Спорт | 19:48 / 10.09.2024
3136
2 дақиқада ўқилади

Хитойда 43 футболчи келишилган ўйинлар учун умрбод дисквалификация қилинди

Бундай жазога тортилганлар орасида терма жамоанинг уч нафар собиқ футболчиси, шунингдек, Жанубий Корея терма жамоасининг собиқ футболчиси ҳам бор.

Фото: AFP

Хитой футбол ассоциацияси (CFA) келишилган ўйинларда ва ноқонуний пул тикишда айбланган 38 нафар футболчи ва беш нафар амалдорни умрбод футболдан четлатди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Икки йиллик тергов 41 футбол клуби иштирокида 120 та келишилган ўйинни аниқлади, деди Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлиги вакили Чжан Сяопэн. Хабарда бу ўйинларнинг қаерда ўтказилганига аниқлик киритилмаган.

Умрбод дисквалификасия қилинганлар орасида Хитой терма жамоасининг уч нафар собиқ аъзоси Жин Жингдао, Гуо Тианю ва Гу Чао, шунингдек, «Шандонг Таишан» жамоасида ўйнаган жанубий кореялик футболчи Сонг Жонг Хо ҳам бор.

Чжан Сяопэн сўзларига кўра, бундан ташқари, 44 киши порахўрлик, қимор ўйинлари ва ноқонуний равишда казино очгани учун жиноий жавобгарликка тортилган, яна 17 киши порахўрлик ва келишилган ўйинларда айбланган.

CFA президенти Сон Кай сўзларига кўра, улардан 43 нафари футбол билан боғлиқ фаолиятдан умрбод четлаштирилган, яна 17 нафари эса беш йилга дисквалификация қилинган.

Феврал ойида Хитой терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Ли Тэ коррупция ва келишилган ўйинларда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Мавзуга оид