Ўзбекистон | 07:53 / 22.07.2023
3400
1 дақиқада ўқилади

Оксфорд университетида ўзбек тили курси очилади

Шу йил декабрь ойида Оксфорд университети расмий делегациясининг ташрифи доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланади.

Фото: yuz.uz

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига Оксфорд университети Шарқшунослик факультети декани ўринбосари, профессор Зейнеб Юракли бошчилигида бир гуруҳ турколог профессорлардан иборат делегация ташриф буюрди.

Меҳмонларга университет фаолияти яқиндан таништирилиб, ўзбек мумтоз адабиёти намояндалари, уйғониш даври адабиётининг ижодкорлари, олим-у фузалолари, уларнинг асарлари ҳақида маълумотлар берилди. Муассасанинг ўзбек тили ва маданиятини тарғиб этишдаги ишлари, «Ўзбек мактаби» фаолияти меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Сўнг ўтказилган учрашувда Оксфорд университетида ўзбек тили курсини очиш ва уни методик қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама этилди. 

Томонлар шу йил декабрь ойида Оксфорд университети расмий делегациясининг ташрифи доирасида ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид