“Буюк юриш”: Хитой интернет-гигантлари супермаркетлар учун жанг бошлашди
Хитойнинг Tencent ва Alibaba интернет-компаниялари онлайндан реал дунёга чиқиб, дўконлардаги харидорлар учун рақобатли курашни давом эттирмоқда.
WeChat тезкор хабарлар алмашиш оператори эгаси сифатида танилган Tencent компанияси яқинда Alibaba электрон коммерция гиганти тутган йўлни тутиб, айланмаси 4,9 триллион долларни ташкил қилувчи Хитой чакана савдо секторига ўтди.
Кийим-кечак ёки озиқ-овқат маҳсулотлари сотуви ижтимоий тармоқлар ва видеоўйинлардан иборат асосий бизнесига бевосита боғлиқ бўлмаса-да, компания бунда кўп афзалликларни кўрмоқда: қисқа истиқболда чакана савдо корхоналари билан ҳамкорлик истеъмолчилар ҳақида кўпроқ маълумот олиш ва Ten Pay рақамли ҳамёнидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш имконини беради.
Tencent келгусида, масалан, ўзининг сунъий интеллект соҳасидаги илғор тадқиқотлари маҳсулотларини реал дўконларга жойлаши мумкин, зеро Хитой чакана савдо технологиялари учун улкан синов лабороториясига айланмоқда.
Супермаркетлар жанги
Шу тариқа компания шерикларни жалб қилиш борасида Alibaba билан кучли рақобатга киришмоқда. Яқинда Tencent 5,4 миллиард доллар эвазига миллиардер Ван Цзяньлин томонидан асос солинган савдо марказларининг эгаси ва энг йирик девелопердан бири Wanda Commercial'нинг 14 фоиз акциясини харид қилишга доир битимни амалга ошираётгани ҳақида маълум қилди. Шу билан бирга, Tencent, Yonghui супермаркетлар тармоғи улушига эга бўлиб, Carrefour'нинг Хитойдаги бўлими ҳамда Heilan эркаклар кийим-кечаги дўконига сармоя киритишни режалаштирмоқда. Яна бир иттифоқдошларидан бири JD.com бўлиб, у январь ойида ретейлернинг янги концепциясини (ақлли логистика ва автоном дўкон аравачалари) намоён этиб, ўзининг илк 7fresh супермаркетини очди.
Alibaba, ўз навбатида, жорий йилда ўнлаб янги Hema Xiansheng супермаркетларини очиш режалари ҳақида эълон қилди. Компания 2,9 миллиард долларлик Sun Art Retail Group маҳсулотлар тармоғи акциялари, Lianhua супермаркетларининг 18 фоиз акциясига эга. Шунингдек компания 2017 йилда 2,6 миллиард долларга ҳашаматли Intime савдо маркази акцияларининг назорат пакетини сотиб олиш режалари ҳақида маълум қилди. Бундай ёндашув компаниянинг операцион даромад ўсишини тўхтатиб қўйди - октябрь-декабрь ойида компания даромади таҳлилчилар баҳоларидан ошиб кетган (12,8 миллиард доллар) бўлса-да, операцион даромад ўсиш кўрсаткичлари 31 фоизгача қисқарган.
"Бу Alibaba чакана савдосининг янги стратегиясига қарши урушдир, - дейди Шанхайнинг 86 Research фирмаси асосчиси Ц.Чжао Мин. - Tencent сармоялар объектлари ўсиши ва шу тариқа, Alibaba'га рақиб орттириш учун ўз воситаларини қўллайди".
Kantar Consulting катта таҳлилчиси Жейн Сюйнинг сўзларига кўра, WeChat иловаси фойдаланувчиларнинг жойлашувига қараб реклама тақдим этиши мумкин, яъни улар Tencent'нинг савдо ҳамкорлари ёнида жойлашган бўлишса, шунга доир реклама узатади ва дўконларнинг харидорларга тўла бўлишини таъминлайди. Бу Tencent'га ўз даромад манбаини ошириш учун харидорларнинг истакларини яхшироқ тушуниш ва янада мақсадли рекламалар билан улашишга салоҳиятли имкон беради.
