21:57 / 07.03.2018
46362

Умр хотимасининг яхши ва ёмон белгилари

Инсон қиладиган ҳар бир ишнинг натижаси унинг оқибати билан белгиланади. Шунингдек, инсоннинг яшаб ўтган ҳаёти мазмуни ҳам унинг сўнгги лаҳзалари билан белгиланади. Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар хотимасига боғлиқ», дедилар (Бухорий ривояти)

Аудио версия (Tas-IX )

 

Демак, бу дунёда қилинган амаллар ҳосили умр сўнгида маълум бўлади. Шу боис инсон ҳаёти қандай якун топиши ҳақида баъзи бир аломатлар ҳам келтирилганки, шунга қараб уни «яхши» ёки «ёмон» деган хулосага келинади. Яъни, ҳаёт вақтида инсон яхши амалларни бажаришга бепарво ва лоқайд бўлиб, умри поёнига етганда шундай ишларга улгураман деган киши адашади. Кўпинча қариб, ўлими яқинлашган инсон бу дунёда қандай ҳаёт кечирдим, нимага эришдим, деб яшаб ўтган умрини бир-бир кўз олдидан ўтказади. Аслида, бу тўғри эмас. Инсон ҳаётининг ҳар кунини ўз амалларини тафтиш қилиб, сарҳисоб этиши лозимлиги манбаларда айтилган. Аммо инсон ҳаётининг қандай хотима топиши ҳеч кимга маълум эмас. Демак, инсон бутун ҳаёти давомида яхши амалларни қилишга ҳаракат қилмас экан, охирги афсус-надомат ҳеч қачон фойда бермайди. Инсон ҳаёти яхши хотима топиши учун у бутун умри давомида тайёргарлик кўриши керак. Чиройли хотима топишнинг бир қанча аломатлари бор:

1.Инсоннинг охирги сўзи шаҳодат калимаси бўлиши.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг охирги сўзи «Лаа илаҳа иллаллоҳ» бўлса, жаннатга киради», дедилар (Абу Довуд ва Ҳоким ривояти). Шунинг учун вафоти яқинлашган инсонга бу калимани зикр қилиш эслатилади. Бу калиманинг улуғлиги шундаки, у инсон умрининг бутун моҳиятини ўзида жамлайди.   

2.Инсоннинг жон чиқар пайтда пешонасидан тер чиқиши.

Бу ҳақда Бурайда ибн Хасиб Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мўмин пешона тери билан ўлади» (Ибн Ҳиббон ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мўминда гуноҳларидан бирортаси қолса, ўлим пайтида унга жазо сифатида пешонаси терлайди», деганлар. Яъни, бу гуноҳи оз қолгани ва бор бўлса ҳам, у шу туфайли ювилиб кетганини билдиради. Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳ: «Саҳобалар жон бераётган одамнинг терлаганини яхши кўрар эдилар», деб айтган.

3. Аллоҳ таолонинг бандани ўлими олдидан яхши амалларни қилишга муваффақ қилиб қўйиши.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бир бандага яхшиликни ирода қилса, уни (бир) амалга йўналтириб қўяди», дедилар. (Шунда саҳобалар): «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб йўналтиради?» дейишди. У зот: «Ўлимидан олдин уни яхши амал қилишга муваффақ қилади», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

4. Аллоҳ розилигини истаган ҳолда рўза тутиб ёки садақа бериб, ўша куни вафот этиш.

Ҳузайфа ибн Ямоний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтиб, (яъни шу сўзни айтиш билан унинг ҳаёти) ниҳоя топса, жаннатга киради, ким Аллоҳнинг юзини истаб садақа бериб, (садақа берган куни) ҳаёти ниҳоясига етса, жаннатга киради, ким Аллоҳнинг юзини истаб (бир) кун рўза тутса, (рўзадор ҳолида унинг ҳаёти) ниҳоясига етса, жаннатга киради», дедилар» (Аҳмад ривояти). Саҳобалар ва тобеъинлар ҳаётини кузатсак, улардан аксарияти ўлими арафасида рўза тутганларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг орасида шундай кунда бутун молини садақа қилиб, тарқатганлари ҳам учрайди.

5. Яхши инсонлар маййит орқасидан чин дилдан яхши сўзларни айтиб мақташлари.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саҳобалар бир жаноза олдидан ўта туриб, маййитни яхши сўзлар билан мақташди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вожиб бўлди», дедилар. Сўнгра бошқа жаноза олдидан ўтиб, маййитни ёмон сўзлар билан қоралашди. У зот яна: «Вожиб бўлди», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Нима вожиб бўлди?» – дедилар. У Зот: «Сизлар яхши деб мақтаган кишига жаннат, ёмон деган кишига дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисиз», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Бир киши вафот этса, унинг ёмон амалини билсак ҳам, ёмонлашга тушиш тўғри эмаслиги, аксинча, унинг яхши хислатларини тилга олиб, ёмонлашдан тийилиш кераклигини мана шу ҳадиси шарифдан англаб олишимиз мумкин.

