Жамият | 23:20 / 07.03.2018
25558
4 дақиқада ўқилади

Мурожаатдан кейин. Бош вазир ўринбосари муаммони ҳал қилиш учун Намангандаги енгил саноатчилар билан учрашди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов Наманган вилоятида тикув-трикотаж соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Маълум қилинишича, Наманган вилоятида 1400га яқин корхона тикувчилик соҳасида фаолият кўрсатади. 2017 йилда 1379та енгил саноат корхонаси томонидан 1,3 триллион сўм қийматидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлиб, 100дан ортиқ турдаги саноат маҳсулотлари истеъмолчиларга етказиб берилган. Шундан 80та енгил саноат ишлаб чиқариш экспортёр корхоналари томонидан 75 миллион АҚШ долларига тенг экспорт амалга оширилган.

«Ушбу кўрсаткич вилоят экспортининг 37 фоизини ташкил қилади. Шу боисдан, юзага келган масалаларни атрофлича ўрганиб, биргаликда ечим топиш учун сизлар билан суҳбатлашмоқчиман», дейди Бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов.

У тадбиркорларни ўйлантирган асосий масалалардан бири давлат божидан озод этилган енгил саноат маҳсулотларини импорт қилиш масаласига тўхталиб ўтди. «Тегишли фармойишда ҳеч қандай чеклов йўқ. Барчаси ҳисоб учун белгиланган, аммо қонунчиликда турли талқин пайдо бўлгани учун ҳукумат даражасида масала қайта кўриб чиқилади. Товарларнинг ТИФТН коди рўйхат асосида кенгайтирилган ҳолда янгидан тақдим этилади», деб фикр билдирди у.

Очиқ мулоқотда наманганлик тикувчи тадбиркорлар янги ташкил этилган «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси сафида аъзо сифатида кираркан, қонунда назарда тутилмаган «металлаллом» солиғига мажбур этилаётганини билдирди. Маълум қилинишича, айрим ишбилармонларга 2 тоннагача «металлаллом солиғи»ни бажариш вазифаси юклатилган.

«Бу ерда масала йирик тўқимачилик корхоналари ҳақида эмас, балки майда тикувчилик цехлари билан мулоқот қиляпмиз. Катта технологиялардан фойдаланувчи корхоналар пахта тойини металл симга ўралган ҳолда қабул қилади. Бу металларни сўраган бўлиши мумкин, аммо хат орқали тушунтириш бериб, ишни назоратингизга оласиз», деб «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси ўринбосарига қарата сўзида давом этди Отажонов.

«Ҳар бир хўжалик субъекти, тадбиркор импорт қилган маҳсулотлари учун ўрнатилган тартибда давлат божини тўлаши лозим. Бизнинг тажрибамизда шундай имтиёз жорий этилганки, давлат бюджетига келиб тушиши назарда тутилган божхона тўловидан воз кечиб, маҳаллий енгил саноат ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида импорт маҳсулотларга қўйиладиган бож тўловини бекор қилганмиз. Танганинг иккинчи томони ҳам бор: имтиёзни тақдим этишда тизимлашган механизмни ишга тушириб, ҳеч ким чекловни яратмай, имкониятлар ҳақиқий эгасига етиб боришини таъминлаш лозим. Қонундан ташқари, бозордаги чайқовчиларни йўқотиш мақсадида уюшма ташкил этилди», дейди Бош вазир ўринбосари.

Отажоновнинг айтишича, уюшма хорижий ҳамкорлар билан яқиндан алоқа қилиш учун кўприк вазифасини ўтаб беради. Чет давлатлардан янги технологияларни олиб киришда, шартномаларнинг ҳуқуқий жиҳатларини соддалаштиришда катта ёрдам беради.

«Биз тадбиркорлар тезкорлик билан имтиёзлардан фойдаланишини таъминлаш учун уюшманинг филиалини Наманган вилоятида ташкил этишни режалаштиряпмиз. Ҳеч ким Тошкентга қатнамайди, бу ерда ҳокимнинг тавсияси билан уюшмага ходимлар ишга олинади, бино ажратилади. Биз буни мавҳум муддатга қолдирмаймиз», деб ташаббусни билдирди Нодир Отажонов.

Бош вазир ўринбосари очиқ мулоқот мобайнида енгил саноат ишлаб чиқарувчилари бож тўловисиз импорт қилинадиган маҳсулотларни ҳисоблаш рўйхатини қайта кўриб чиқилишини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Kun.uz сайтида Наманган вилоятида фаолият олиб бораётган тикув-трикотаж соҳа вакиллари томонидан юборилган мурожаат асосида мақола эълон қилинганди.

Мавзуга оид