Нега инглиз ва бошқа хорижий тилларни ўрганаётганда 40дан ортиқ товушни ҳам чин юракдан ўрганамиз..? Ўз ОНА ТИЛИМИЗга келганда эса 3–4 ҳарф ёки товуш кўриниши ё шакли ўзгарса ҳам тоқатсизлик қиламиз?

Савол туғилади. Нега? Нега? Нега?

Дунёда бизга ўхшаган ўз тилини юқори санамайдиган, ўз тилининг мазмунини билмайдиган, ўз она тилини қадрламайдиган миллат бормикан, деб ўйлаб қоламан. Ўз тилининг муҳокамасини эшитиши билан «э-э» деб, юзини терс қилувчилар ҳам жамиятимизда афсуски, топилади. Уларни ким деб аташ сизга ҳавола. Ундайларни юзини тескари қилсин, деб сизни бироз тилимиз тарихига юзлантирсам (унлилар хусусида).

10 асрдан ортиқ фойдаланганимиз, эски ўзбек, яъни арабий ёзувда учта унли ҳарф (!) бўлган. Булар А, И, У холос. Халқимиз ҳам ўша пайтда «тилимизда 3та унли бор эканда» деб ўйлаб юришган экан. Ҳатто, У билан Ў ни битта, И ва Э ни битта, А ва О ни битта ҳарф ва товуш деб ҳисоблашган.

Ўша даврдаёқ тилимиздаги унлилар сони 3тадан кўплиги ва араб ёзуви ўзбек тилининг табиатини акс эттирмаслигини англаган давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур, ўзининг «Хатти Бобурий» ёзувини таклиф қилган. Бу ёзув анча қулай, ўзбек тили табиатига яқинроқ, арабий ёзув асосида эди. Лекин, ўша даврдаги «авом» ва диний мутаассиблар буни тушунмасдан Бобурнинг бу ҳаракатларини, ҳатто «шаккок»ликка йўйишганди. Афсуски, тилимиздаги товушларни тўкис акс эттиришга бўлган бундай тоқатсизлик ва ёв қараш жамиятимизда, тушунарсиз ҳолда ҳали ҳам бор. Бугун ҳам жамиятимизда шундай ташаббус эгаларини ўша даврдагидай «шаккок»ка чиқаришади.

Арабий ёзувни ўзига қабул қилган форслар эса, биздан фарқли ўз тиллари эҳтиёжидан келиб чиқиб, ўзларида мавжуд бўлган бир нечта товушларни қўшишган. Натижада, ўз тиллари ўзлигини ҳозирги кунгача ҳам яхши сақлаб қолишган.

Ўтган асрнинг 20-йилларида, лотин ёзувига ўтиш жараёнларида унлилар масаласида тортишувлар бошланиб, «Тилимизда нечта унли бор?» деган савол ўртага ташланди. Ўша даврда ўзбек адабий тил учун асос қилиб олинган, энг кўп аҳоли сўзлашадиган Қарлуқ лаҳжасига тўхталиниб, унда нечта унли борлиги ўрганилди. Энг охирги вариант 9та унли танланган (унлилар ўша давр талаффузида максимал даражада кўрсатилган).

Кейинги ўзгартиришлар натижасида 1934 – йилда, кейинчалик аниқлик киритиш шарти билан шартли равишда аввал 8, кейин 7 ва 6тага туширилди (шошма-шошарлик билан). 1937 – йилда бу борада аниқ қадамлар ташланиб энди янги қоида, барча ўзлашган сўзларни ўзбек тилининг «темир қонуни»га бўйсундиришга асосланган, эътиборга молик, янги алифбо лойиҳаси тақдим этилди. Бу лойиҳа бошқаларидан фарқли ҳар қандай ўзлашма сўз ҳам биринчи навбатда ўзбек тили оҳангида турдош унли ёки ундошга мослашган ҳолда қабул қилинади. Айни пайтда бу тилимиз оҳангида «евро талаффуз» пайдо бўлишини олдини оларди (бу мавзуга кейинги мақолларда тўхталамиз). Лекин бу лойиҳа ҳам иккинчи жаҳон уруши сабаб тўхтаб қолган.