6. Ота-онанинг хизматида юриб, уларни рози қилиш.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раббнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Рабб­нинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир», дедилар (Термизий ривояти).

7. Аллоҳнинг тоатида бардавом бўлиб, динда мустақим бўлиш, гуноҳлардан ҳазар қилиш ҳамда ширк, риё ва кибр каби иллатлардан сақланиш.

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта: «Раббимиз – Аллоҳ», – деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): «Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! «Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир» («Фуссилат» сураси, 30–31‑оятлар).

8. Кечқурун уйқуга ётишда суннатда келган зикрларни айтиб, охирида ушбу дуони айтиб ётиш ҳам яхши хотима аломатидир.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ алайҳиссалом менга: “Тўшагингга келганингда, намозга таҳорат қилганингдек таҳорат қил, сўнг ўнг томонингга ёнбошлаб:

اللَّهُمَّ أَسْلَمْتُ نَفْسِي إليْكَ، وفَوَّضْتُ أَمْرِي إلَيْكَ، وَأَلجَأْتُ ظهْري إلَيْكَ، رَغْبةً وَرهْبَةً إلَيْكَ، لا مَلْجأ ولا مَنْجى مِنْكَ إلاَّ إلَيْكَ، آمَنْتُ بِكتَابكَ الذي أَنْزلتَ، وَنَبيِّكَ الذي أَرْسَلْتَ

“Алоҳумма асламту нафсий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжа`ту зоҳрий илайк, роғбатан ва роҳбатан илайк, лаа малжа`а валаа манжаа минка илла илайк, аманту бикитабикаллазий анзалта ва набиййикаллазий арсалта”, яъни: “Ё Аллоҳ, нафсимни сенга таслим этдим. Ишимни Сенга топширдим. Сенинг неъматингга рағбат қилиб, ғазабингдан қўрқиб, Сенга суяндим. Сендан бошқа қочадиганим ҳам, нажот топадиганим ҳам йўқ. Нозил қилган китобингга ва юборган пайғамбарларингга имон келтирдим”, деб айт. Агар вафот этсанг, Ислом фитратида ўласан. Ётишдан олдин охирги айтадиганинг шу бўлсин”, дедилар”. (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шогирди Мужоҳидга насиҳат қилиб: «Таҳоратли ҳолда ухла, чунки руҳлар қандай ҳолда қабз қилинса, ўша ҳолатда қайта тирилтирилади», деди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу насиҳатлари барча мусулмонлар учун ибратлидир. Ахир, қанчадан-қанча одамлар уйқудан уйғонмасдан, бу дунёни тарк этмоқда.

Аллоҳим! Умримизнинг охири яхши хотима топишини насиб этгин!

