Ўзбекистон | 17:25 / 12.03.2018
33937
3 дақиқада ўқилади

Илмларнинг диний ёки дунёвий дея ажратилиши қанчалик тўғри?

Нима учун бугунги кунда билимлар диний илм ёки дунёвий илм деб ажратилмоқда? Бу қанчалик тўғри? Ёшлар Пресс-клубининг диний масалаларга бағишланган учрашувида экспертлар шу ҳақида фикрлар билдиришди.

"Биз Имом Ал-Бухорий ва Имом Ат-Термизийлар билан бир қаторда Ибн Синолар, Улуғбеклар, Берунийлар авлоди эканлигимиз билан ҳам фахрланамиз ва бунга ҳақлимиз. Мирзо Улуғбекнинг "Зижи жадиди кўрагоний" китоблари ҳақида кўп гапирилган. У зот ушбу оламшумул китобларини нима билан бошлаганлар? "Осмонларда буржларни яратган, Ой ва Қуёшни яратган Аллоҳ таоло айбу нуқсонлардан покдир, улуғдир муаззамдир" деган маънони берувчи оят билан бошлаган. 

"Биз Мирзо Улуғбекнинг авлодимиз", деб мақтанар эканмиз, бир нарсани тушунишимиз керак. Аждодларимиз илмларни диний ё дунёвий деб ажратишмаган. Биз бугунга келиб, диний илмлар ва дунёвий илмлар деган масалаларни кўтаряпмиз, аслида бир бунга бошқачароқ қарасак,ўринлироқ бўларди. Дин билан илмни, эътиқодимизни қарши қўйиш нотўғридир. Диний билимлар фандан олган билимлар билан уйғун бўлиши кераклигини тушунишимиз керак. Шунда эътиқодимиз ҳам мустаҳкам бўлади", - дейди мутахассислардан бири.

Шу ўринда Ҳазрат Навоийнинг бу борадаги фикрлари келтириб ўтилди: "Навоий ҳазратлари ўз даврларида мавжуд бўлган илмий маълумотларни киритиш билан бирга эътиқодий масалаларни ҳам биргаликда берганлар. Дунё, ер курраси думалоқ. Думалоқ нарса жойида турмайди - у қўзғалиб, думалаб кетиб қолади. Модомики, ер думалоқ экан, демак, ер ҳам абадий эмас". Бу дегани ҳозир ёшларимиз илм-маърифатга қанчалик чанқоқ бўлса, уларни ҳар томонлама қуроллантириш вазифамиз. Уларни шундай ўқитишимиз керакки, олган билимлари диний эътиқодларига зид келмасин". 

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, диний эътиқод билим билан мустаҳкамланиши керак. Шунинг учун болаларга диний илмларни боғчалардан бериш таклиф этилаётгани, шунда болалар кичиклигидан ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бориши, катталарни ҳурмат қилишни ўрганиши таъкидланди.

Мавзуга оид