2017 йилнинг учинчи чорагида сотувлар компанияга 9,8 миллиард доллар келтирди, асосий улуш веб-ўйинлардан экани қайд этилди, бироқ ижтимоий тармоқлардаги реклама энг тез ўсувчи сегмент ҳисобланган WeChat рекламаси бу соҳада 63 фоизлик ўсишнинг асосий омили бўлган. WeChat'даги реклама шарофати билан компаниялар бу даврда 6,9 миллиард юань (1,1 миллиард доллар) ишлаб топишга муваффақ бўлишди.
"Tencent чакана савдосидан тўғридан-тўғри пул ишлаётгани йўқ, - дейди Bain & Co консалтинг компаниясининг ҳамкори Жейсон Дин. - Бу компания олиши мумкин бўлган қўшимча даромадлардир".
Тўлов тизимлари
Шунингдек рақамли тўлов тизимлари ҳам Tencent қарорида муҳим роль ўйнайди. У 5,5 триллион долларлик Хитой мобил тўловлар бозори учун рақобатли курашда компания чакана савдо сектори қўлдан чиқишига йўл қўймайди. Кўп дўконларда Ten Pay’нинг ўрнатилиши борган сари харидорлар ишончини қозониб, бу хизматнинг кўпроқ танлашига олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, янада жозибали имкониятлар мавжуд. Электрон савдо кўлами шиддат билан ўсиб, ер участкалари ва ишчи кучи баҳоси ошганидан кейин ўсиш тўхтаган экан, хитойлик ретейлерлар тобора кўпроқ инновацион технологияларга мурожаат қилишмоқда ва Tencent учун улкан бозор ташкил қилишмоқда – бу уларни булут технологиялар, видеотасвирларнинг компьютер таҳлили ва сунъий интеллект соҳасидаги тадқиқотларни амалга оширишга рағбатлантиради, дейди Хитойнинг Nomura Securities интернет-ресурсининг фонд таҳлили бўлими раҳбари Ши Цзялун.
Хитойдаги дўконлар автоматлаштирилган Amazon Go дўконларида ўтказилаётган тажрибалар каби хизматлар самарадорлигини ошириш учун янги технологиялардан фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда. Баъзи дўконлар янги технологиялар эвазига анъанавий кассалардан халос бўлаётган бир вақтда бошқалар бу йўналишда бор йўғи биринчи қадам қўйишмоқда. Баъзи компаниялар учун янги чакана дўконлар уларнинг операцион тизимларини булут технологияларга кўчиришни билдиради – мижозлар базасидан бошлаб, захираларни бошқаришгача – шунда улар сотувларни кузатиб, истеъмолчилар талабини прогноз қилишлари осон бўлар эди.
“Tencent булут муҳити серверларининг ҳар қандай оператори учун хизматлар тақдим этувчиси бўлмоқчи. Бу бизнес учун улкан имкониятларга йўл очади”, - дейди Ши.
Билим — куч
Бироқ Tencent ҳам муаммолардан холи эмас. Ҳар қандай ўзгаришлар, шунингдек салоҳиятли молиявий даромад вақт талаб қилади, чунки Хитой чакана савдо бозори ҳаддан ташқари майдалашиб кетган. Бутун мамлакат бўйлаб юзлаб чакана тармоқлар мавжуд, уларнинг аксарияти бозорда атиги 2 фоиз улушга эга.
Бундан ташқари, Alibaba янада аниқ маълумотларга эга. Компаниянинг асосий бизнеси – электрон коммерция экан, Alibaba харидорларнинг талабини яхшироқ тушунади. Компания Хитойдаги кенг иқтисодий таназзул шароитларида фойдаланувчи контент, реклама, блоглар ва тўғридан-тўғри интернет трансляцияларини инобатга олган ҳолда, бу маълумотларни онлайн-сотувлар ўтказиш учун қўллайди.
“Сўнгги ўн йилликда Alibaba монетизацияни ошириш учун маълумотлардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда ва бу чакана савдога нисбатан ҳам қўлланмоқда, - дейди Ши. – Tencent’нинг энг катта муаммоси компаниянинг бундай катта тажрибаси йўқлигида, шу боис у чакана инфратузилмага маълумотларни қўллаб-қувватлаш каби воситаларни тақдим эта бошламоқда”.
Мавзуга оид
00:26 / 24.09.2024
Австралияда ёлғон чегирмалар эълон қилган супермаркетлар судга берилди
08:10 / 20.09.2024
Йирик супермаркетларда айрим маҳсулотлар нархи арзонлашди
22:37 / 11.02.2023
Амстердамда бепул маҳсулотларга эга супермаркет очилди
20:31 / 03.05.2022