ўзанидан ҳеч қандай таъсирсиз борса ҳам анча ривожланишга эришади. Шу сабабли, бу йилги Биринчи Лига баҳсларига қизиқиш катта бўлади. Фақат унинг қандай ўтказилиши, кимлар қатнашишини тезроқ эълон қила қолишсайди. Раҳбарият кўп гапларни гапирди, жуда кўп. 6 февраль куни янги мураббий билан шартнома имзолаймиз деди, 24 ёшлилар ўйнамайди деди, норматив топшира олмаганларга майдонга тушишга рухсат бермаймиз деди. Бироқ фақат деди, деди, деди. Энди амалий ишлар ҳам бўлсайди. Қизиқчимиз таърифлаган отахон айтганидек концерт бошлана қолсайди…

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ

Мавзуга оид