Тошкентда болаларни президент ва ихтисослаштирилган мактабларга тайёрловчи ўқув марказидан норози бир қанча ота-оналар Kun.uz'га мурожаат қилди.

2021 йилдан бери ишлаб келаётган бу марказ аввалига юқори сифатли таълим ва шароитларни ваъда қилиб, тўловларни ундиргач, мижозларни алдаб келаётгани, пулларни эса қайтармаётгани айтилмоқда.

“Ўғлимни Мирзо Улуғбек номидаги мактабга тайёрламоқчи эдим. Ўзим Instagram'дан қидирсам, шу ўқув марказининг профили чиқди. Кейин гаплашдим, улар фарзандимни тестга чақирди. Яккасаройдаги бош офисида тестдан ўтдик. Ўша ерда сотув менежери “чиройли” қилиб тушунтирди: “Даражасига қараб оламиз, характерига қараб ўқитамиз, рус ва ўзбек тилида гаплашадиган болалар алоҳида ўқийди, ўқитувчиларимиз инновацион методдан фойдаланишади”, деб роса қулоққа тепишди, менам ишонибман шуларга.

Uzum nasiya орқали бўлиб-бўлиб тўлашга расмийлаштириб, шу билан боламни дарсга берадиган бўлдим. Битта дарсига бориб, шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим. Гапирган гапига мос келмайдиган хизмат даражасидан умуман қониқмадим. Биринчи дарсдан кейин зудлик билан болам бошқа бормаслигини, келишувни бекор қилишни айтдим. Шу билан 1 сентябрдан бери югуриб юрибман. Пулимни қайтариб беришларини, Uzum nasiya'даги бўлиб-бўлиб тўлашни ўзим ёпишимни айтишганди, аммо пулимни ҳали ололганим йўқ. Нима эмиш, 12,9 млн сўмдан фақат 9,8 млн қайтарармиш-да, қолган сумма банкнинг комиссияси эмиш. Бу менинг муаммом эмас-ку”, – дейди шахсини очиқлашни истамаган оналардан бири.

У сўзларининг исботи сифатида Kun.uz'га бир нечта видеолар тақдим қилди. Тасвирларда дарсхонанинг таъмир ҳолати яхши эмаслиги, хонада суварак юргани, ўқитувчи машғулотни кечикиб бошлаши акс этган.

Икки фарзандини шу ўқув марказига берган оталардан бири ҳам марказ устидан шикоят қилди. Унинг айтишича, олдиндан қилинган 12 млн сўмлик тўловини бир йил деганда базўр қайтариб олган.

“2023-2024 ўқув йили бошида икки фарзандимни шу ўқув курсининг Юнусободдаги филиалига бергандим. 6 ойлик тўловни олдиндан олишди – 12 млн сўм. Ҳар куни дарсига ҳар хил ўқитувчи кирарди, на дарс жадвали амал қилади, на устозларнинг тайини бор.

Биринчи ой тугамасидан бир фарзандимни ўқитмаслигимни айтдим ва у ерда фақат битта фарзандим қолди. 2 ой тўлиқ ўтиб бўлганда ҳам боламнинг гуруҳи маълум эмасди. Ўқитувчи деганлари коллеж ёки олий таълим муассасаларини ҳали битирмаган талабалар эди. Ҳеч қандай тартиб-интизом йўқ, бирор марта болам дарсда ўтириб нимадир ўрганганини сезмадим. 3 ойдан кейин қизимни ҳам бу ерда ўқитмаслигимни айтиб, пулни қайтаришларини талаб қилдим.