Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисий террорчиларги қарши жангларда шахсан ўзи иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабарида айтилган. Ас-Сисий бу сўзларни Миср қуролли кучлари томонидан террорчилар қўлидан ҳалок бўлган ҳарбийлар хотирасига бағишланган анжуманда айтиб ўтган.
“Террорчиликдан қутулиш учун ҳарбий кийим кийиб, зобитлар ва аскарлар билан елкама-елка жанг қилишга тайёрман”, деб айтган ас-Сисий. Унинг айтишича, “Миср оилалари юз миллион мисрлик тинчлик ва хавфсизликда яшаши учун юзлаб ўз ўғлонларини қурбон қилмоқдалар”.
Миср қуролли кучлари ва полицияси февралнинг илк кунлари Синай яримороли ва Мисрнинг қолган ҳудудларида катта кўламли аксилтеррорчилик амалиётини бошлади. Армия матбуот хизмати маълумотларига кўра, бу вақт ичида 120 нафар жангарини йўқ қилишга муваффақ бўлинган.