АҚШда ўтказилган сўнгги президентлик сайловидан кейин кўпчиликни бир савол ўйлантирди: Дональд Трамп вазифасини эплай оладими? Бир йилдан ошиқ муддат ўтгач, тўпланган илк хулосалар билан шуни айтиши мумкинки, Трамп барча кутгани каби анойи бўлиб чиқмади. Унинг бошқарувида АҚШдаги ишсизлик суръати охирги 10 йил ичидаги энг яхши кўрсаткични забт этди.

Нега масалага океан ортидаги вазиятдан йўл очиб келмоқдаман? Сабаби шундаки, бугун жаҳон ҳамжамияти олдида турган азалий масалалардан бири - ишсизлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам мана шу масалага эътибор қаратганда, ишчи ўрни яратган тадбиркорни «бошимда кўтариб юраман» дея қадрлайди.

Давлат раҳбари шу қатори миллий иқтисодиётни янада ривожлантириш мақсадида сўзлашувда «маҳаллийлаштириш» имтиёзлари дея юритилган бир қанча преференцияларни бекор қилиб, имтиёзларни бошқа кўринишга ўтказди. Масалан, енгил саноат ва тўқимачилик соҳасида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ташкил этилган бўлиб, унга аъзо бўлган хўжалик субъектлари (ёки тадбиркорлар) бож тўловларидан озод этилган кўринишда хом-ашё маҳсулотларини импорт қилиши мумкин.

Амалиётнинг қувончли жиҳати шундаки, «маҳаллийлаштириш» дастурида назарда тутилган шароитлар деярли сақланиб қолди. Соддароқ қилиб айтганда, миллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлар хом-ашё импортида солиқ ва бож тўловларидан озод этилганди. Оқибатда, маҳсулот нархи пасайди, четдан трикотаж, енгил саноат маҳсулотлари импорт бўлиши камайди. Бунинг устига маҳаллий тадбиркорлар хориж бозорларини эгаллашни бошлади, эвазига Ўзбекистонда валюта кириб келади.

Шунга қарамай, тадбиркорларга тақдим этилган алоҳида имтиёзлар бошқа тартибда берилиши кўзланмоқда. Бунинг ёқимсиз жиҳати ҳам бор: имтиёздан фойдаланиш барча учун чекланган. Яъни муайян миқдордаги хом-ашёни олиб киришингиз билан жорий этилган чеклов тугайди. Ундан ортиқ хом-ашё учун давлат божи ундирилади. Имтиёзга нисбатан жорий этилган чеклов миқдори айрим сабабларга кўра кичик рақамларда ифода этилган. Масалан, 2017 йилда Наманган вилоятининг ўзида «евро» мато (ТИФТН 5512199000) 11 млн м2 ҳажмда импорт қилинган. Бу кўрсаткич 2018 йил учун 200 минг м2 ҳажмда бўлиши режалаштирилган ва бу бутун Ўзбекистондаги тадбиркорлар учун!