Барча педагогика олий ўқув юртларида бепул қайта тайёрлаш курслари ишга туширилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 февраль куни мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг савияси, билими ва кўникмалари масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тизимда фаолият юритаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи эса ўрта махсус маълумотга эга экани қайд этилди, деб хабар берган Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати.
Болалар тарбияси жараёнига ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог-кадрларни жалб қилган ҳолда, уларни гўдаклигидан онги ва тафаккурини тўғри шакллантириб бормасак, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш қийин бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.
Бу борадаги ўрганишлар натижасида келгуси 3 йилда мактабгача таълим тизимида 47 минг 300 дан зиёд олий маълумотли педагог кадрлар, жумладан, 28 минг 300 нафар тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарига эҳтиёж пайдо бўлиши аниқланган. Шу сабабли жорий йилнинг март ойидан университетлар ва педагогика институтлари негизида мактабгача таълим муассасалари педагогларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари ташкил этилади.
Бугун Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида юқори малакали дефектологлар (логопедлар), амалиётчи психологлар ва мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларига мўлжалланган малака ошириш курсларига қабул қилинган илк тингловчилар учун ўқув машғулотлари бошланди.
Таъкидлаб ўтиш керакки, университетда ўқув машғулотлари замонавий хорижий тажрибани қўллаган ҳолда замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этилган. Барча тингловчилар онлайн тизимда ишлайдиган мультимедия ускуналари ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган.
Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси томонидан ушбу қайта тайёрлаш курсларига олий маълумотли 816 нафар номзод жалб этилди.
Бундан ташқари, бугун республиканинг барча вилоятларидаги университетлар ва педагогика институтлари негизида бепул қайта тайёрлаш курслари иш бошлади, уларга кўплаб тингловчилар жалб этилди.
Мавзуга оид
09:17 / 22.04.2024
Ҳиндистонда ўзбекистонлик мутахассислар учун ўқув курслари ташкил этилади
07:53 / 31.08.2023
Судьяликка талабгорлар синовларда нега 0 балл олганига изоҳ берилди
09:14 / 25.07.2023
1 августдан давлат органлари раҳбарлари рақамли технологиялар бўйича курсларда ўқитилади
07:53 / 22.07.2023