Ўзбекистон | 12:54 / 16.03.2018
17138
3 дақиқада ўқилади

Сайёр кассалар пенсия ва нафақаларни қандай тўлайди?

Фото: Uza

Молия вазирлиги ва Марказий банк Бошқарувининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Акциядорлик тижорат Халқ банки бўлинмалари орқали ишламайдиган пенсионерларга пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тўғрисида йўриқнома тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma. 
 
Эслатиб ўтамиз, 1.07.2017 йилдан бошлаб пенсия ва нафақаларни тўлаш функциялари почта бўлинмаларидан Халқ банки бўлинмаларига ўтказилган.
 
Йўриқномада пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни етказиб бериш, қайдномаларни расмийлаштириш, тўловлар тўланишини назорат қилишни ташкил этиш, тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни солиштириш қоидалари белгиланган.
 
Сайёр кассалар қуйидагиларни тўлайдилар:

• давлат пенсиялари;
• зарур иш стажига эга бўлмаган, кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар;
• болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақалар;
• бола туғилганда бериладиган нафақалар;
• дафн этишга нафақалар;
• автобензин сотиб олиш харажатлари учун ҳамда уй-жой-коммунал хизматлари тўловлари бўйича компенсация пул тўловлари;
• Ўзбекистон ҳудудида яшовчи, Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқароларга, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ҳар йили санаторийларда соғломлаштириш курсини олиш ўрнига компенсация пул тўловлари;
• Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқароларга ҳамда ядро полигонлари ва бошқа радиация- ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга йиллик бир йўла моддий ёрдам пуллари;
• 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахсларга йиллик бир марталик пул мукофотлари;
• пенсия ва нафақалардан алимент тўловлари;
• тугатилган ташкилотлар ходимларига уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарар суммалари. 
 
Кўрсатилган тўловлар Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан аҳолининг яшаш жойларига етказиб берилади ҳамда фуқаролар йиғинлари биноларида ёки бошқа маъмурий биноларда нақд шаклда топширилади. 
 
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, мустақил ҳаракатланиш ва тегишли тўловларни сайёр кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган шахсларга пул маблағлари бевосита уларнинг яшаш жойига етказиб берилади. Бундай шахслар рўйхати ҳар ойнинг 27-санасига қадар шакллантирилади ҳамда ҳудудий пенсия бўлимига электрон ва ёзма шаклда тақдим этилади.
 
Пул маблағларини етказиб бериш санаси ҳар бир фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кесимида, бироқ ҳар ойнинг 27-санасидан кечиктирмай белгиланади. Пенсия ва нафақаларни тўлаш муддати дам олиш ва байрам кунларига тўғри келганда, уларни тўлаш муддатидан олдин амалга оширилиши лозим.
 
Ҳужжат 14.03.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид