Ўзбекистон | 12:30 / 01.03.2018
33647
3 дақиқада ўқилади

Янги ташкил этилган акциядорлик жамиятига раҳбар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг инвестицияларни жалб этиш ва самарали фойдаланиш масалалари бўйича ўринбосари Отабек Содиқович Мустафоевни лавозимдан озод этиш тўғрисидаги фармонини имзолади.

Отабек Мустафоев Вазирлар Маҳкамаси қарори билан янги ташкил этилган «Ўзшаробсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси этиб тасдиқланди.

Унга Тимур Бахтиярович Умаров ўринбосар бўлади. Тимур Умаров «Ўзшаробсаноат» бошқаруви раисининг ишлаб чиқариш менежменти, инновациялар ва узумчилик саноатини ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосар этиб тасдиқланган.

28 февраль куни Ўзбекистон Президентининг «Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Унга кўра, «Ўзвиносаноат-холдинг» АЖ ва унинг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси тегишлича «Ўзшаробсаноат» АЖ ва «Ўзшаробсаноат» АЖ Ривожлантириш жамғармаси деб қайта номланади. Соҳага оид бўлмаган корхоналар «Ўзшаробсаноат» таркибидан чиқарилади. 

Қарорга мувофиқ:

2018 йилнинг 1 апрелидан виночилик маҳсулотлари учун яроқлилик муддатини белгилаш тўғрисидаги талаб истисно этилади ва бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга уларни сақлаш муддатини мустақил белгилаш ҳуқуқи тақдим этилади;

2019 йилнинг 1 январидан табиий винолар, виноматериаллар ва коняк спиртини ишлаб чиқариш, шунингдек, узумни қайта ишлаш бўйича фаолиятни узумнинг мева берувчи техник навларини етиштириш бўйича 100 гектардан кам бўлмаган плантация майдонига, шунингдек, вино-коняк маҳсулотларининг сақланиши ва етилиши учун эман бочкаларига эга корхоналар, қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларга риоя қилган ҳолда, амалга оширишлари мумкин;

2019 йилнинг 1 январидан ўз узумзор плантацияларининг хом ашёсидан ишлаб чиқарилган табиий узум виноларини қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тоифасига киритган ҳолда, ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни лицензиялаш бекор қилинади.

Узумнинг техник навларини етиштириш учун ер майдонларини ажратиш «Ўзшаробсаноат» АЖ ва Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда юқори ҳосил олиш учун зарур бўлган тупроқнинг унумдорлиги, сув билан таъминлаш манбаларининг мавжудлигини ҳисобга олиб амалга оширилади.

Узумнинг техник навларини ишлаб чиқарувчилар 2025 йилнинг 1 январига қадар муддатга, қишлоқ хўжалик экинларини қатор оралаб етиштиришидан қатъи назар, ер солиғини тўлашдан;

Виночилик корхоналари Ўзбекистонда етарли ҳажмларда ишлаб чиқарилмайдиган, виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган ва фойдаланиладиган материаллар, хом ашё, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва буюмлар белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат асосида олиб кирилиши учун 2025 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларини (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилади.