Жамият | 18:00 / 20.03.2018
30552
2 дақиқада ўқилади

Собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон мустақиллиги йўлида махфий ташкилот тузган Миртемир Мирабдуллаев вафот этди

Фото: Facebook

Собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон мустақиллиги ғоясини кўтарган, ўтган асрнинг 60-йиллари охирида «Озод уюшма» ташкилотига асос солиб, мамлакат мустақиллиги учун советларга қарши борган Миртемир Мирабдуллаев 78 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Kun.uz» манбаси хабар берди.

Яширин ташкилот асосчиси ва раҳбари бўлган Миртемир Мирабдуллаев 1940 йил Тошкент шаҳридаги Бешёғоч маҳалласида туғилган.

2000 йили нашр этилган «Ўзбекистоннинг янги тарихи» китобининг иккинчи томида ёзилишича, Мирабдуллаев ўтган асрнинг 60-йилларида, ТошДУнинг сиёсий иқтисод кафедрасида ўқитувчи сифатида фаолият юритаётган вақтида мамлакат озодлиги ҳаракати ташаббускорлари бўлган ҳаммаслаклари билан «Озод уюшма» ташкилотини тузган. 

Уюшма аъзолари Ўзбекистон СССРдан ажралиб чиқиши ва мустақил давлат барпо қилиш, ўзбеклар бошқаларнинг ёрдамисиз ҳам ўз иқтисодиётини ривожлантиришга, мамлакатни ўзлари бошқаришга қодир, деган ғояга асосланган эди. Лекин «Озод уюшма» оёққа турмасдан, унинг ташкилотчиларидан бири бўлган Мирабдуллаев қамоққа олинади ва 1971 йил 31 августида Тошкент шаҳар суди томонидан унга ЎзССР ЖК 64-моддаси «миллатчи» тамғаси босилиб, жиноий жавобгарликка тортилади ҳамда 3 йилга қамалади. Фақат Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг адолат қарор топиб, 1992 йил баҳорида Миртемир Мирабдуллаев оқланган.