Жаҳон | 23:40 / 13.03.2018
17259
6 дақиқада ўқилади

АҚШнинг янги давлат котиби ҳақида нималар маълум?

© AP Photo/J. Scott Applewhite

АҚШ президенти Дональд Трамп Рекс Тиллерсонни Давлат департаменти раҳбарлигидан олди ва унинг ўрнига Марказий разведка бошқармаси собиқ директори Майкл Ричард «Майк» Помпео тайинлади.

«МРБ директори Майкл Помпео бизнинг янги давлат котибимиз бўлди. У янги лавозимида фантастик даражада ишлайди!», дея ёзди Трамп. Помпео ўзидан аввалги Рекс Тиллерсон каби дипломатик лавозимда барчасини нолдан бошлайди, унда бу соҳада тажриба йўқ, аммо у собиқ давлат котибидан фарқли равишда Вашингтонда махфий хизматларда тўпланган кўп йиллик тажриба бор. Қуйида АҚШнинг эндиликда ташқи сиёсатидаги асосий шахсининг биографияси, сиёсий йўли ва қарашлари тўғрисидаги маълумотлар келтирилади.

ГДР чегараларидан Калифорниягача
Майкл Помпео 1963 йилнинг 30 декабрида Калифорния штатининг Оринж шаҳарчасида дунёга келган. У қўшни Санта-Ама шаҳарчасидаги «Лос-Амигос» мактабида ўқиган. 19 ёшида у Нью-Йорк штати, Вест-Пойнтдаги ҳарбий академияга ҳужжат топшириб, ўқишга киради. 1986 йили Помпео 973 нафар битирувчи орасида машинасозлик борасида энг яхши даражали талаба бўлади.

Ҳарбий академияни тамомлаганидан кейин Помпео ҳарбий хизматга кетади ва 5 йилини армияда, Германия Федератив республикасининг Германия Демократик республикаси билан чегара ҳудудида ўтказади. 1991 йили капитан Помпео армиядан кетади.

Ҳарварддан космик саноатга
Армиядаги хизматдан қайтиб келгач, Помпео дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири бўлмиш — Ҳарвард университетига ўқишга киради. 1994 йили у юридик фанлар доктори даражасини олади. Таҳсил чоғида у Harvard Law Review журналида муҳаррир бўлиб ишлайди. Кейинги икки ярим йилни Помпео Колумбия округи, Вашингтон шаҳридаги Williams & Connolly юридик фирмасидаги ишига бағишлайди.

34 ёшида у авиация, мудофаа ва космик саноат учун қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган Thayer Aerospace & Private Security компаниясига асос солади. Компанияда у 2006 йилгача ишлайди, кейин ўз улушини Thayer га сотиб, нефть қазиб олиш учун жиҳозлар ишлаб чиқарувчи Sentry International компанияси президенти сифатида иш бошлайди. 2010 йилда эса у сиёсатга қадам қўйди —  Канзас штатидан Вакиллар палатасига сайланади. Ўшандан буён у 4 марта Конгрессдаги сайловларда ғолиб чиқди ва ультраконсерваторлар қанотининг кўзга кўринган вакилларидан бирига айланди.

Конгрессдан МРБга
2010 йилда ҳеч қандай сиёсий фаолият тажрибасига эга бўлмаган Помпео аввалига Республикачилар партиясида праймеризда ғолиб чиқишга муваффақ бўлади, кейинроқ Канзас штатида 4-сайлов округида 58,8 фоиз сайловчининг ишончини қозониб, Вакиллар палатасига сайланади.

Кейин у уч марта қайта сайланди (Вакиллар палатасига сайловлар ҳар икки йилда бир марта ўтказилади), у ҳар сафар Демократик партисидан бўлган рақибини 30 фоиздан ортиқ фарқ билан ортда қолдирарди. Вакиллар палатасида энергетика ва савдо бўйича, шунингдек, разведка бўйича қўмита (МРБ қошидаги) ташкил этилади.

2014 йилда у махсус қўмита таркибига киради, қўмита 2012 йилнинг 11 сентябрида Ливиянинг Бенгазиядаги консуллигига уюштирилган ҳужумни текширади. Бу ҳужум оқибатида АҚШнинг 4 нафар фуқароси ҳалок бўлганди, жумладан, элчи Жон Кристофер Стивенс. Помпео ва унинг партиядоши Жим Жордан ўша вақтдаги Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Америка махсус хизматлари ходимлари хавфсизлигини етарли даражада таъминламагани учун танқид қилинган доклад билан чиқишади. Улар Клинтонни Ливиядаги воқеалар ҳақида маълумотларни сир тутишда айблайди.

2016 йилнинг ноябрида АҚШ президентига айланган Дональд Трамп Помпеога Марказий разведка раҳбари лавозимини беради. Унинг номзоди Сенатда ўтказилган овоз бериш жараёни якунига кўра тасдиқдан ўтади (66 киши маъқуллайди, 32 киши қарши чиқади). МРБ директори сифатида у қийноқлар қўлланишига қарши қонунга риоя этиши, бошқарма фаолияти ҳақида Сенат қошидаги махсус қўмитани хабардор қилиб бориши ва Эрон билан ядровий келишувнинг амалдаги ижроси учун объектив таҳлилларни тақдим этиши керак эди.

Сиёсий қарашлар. Ички сиёсат
Помпео 2009 йили тузилган «Чойхўрлик» ҳаракати («партия ичидаги филлар»нинг консерватив-либертариан қарашларга эга кишилар томонидан тузилган) аъзоси бўлиб, солиқлар ва давлат харажатлари қисқартирилишини талаб қилувчилар томонида.

Ички сиёсат масаласида Помпео барча республикачилар каби айрича қарашларга эга. Хусусан, у абортларни тақиқлаш тарафдори, Трамп яқинда бекор қилган Барак Обама давридаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларга қарши бўлган, у шунингдек, глобал исиш оқибатлари ҳақидаги огоҳлантирувчи башоратларга ишонмайди ва шахсий қуролга эга бўлишга қарши чекловларга қарши ҳисобланади.

2013 йил апрелида амалга оширилган Бостон терактидан кейин Помпео Вакиллар палатасидаги йиғилишлардан биридан кейин мусулмонлар диний раҳнамосини террорчиликни жиддий равишда қораламагани учун айблаганди. Ўшанда Америка нашрлари унга «ислом билан курашувчи жангчи» деган тамға ёпиштиришгади.

Ташқи сиёсатдаги қарашлар
Марказий разведка бошқармаси раҳбари сифатида Помпео Россия «дунёдаги нуфузини агрессивлик билан тиклаб бораётгани» ҳақида гапирган, шунингдек, «Европага таҳдид қилаётгани», «ИШИД жангариларига қарши амалда ҳеч иш қилмаётгани» ҳақида таъкидлаганди.

2017 йил июлида у Коларода штатидаги Аспене шаҳарчасида хавфсизлик масалаларига бағишланган конференцияда Москва Суриядаги инқирозни бартараф этиш ҳаракатига АҚШни яна бир бор «тузлаб қўйиш» учун қўшилганини айтганди. Шу билан биргаликда у «руслар Сурияга киришига йўл қўйиш» минтақадаги кучлар мувозанати кескин ўзгариши ва «ҳудуд аҳолисининг ҳаёти янада қийинлашиши»га олиб келганини қайд этганди. МРБ директори ўшанда «Россияни АҚШнинг душмани деб ҳисоблайсизми?» деган саволга батафсил жавоб бера олмаган, «бу қийин мавзу» эканини айтиш билан кифояланганди.

Мавзуга оид