«Шиддатли ислоҳотлар». «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» кичик қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди
2018 йилнинг 15-16 март кунлари Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” Кичик қўмитасининг адлия, ички ишлар ва алоқадор масалалар бўйича навбатдаги йиғилиши ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мамлакат делегациясига Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов, Европа Иттифоқи делегациясига ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили П.Буриан бошчилик қилди.
Йиғилиш давомида кун тартибидан ўрин олган кенг кўламли масалалар юзасидан конструктив, очиқ ҳамда атрофлича фикр алмашилди.
Европа томони 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар демократик жараёнларини юқори баҳолади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар европаликлар томонидан “шиддатли” дея баҳоланди. Зеро, мазкур туб ўзгаришлар замирида инсон манфаатлари ётгани, барча соҳалардаги долзарб масалалар аҳоли билан очиқ, мақбул ечим излаш йўли билан муҳокама қилиниши таъкидланди.
Мунозаралар давомида терроризмга қарши кураш, чегара хавфсизлиги, шу жумладан, “БОМКА” дастури доирасидаги ҳамкорлик, ноқонуний гиёҳванд моддалар айланишига қарши кураш, қонуний ва ноқонуний миграцияни ва бошқа соҳалардаги истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.
Европа томони Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, қўшни давлатлар билан чегараларни делимитация ва демаркация жараёнларини ниҳоясига етказиш, чегарадош мамлакатлар билан яхши қўшничилик алоқаларини сезиларли равишда яхшилаш борасидаги Ўзбекистоннинг самарали фаолиятини ижобий баҳолади.
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим мамлакат эканлиги ва республиканинг минтақавий сиёсати бутун Марказий Осиё минтақаси учун устувор аҳамият касб этиши таъкидланиб, Европа Иттифоқи Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “Афғонистон – тинч келажак сари” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференциянинг долзарблигини қайд этди.
Коррупция Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларда, шунингдек, хусусий сектор ҳамда давлат бошқаруви соҳасидаги энг катта муаммолардан бири эканлиги эътироф этилар экан, Европа томони ушбу ижтимоий иллатга қарши курашда кескин чоралар кўриш бўйича давлатимиз раҳбариятининг кучли сиёсий иродаси борлигини таъкидлади.
Европа делегацияси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилган мисли кўрилмаган чора-тадбирларни, жумладан, 2700 нафар маҳбусни афв қилиш тўғрисидаги Президент Фармонини, Ўзбекистон фуқаролигига 1 минг 148 нафар кишини қабул қилиш, валюта бозорини либераллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирларни юқори баҳолади.
Шунингдек, Европа Иттифоқида суд ҳокимиятининг роли ва мустақиллигини ошириш, Президентнинг суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлашга доир Фармони қабул қилингани, жиноят ишларига доир суд ишини юритиш соҳасидаги ислоҳотлар, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назоратини таъминлашга қаратилган масалалар катта қизиқиш уйғотди.
Европа делегацияси томонидан “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг амалий ифодаси ҳисобланган, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилган Халқ қабулхоналарининг ўзига хос янги демократик институт эканлиги қайд этилди. Давлат органлари томонидан фуқаролар, жумладан чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли билан бевосита мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган чора-тадбирлар таъкидлаб ўтилди.
ЕИ аҳолининг турмуш сифати, сармоя ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни юксак баҳолаб, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, Адлия вазирлиги ҳузурида соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш масъулияти юклатилган Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилганини муҳим, дея қайд этиб ўтди.
ЕИ ахборот соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдириб, Ўзбекистоннинг фикр юритиш ва уни ифодалаш, ассоциациялар ва йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқи эркинлиги тарафдори экани, ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларнинг очиқлигини таъминлашдаги ижобий ўзгаришларни, фуқароларнинг ОАВга нисбатан ишончи ортганини юқори баҳолади.
Европа томони Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар билан юксак даражадаги ҳамкорлигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, 2017 йилда БМТ Бош котиби, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси, ЕХҲТ, ХНТ “Ҳьюман Райтс Вотч” ва бошқаларнинг ташрифи бундан далолатдир.
Мазкур ҳуқуқ ҳимояси йўналишидаги ишлар давом эттирилаётгани қайд этилар экан, 2018 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан фуқаролик жамияти институтларининг кенг иштирокида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан бошқа тадбирларнинг ўтказилиши режалаштирилаётгани бунинг яққол исботидир.
Йиғилиш конструктив ва очиқлик муҳитида ўтиб, кенг кўламли масалалар бўйича фикрлар алмашилди, ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мавзуга оид
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
17:26 / 08.11.2024