Россия киноижодкорлари томонидан суратга олинган «17 рақамли афсона» («Легенда № 17») фильмида битта эпизод бор. Собиқ Иттифоқ ҳоккей терма жамоаси ҳоккейчилари ўртасида ички муҳитда муаммолар пайдо бўла бошлайди. Ашаддий рақиблар «Спартак» ва ЦСКА клуби аъзолари терма жамоада ҳам келиша олмай, урушиб кетаверишади.

Шунда ўша вақтлардаги жамоа бош мураббийи Анатолий Тарасов жамоанинг барча аъзоларини муз устига олиб чиқиб, майдон марказидаги айлана бўйлаб катта тезликда айланишни сўрайди. Катта тезликда ҳаракатланаётган ҳоккейчиларга қарата, ўртада «Спартак» аъзолари тўхтанг, ЦСКА, тўхтанг деб жамоалар номини алмаштириб бирин-кетин буйруқ бера бошлайди. Жуда катта тезликда йиғилиб ҳаракат қилаётганларнинг қайсидир қисми тўхтагач, қолганлар уларга урилиб йиқилиб тушаверади, тушаверади. Фильм бош қаҳрамони Валерий Харламов эса (у афсонавий ҳоккейчи, Собиқ Иттифоқ терма жамоаси юлдузи бўлган) ҳаммага қараб қичқиради: «Тўхтамаймиз, тўхтамаймиз!». Бош мураббий ундан сўрайди: «Нега тўхтамайсизлар, мен буйруқ беряпман». Шунда Харламов жавоб беради: «Биз бу ерда ЦСКА ёки «Спартак» эмасмиз. Бу ерда битта жамоа — терма жамоа бор».

Тарасов ҳам айнан шуни шогирдларига тушунтирмоқчи бўлганди. У шу ерда машғулотларни тўхтатади.

Кеча «Uzbek Tigers» жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. Менимча бу жамоанинг кейинги 3 мавсумдаги энг муҳим ғалабаси эди. Тўғри, жамоа плей-офф босқичларида қатнашган, чорак финал, яримфиналларда иштирок этган. Лекин мен учун жамоанинг кечаги ғалабаси энг муҳими эди.

Сўнгги вақтларда бу жамоа атрофида гап-сўзлар кўпайиб кетди. Матбуотда, жумладан «Kun.uz» сайтида ҳам жамоа фаолиятини тугатиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди. Яхшиямки, кейинчалик олимпия қўмитаси бу хабарларни инкор қилиб чиқди. Шундай бўлсада, бундай хабар тарқалишининг ўзи, у қанчалик рост ёки ёлғон бўлишидан қатъи назар, шу жамоада меҳнат қилаётган, шу жамоада рингга чиқаётган ҳар бир аъзо учун руҳан таъсир ўтказгани бор гап. Қилаётган меҳнатингиз, ҳаракатларингиз, барчаси бекор бўлиши мумкинлиги ҳақида бир дақиқа бўлсада ўйлаб кўринг, истайсизми, йўқми бир зум бўлсада издан чиқасиз. Сескантириб юборади. Ўша хабар чиққанда ўзимни боксчилар, мураббийларнинг ўрнига қўйиб кўрдим. Ишонинг, мен каби ҳиссиётли одам учун бу даҳшатнинг ўзгинаси эди.

Кеча Санжар Турсунов ҳали шу пайтгача ҳеч қачон мағлуб этмагани Эрисланди Савонни мағлубиятга учратди. Кеча Шаҳобиддин Зоиров олимпиададан кейин вазнининг ошиб кетиши билан боғлиқ муаммолар туфайли деярли бир ярим йилдан кейин энг муҳим жангига чиқиб, ажойиб қайтишни амалга оширди. Кеча Ҳасанбой Дўсматов жаҳон чемпионатидаги мағлубият аслида тасодиф эканини исботлади. Исроил бу вазнда ҳали айтадиган гапи кўп эканини намойиш этди.