Жаҳон | 21:30 / 06.03.2018
28857
2 дақиқада ўқилади

Москва вилоятида қулаган Ан-148 самолёти кабинасидаги охирги лаҳзалар аудиоёзуви эълон қилинди 

Фото: Publika.md

ОАВда Москва вилоятида 11 февралда фалокатга учраган, “Саратовские авиалинии” компаниясининг Ан-148 самолёти экипаж командири ва иккинчи учувчининг сўнгги мулоқоти расшифровкаси чоп этилди. Москвадан Орскга учаётган самолёт фалокатга учраши оқибатида 71 киши ҳаётдан кўз юмган.

Парвоз бошлангандан бир неча дақиқа ўтгач учувчилар автоинформатор огоҳлантиришидан кейин тезлик датчикларидаги тавофутга эътибор қаратишади. Самолёт учувчиларининг бевосита фалокат олдидан мулоқотининг тўлиқ матни 78.ru томондан чоп этилган. Қуйида самолётнинг ер билан тўқнашишига бир дақиқадан камроқ вақтдаги учувчилар мулоқоти келтирилган.

Самолёт кўтарилиши вақтида тезлик датчиклари бир учувчиникида 390 км/соат, иккинчисиникида 200 км/соат кўрсатган. Бунда иккинчи учувчи фалокатга олиб келган хатога йўл қўяди: у автопилотни ўчириб, самолёт тумшуғини пастга қаратади.

- Қаерга пастга кетаяпсан? Нимага пастга кетяпсан?, - деб айтади командир Валерий Губанов.
- Чунки тезлик 200, - деб жавоб беради унинг шериги. 
- Баландлик! Баландлик! Баландлик!, - деб уч марта айтади командир.
Шундан кейин у шеригига “Юқорига” деб буюради.

Бироқ кеч бўлади. Бир неча сониядан кейин самолёт 800 км/соат тезликда ерга урилади. Ер билан тўқнашув учувчиларнинг англаб бўлмас ҳайқириқлари остида юз беради.

Самолётнинг фалокатга учрашига самолёт тезлиги ҳақидаги нотўғри маълумотлар сабаб бўлган бўлиши мумкин. Тахминларга кўра, датчиклар музлаб қолгани сабабли носоз ишлаган.

Мавзуга оид