Ёмон хотима топиш бахтиқароликдир. Аллоҳ бундай хотимани ҳеч бир мўмин бандасига раво кўрмасин, зеро ёмон хотимага йўлиқишдан жуда эҳтиёт бўлиб яшаш керак. Бунинг учун ҳар доим охиратни эслаб, ҳар бир иши учун эртага савол‑жавоб борлигини ўйлаб қилмоғи лозим бўлади. Айниқса, гуноҳларни кичик ёки арзимас деб бепарво бўлиш, дунёга муҳаббат қўйиб, ҳалол-ҳаромни ажратмаслик ва охиратни унутиб яшаш ёмон оқибатга сабаб бўлади. Шунингдек, иймон заифлиги туфайли Раббидан юз ўгириб, гуноҳ ишларга журъатли бўлиб қолиш ҳам машъум хотимага олиб келади. Бунинг юзасидан баъзи уламолар шундай маслаҳат берадилар: «Ибодатда мустаҳкам, ичу ташини ислоҳ қилиб юрган одам ёмон хотимага йўлиқмайди. Балки ақидаси бузуқ ва гуноҳ ишларни қилиб, тавбани кечиктирган одам ҳаётини ёмонлик билан якунлайди. Бундай хотима топишни истамаган кишига энг фойдалиси кечки уйқудан олдин бироз ўтириб, шу куни қилган амаллари, ўз нафсини ҳисоб-китоб қилиб, уни тафтиш этишидир. Қайси бир иши савобли бўлса, эртасига ўшани такрор қилиши, агар аксинча бўлса, уни эртаси асло қилмасликдир. Шундай қила олса, тавбасини янгилаб, шу кеча хотиржам ухлайди. Ҳар кеча уйқуси олдидан шундай қилса, ўша кечаси вафот этса, гуноҳлардан покланиб, тавба билан вафот этади. Агар шундай қила олмаса, гуноҳлари ювилмай қолиш эҳтимоли йўқ эмас. Бу эса охирати учун зарардир. Бинобарин, банда учун бундан кўра фойдали тавба йўқ. Шунингдек, тавба орқасидан уйқу олдида айтиладиган зикрларни айтса, фойдадан холи бўлмайди. Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, мана шу амалга муваффақ қилиб қўяди». Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ: «Албатта, гуноҳлар, осийлик ва дунёга ружу қўйиш кабилар ўлим пайтида ўз эгасининг ёмон ўлим топишига сабабчи бўлади», дейди. Уламолар ёмон хотима топиш сабабларига намозга бепарволик, ҳаром луқма ейиш, маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилиш, ота-онага оқ бўлиш, зино ва фаҳш ишларга берилиш, сеҳр жоду билан мусулмонларга зулм қилиш ва шу каби ёмон амалларни мисол қиладилар. Ёмон хотима топиш аломатларидан бири шуки, бундай инсонни шайтон йўлдан уришга эришиб, охирги нафасида уни алдаб, фитнага солади. Бунга икки ака-ука қиссаси мисол бўла олади. Қадим замонда қирқ йилдан буён тоат‑ибодатда юрган солиҳ, мўмин ака билан гуноҳкор, осий ва фосиқ ука бирга яшаб келишар экан. Кунларнинг бирида аканинг қалбига шайтон кириб: «Қирқ йилдан бери Аллоҳга ибодат қиласан. Етар энди. Уканг қирқ йилдан буён кайфу сафода. Сен ҳам озгина гуноҳ қилсанг, нима бўпти?» дея васваса қилди. Шунча йил тинмай ибодатда юрган аканинг кўнглида шайтоннинг бу васвасасига мойиллик пайдо бўлди ва фикри бузилиб, гуноҳ ишга йўл қўйди.  Укаси эса умр бўйи фақат гуноҳ ишлар қилганидан афсусланиб, инсофга келибди: «Мен қирқ йилдан бери гуноҳ ишлар қилдим. Аллоҳдан шунча юз буриб юрганим етар, бугундан бошлаб тавба қилганим бўлсин», деди. Натижада, ака тўсатдан вафот этиб, нияти гуноҳ томонга бурилгани сабабли зиён кўрди. Гуноҳкор ука тавбаси туфайли ўлими олдидан бўлса ҳам, нажот топди. Қиссадан ҳисса шуки, амаллар охирига қараб қадр топади. Аммо инсон ҳар қанча ибодат қилса ҳам, битта гуноҳи туфайли ҳаммаси барбод бўлиши мумкин. Шунинг учун барибир охири чатоқ, ундан кўра қандингни уриб қол, вақти келса, битта савобли ишинг ё тавбанг билан ҳамма гуноҳларинг ювилиб кетади, деган хулосага келиш тўғри эмас. Биринчидан, ўлим қай вақтда келиши ҳеч кимга маълум эмас. Иккинчидан, яхши амалларни қилиб юриб, охирида гуноҳ томонга бурилиш киши қалбида бошқалар билмаган кирлик туфайли содир бўлади. Аллоҳ таоло бу яширин иллатни шу дунёнинг ўзида ошкор этиб қўйиш учун уни шундай балога гирифтор этади. Ташқаридан қаралса, баъзи гуноҳларни қилиб юрса ҳам, қалби тубида ўша гуноҳига нафрат туйиб, тавба қилишни чин дилдан истаган киши қалбидагини Аллоҳ таоло юзага чиқариб, кейин унга ўлимни юборади. Асосийси, банда ёмон хотима топишдан қўрқиб, Аллоҳ таолонинг йўлидан оғишмай ибодатда бўлиши ва тавбага шошилиши даркор. Шунинг учун ҳам Набий алайҳиссалом мана бу дуони кўп ўқиганлари айтилади: «Эй қалбларни ўзгартириб турувчи Зот, қалбимни динингда собитқадам қилгин!» (Термизий ривояти). Дуонинг ўқилиши: («Йаа муқоллибал қулууб саббит қолбий ъала дийника»)

Аммо гуноҳ ишларни қилиб, тавбани орқага суриш мўмин одамнинг иши эмас. Агар у била туриб тавба қилмаса, Аллоҳга йўлиқишдан қўрқиб ҳаёт кечиради. Аллоҳ таоло ҳам бундай банданинг ўзига рўпара бўлишини асло истамайди. Оиша розияллоҳу анҳодан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга йўлиқишни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни яхши кўради. Ким Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни ёмон кўради», дедилар (Ибн Можа ривояти).

Ҳаётда шундай кишилар борки, ҳамма ундан безор. Чунки у ўз нафсига ёққанини қилиб, бошқалар билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Бундай кишининг вафоти тириклар учун мусибат эмас, балки роҳатдир. Бу ҳам ёмон хотима топиш аломатидир. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан жаноза ўтиб қолди. У зот: «Халос бўлибди ёки ундан халос бўлишибди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, халос бўлгани нимаю, ундан халос бўлишгани нима?» дейишди. У зот: «Мўмин банда дунёнинг машаққату озорларидан Аллоҳнинг раҳматига ўтиб қутулади, у халос бўлганидир. Фожирдан эса шаҳарлар, одамлар, дарахтлар ва ҳайвонлар қутулишади, ундан халос бўлишгани шу», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни ёмон оқибатдан асрасин, бизни дунё шармандалиги ва охират азобидан Ўзи сақласин!

Дониёр Файз

Top