Жаҳон | 21:18 / 27.03.2018
16533
2 дақиқада ўқилади

Астана глобал молиявий марказлар рейтингига кирди

Фото: fotokto.ru

Қозоғистон пойтахти Астана шаҳри Лондон, Нью-Йорк, Токио, Сингапур, Дубай, Шанхай ва Абу Даби шаҳарлари билан бир қаторда, глобал молиявий марказлар рейтингига кирди (Global Financial Centres Index, GFCI), деб хабар бермоқда қозоқ матбуоти.

2018 йил январь ойида Астанада Халқаро молиявий марказ иш бошлади, айнан шу воқеа шаҳарнинг глобал молиявий марказлар рейтингига киритилишига сабаб бўлди.

GFCI рейтингига кўра, Астана Шарқий Европа ва Марказий Осиё топ-10 молиявий марказлари сафидан жой олди ва Будапешт, Санкт-Петербург, Алмати, Боку ва ҳудуднинг бошқа марказларидан ўзиб кетишга муваффақ бўлди.

GFCI рейтинги 2007 йилдан буён эълон қилинади ва молиявий марказларнинг рақобатбардошлигини акс эттиради.

Рейтингни тузишда Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти ва шу каби бошқа ташкилотларнинг 100дан ортиқ макроиқтисодий кўрсаткичларидан фойдаланилади. GFCI рейтингида «ишбилармонлик муҳити», «молиявий секторнинг ривожланиши», «инфратузилма омиллари», «инсон капитали» каби омиллар ҳисобга олинади. Унинг объективлигини таъминлаш учун, хорижий молиявий бозорлар вакилларининг фикри ҳам инобатга олинади.

Мавзуга оид